Австралиянинг Мельбурн шаҳрида теннис бўйича ўтказилаётган “Улкан тож” туркумига кирувчи дунёдаги тўртта энг йирик мусобақалардан бири Австралия очиқ чемпионатида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин зафарли одимлашда давом этмоқда.
Яккалик баҳсларининг биринчи босқичида Маркос Багдатисни 6-4, 7-5, 6-4 ҳисобида мағлуб этган ҳамюртимиз, иккинчи босқичда россиялик Дмитрий Турсуновдан 7-6 (7-3), 4-6, 6-1, 6-4 ҳисобида устун келиб, учинчи босқичга чиқди. Ёдингизда бўлса, Денис Истомин шу йилнинг 6-11 январь кунлари Сидней шаҳри (Австралия)да ўтказилган халқаро турнирнинг чорак финалида Дмитрий Турсуновга имкониятни бой берган эди. Австралия очиқ чемпионатида ҳамюртимиз бир пайтнинг ўзида ушбу мағлубият аламини ҳам олди.
Учинчи босқичда Денис Истомин дунё рейтинг жадвалида 2-ўринда бораётган сербиялик Новак Жоковичга қарши кортга тушади. Новак Жокович иккинчи босқичда аргентиналик Леонардо Майерни 6-0, 6-4, 6-4 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Эслатиб ўтамиз, Денис Истомин мазкур нуфузли мусобақанинг жуфтликлар баҳсида Михаил Елгин (Россия) билан баҳсларга киришади. Ушбу жуфтлик дастлабки босқичда мусобақада 11-рақам остида сараланган франциялик Жюльен Беннето ва Эдуар Роже-Васслен дуэтига қарши кортга тушади.