Кириш Регистрация
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия 0-3 Нидерландия
03/07 00:00 Австрия 0-1 Туркия
03/07 06:00 Бразилия - Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика - Парагвай

Тақдир: Футбол сабаб Ватан алмашганлар

Баҳо:
+ | -

Яқинда ФИФА асли бразилия­лик Диего Костага Испания терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берди. Ана шу воқеа Chаmpionat.com сайти ижодкорларини айнан футбол туфайли жонажон ватанларини ўзгартиришган машҳур юлдузлар ҳақида ҳикоя қилишга журъат этди.

Ҳа, сўнгги пайтларда ўз миллий терма жамоаларида майдонга тушишга улгуришмаган иқтидорли ўйинчиларни бош­қа давлатларга жалб этиш анъана тусини олмоқда. Табиийки, бундай шарафга лойиқ кўрилган легионерларга ўша иккинчи мамлакат фуқаролиги ҳам тақдим этилади. Эътиборлиси, «хонакилаштирилган» футболчилар қитъа ва жаҳон бўйича ўтказиладиган нуфузли турнирларда зафар қучаётган терма жамоаларнинг асосий ўйинчиларига ҳам айланишмоқда. Тўғри, бу каби воқеалар азалдан футбол оламида кузатилган. Мисол тариқасида афсонавий Ференц Пушкаш, Альфредо Ди Стефано, Ладислао Кубалани келтириш мумкин. Пушкаш 2та мамлакат термасида, Ди Стефано 3та, Кубала эса нақ 4та миллий жамоа­да тўп сурган. Бу футболчиларнинг даврида ҳеч қандай таъқиқ йўқ эди. Бироқ ҳикоямиз бугунги чарм тўп усталари ҳақида...

Диего Коста
Футбол туфайли ўзга мамлакат фуқаролигини қабул қилган сўнгги легионер Диего Костадир. Узоқ вақт давомида «пентакампеонлар» мураббийлар штаби бу ҳужумчининг иқтидорига бефарқ қаради. Кейин эндигина терма жамоадан таклиф олган футболчига испанлар ҳам қизиқиш билдиришди. Коста якунда амалдаги жаҳон ва Европа чемпионини афзал кўрди: «Тўғри, мен Бразилияда туғилиб улғайдим. Лекин Испания - менинг борлиғим».

Мауро Каморанези
Бу футболчи Аргентинада дунёга келган. Аммо бобоси ва бувиси шу мамлакатга Италиядан кўчиб боришган. Мауро 27 ёшга тўлганида, «Скаудра Адзурра»дан таклиф олди. Шу пайтгача «Альбеселест» мутасаддилари эътибор қаратишмагани боис футболчи италияликлар чорловини қабул қилди. Натижада Марчелло Липпи жамоасининг етакчи аъзоларидан бирига айланди ва ЖЧ-2006да жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.
 
Тьяго Мотта
Мотта вақтида дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячилари қаторида эътироф этилган бўлсада, кетма-кет орттирилган жароҳатлар маҳоратини тўлиқ намойиш этишига имкон бермади. Натижада Бразилия терма жамоаси таркибида бор-йўғи 2 марта майдонга тушди. Футболчини «Интер»га ўтиши шу қадар омадли чиқдики, қисқа вақт ичида Италия терма жамоаси мураббийлари эътиборига тушди. Жумладан, шахсан Чезаре Пранделлининг ўзи Тьягони миллий жамоада кўришни хоҳлашини айтди. 2012 йили италияликлар қитъа биринчилиги финалига қадар етиб боришди. Лекин атиги бир неча дақиқа тўп сурган Мотта яна жароҳатланиб, майдонни тарк этди.
 
Деку
Бразилияда миллий терма таркибидан жой олишга даъвогарлик қиладиган иқтидор соҳиблари тиқилиб ётибди. Айнан шу сабаб Деку ҳам бош жамоа раҳбарлари назаридан четда қолганди. Бундан унумли фойдаланган португалия­ликлар жамоанинг ўша пайтдаги етакчилари - Луиш Фигу ҳамда Руи Коштанинг қаршиликларига қарамай, Декуни термага таклиф этишди. Буни қаранг­ки, Деку дебют беллашувида айнан Бразилия дарвозасига ғалаба келтирувчи тўпни йўллаб, аламдан чиқди. Чунончи, Португалия термаси узоқ 1966 йилдан буён бу жамоани енголмасди. Фигу ўз фаолиятини якунлаганидан кейин етакчилик Декуга ўтди. 2004 йилги қитъа биринчилигида мусобақа мезбонлари айнан унинг маҳорати эвазига кумуш медални қўлга киритишди.
 
