Австралиянинг Сидней шаҳрида теннис бўйича ўтказилаётган “Apia International Sydney” халқаро турнирининг яккалик баҳсларида чорак финалга чиққан ракетка усталари маълум бўлди.
Эътиборлиси, мусобақа ғолиблиги учун курашни давом эттираётган саккиз нафар теннисчи қаторидан ҳамюртимиз Денис Истомин ҳам ўрин эгаллади.
Мукофот жамғармаси 452.670 АҚШ долларини ташкил қилган мазкур халқаро турнирда ҳамюртимиз дастлаб испаниялик Пабло Андухарни 6-1, 6-2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, нимчорак финалда хорватиялик Марин Чилич (Хорватия)ни 6-3, 6-4 ҳисобида енгди.
Энди Денис Истомин ярим финалга бериладиган йўлланма учун мазкур халқаро турнирда тўртинчи рақам остида сараланган россиялик Дмитрий Турсуновга қарши кортга тушади. Россиялик теннисчи нимчорак финалда чехиялик Лукаш Росолни 3-6, 6-3, 6-3 натижаси билан мағлубиятга учратди.
Қуйида ¼ финалда баҳс юритадиган жуфтликлар берилган:
Хуан Мартин Дель Потро (Аргентина, 1) – Радек Штепанек (Чехия)
Дмитрий Турсунов (Россия, 4) – Денис Истомин (Ўзбекистон)
Сергей Стаховский (Украина) – Маринко Матошевич (Австралия)
Бернард Томич (Австралия) – Александр Долгополов (Украина)