Барча-барчани кириб келган янги 2014 йил билан чин қалбимиздан муборакбод этишга рухсат бергайсиз. Спортчилар ҳар 4 йилда бир марта “Олимпиада йили”ни нишонлашса, футбол аҳли учун эса кириб келган йил “Мундиал йили” ҳисобланади. ЖЧда ўз терма жамоаси иштирок этмаса ҳам, бу мусобақа барчани ўзига ром этади. Биз ўзбек футбол мухлислари ҳам ана шу турнирни кутиб яшаймиз, у билан ўзимизни овутамиз.
Азиз мухлислар, бундан роппа-роса 2 йил аввал Stadion.uz сайти ўз фаолиятини бошлаганди. Тебранишлар билан ўз йўлида давом этаётган сайт 2 ёшга тўлибди. Тан олиш керак, шу давр мобайнида сайт баъзан жуда суст ишлаган бўлса, баъзан энг юқори даражада мухлисларга хизмат қилди. 2014 йилдан бошлаб эса веб-сайт фақат стабил ва энг юқори савияда ишлайди ҳамда фақат олдинга қараб интилади. Бунга ваъда берамиз.
Янги йилнинг илк кунида яхши ниятлар қилинади, режалар тузилади. Биз ҳам сизни байрам билан табриклаш баҳонасида ўзимизнинг айрим режаларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз. Демак, 2014 йил давомида Stadion.uz’дан “яшасангиз” нималардан баҳраманд бўлишингиз мумкин?
Йилнинг барча йирик мусобақалари сайтимиз орқали кенг ёритиб борилади. Улар:
11-26 январь. Уммон. Ёшлар (U22) ўртасида Осиё чемпионати;
7-23 февраль. Сочи (Россия). Қишки олимпия ўйинлари;
Февраль – ноябрь. Осиё чемпионлар лигаси-2014;
Март – ноябрь. Олий лига-2014, Ўзбекистон кубоги, Биринчи лига;
30 апрель – 10 май. Футзал бўйича Осиё чемпионати;
12 июнь – 13 июль. Бразилия. Жаҳон чемпионати;
6-20 сентябрь. Таиланд. Ўсмирлар (U16) ўртасида Осиё чемпионати;
19 сентябрь - 4 октябрь. Инчхон (Жанубий Корея). Осиё Ўйинлари;
9-23 октябрь. Мьянма. Ёшлар (U19) ўртасида Осиё чемпионати.
Шунингдек, ҳозирда давом этаётган ЕЧЛ, Европа лига ва Европанинг кучли миллий чемпионатларини ёритиб боришда давом этамиз. Ҳар қандай спорт мусобақаларини эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қиламиз.
Ушбу мусобақаларни сизларга етказиш услубини эса ҳозирча сир сақлаймиз. Энг асосийси, бундан кейин барча нарса мухлислар учун қулай тарзда тақдим этилади.
Худди спорт мусобақаларида бўлгани каби, сайтимиз ҳам янги циклга қадам босмоқда. Мираброр Усмонов таъбири билан айтганда, 2 йиллик вақт сайт учун пойдевор ўрнатиш даври бўлди. Энди эса чемпионлик учун жиддий курашишга бел боғлаганмиз. Қисқа қилиб айтганда, янги йилда янги “Stadion”га гувоҳ бўласиз!
Барча мухлисларга, ўзбекистонликларга янги йилда соғлик-саломат тилаймиз. Ўзбек футболидаги ютуқларни биргаликда нишонлаш насиб этсин!
Stadion.uz ижодкорлари