Пепе
Бразилиялик яна бир иқтидор соҳиби - Пепе ҳам Декунинг қисматини татиб кўрди. Ваҳоланки, Бразилия терма жамоасида доимо ишончли ҳимоя­чилар танқислиги кузатиларди. Пепе 18 ёшида Бразилияни тарк этган, Португалияда 5 йил тўп сурганидан кейин шу мамлакат терма жамоаси таклифига розилик берган. Шундан бери терма жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлиб келмоқда.
 
Маркос Сенна
Бу футболчи кўпчилик ватандошларидан фарқли ўлароқ, 26 ёшга тўлганида «Вильярреал» чақирувига асосан Бразилияни тарк этди. Унинг маҳорати эса 30 ёшга яқинлашиб қолганида юзага чиқди. Табиийки, бу пайт Маркос ҳеч қандай терма жамоани орзу қилмаётганди. Бироқ Луис Арагонес бундай фикрда эмасди. У Сеннани Испания термасига қабул қилди. Шу тариқа Евро-2008 олтин медалини қўлга киритган футболчи якунда турнирнинг рамзий терма жамоаси сафидан жой олди. Шундан кейин Сенна халқаро даражадаги фаолиятига нуқта қўйди.
 
Эдуардо Да Сильва
Бразилиялик бу ҳужумчи 15 ёшида Загребнинг «Динамо» клуби ёшлари сафидан жой олди. Кейин 8 йил давомида Хорватияда тўп сурди. Ҳужумчининг иқтидорини муносиб баҳолаган мутахассислар унга Хорватия фуқаролиги ҳамда терма жамоада ўйнашни таклиф қилишди. Ўша пайт Бразилия терма жамоасининг ҳужум чизиғи Роналдо, Адриано, Роналдиньо ва Ро­биньо каби юксак иқтидор соҳиблари томонидан банд этилгани боис Эдуардо чорловни мамнуният билан қабул қилди. Аммо ўта оғир жароҳат уни Евро-2008да тўп суришдан маҳрум этди. 2012 йили эса хорватлар Испания ва Италия билан бир гуруҳдан жой олиб, кейинги босқичга чиқолмадилар.
 
Эммануэль Олисадебе
Польша терма жамоаси таркибида майдонга тушган дастлабки қора танли ўйинчи. У 1997 йили Варшаванинг «Полония» клубига келганди. 2000 йилда Польша фуқаролигини қабул қилган Олисадебе Руминия билан бўлган ўртоқлик учрашувида ўз дебютини нишонлади. Дарвоқе, мамлакат футболи мутасаддилари нигериялик футболчининг миллий жамоа таркибига жалб этилишига қаршилик қилишганди. Бироқ Польша футболининг бетакрор афсонаси Збигнев Бонек уларни кўндирган.

Жеральд Асамоа
Ганалик ҳужумчи эса немислар термасидан ўрин олган биринчи қора танли футболчи бўлди. У 16 ёшли пайти немислар юртига ташриф буюриб, бундеслигада 7 йил тўп сурди. Ана шу давр ичида мураббийлар назарига тушди. Натижада 2001 йили Германия фуқаросига айланиб, миллий жамоага жалб этилди. Авлодлар алмашинуви жараёнини бошдан кечираётган жамоанинг Асамоадан умиди катта эди. Бироқ Жеральднинг «немис машинаси»даги фаолияти унчалик омадли чиқмади.
 
Какау
Асамоа тажрибаси германияликларни унчалик хушнуд этмаган бўлсада, хорижликларни «хонакилаштириш» давом эттирилди. 2009 йили улар 18 ёшида Германия­га келган бразилиялик ҳужумчини бош жамоага таклиф этишди. Тўғри, Какау «бундестим»нинг асосий ҳужумчиси даражасига чиқолмади. Лекин керакли пайт захирадан майдонга тушиб, жамоага манфаат келтира олди. Какау терма жамоадаги фаолиятини 2012 йили якунлади.

Айтганча, хорижий футболчиларни «маҳаллийлаштириш» МДҲда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Фабио Луис Рамим, Андреа Ладага, Леандро Гомес ва Бранамир Субашич Озарбайжон, Энрике Луваннор Молдова, Эдмар ҳамда Марко Девич Украина, Маркос Пиззелли Арманистон ва Ренан Брессан Беларусь термаси сафидан жой олишган. Ўзбекистон миллий жамоаси сафида эса Владимир Маминов, Олег Пашинин, Руслан Агаларов (Россия), Алексей Дионисиев ва Георги Георгиев (Болгария) маълум муддат тўп суришганини яхши эсласангиз керак.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:08, 26.12.2013.
Ўқилди: 6162 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.