Эртага Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)да қўмита йиғилиши бўлади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, йиғилишда Россияда ўтадиган ЖЧ-2018 ва 2019 йилги Осиё Кубоги саралашини қўшиб ўтказиш масаласи кўриб чиқилади.
Таклиф этилаётган вариантга кўра, ОФКга аъзо 47 мамлакат 12 та саралаш гуруҳига тақсимланади. Ана шунда 11 та саралаш гуруҳида 4 тадан терма жамоа, битта гуруҳда 3 та терма жамоа ўрин олади.
Гуруҳ ғолиблари бўлган 12 терма жамоа ОК-2019 финал босқичи йўлланмасини кафолатлаш билан биргаликда, ЖЧ саралаши сўнгги босқичда иштирок этишади.
Қизиқ жиҳати, ўз гуруҳларида 2-ўринни олган яна 12 терма жамоа ҳам ОК-2019 финал босқичига йўл олади. Чунки Осиё кубоги-2019 да 24 та миллий терма жамоа иштирок этиши кутилмоқда. Демак, ОФК чақирув кубоги деган мусобақага барҳам берилади.
Энди, ЖЧ саралаши сўнгги босқичига йўл олган 12 терма жамоа саралашни қандай давом эттиришига қизиқаётган бўлсангиз керак. Маълумки, Осиё минтақаси учун ФИФА 4,5 та ўрин ажратган.
Ҳамюртимиз Авазбек Бердиқулов анча олдин матбуотда 12 та терма жамоа иштирок этувчи сўнгги саралаш босқичи қандай бўлмоғи лозимлиги борасида ўз фикрларини баён этган эди. Унга кўра, 4 тадан терма жамоа ўрин олган 3 та гуруҳ ҳосил қилинади. Уй-сафар тизимида ўйинлар ўтказилгач, гуруҳ ғолиблари бўлган 3 та терма жамоа тўғридан-тўғри ЖЧ йўлланмасига эга чиқишади. 2-ўринни олган терма жамоалардан иккитаси (қуръага кўра) ўзаро плей-оффда ЖЧнинг яна бир йўлланмаси учун баҳс олиб боришади. Яна бир иккинчи ўрин эгаси қитъалараро плей-оффда қатнашади.
Лекин яна бир жиҳатни ёдда тутиш лозимки, ОФК асосий ҳомийлари билан ЖЧ саралашининг сўнгги босқичини камида ҳозиргидек сақлаб қолиш борасида битим имзолаган. Шу нуқтаи назардан ёндашсак, ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида 6 тадан терма жамоа ўрин олган 2 та гуруҳ шакллантирилади. Гуруҳларда 5 тадан терма жамоа ўрин олса ҳам, 6 тадан терма жамоа ўрин олса ҳам 10 та тур ўтказилади. Фарқи, ҳар бир турда бирор терма жамоа дам олмайди. 2 та гуруҳда йўлланмалар қай тариқа тақсимланишини кўргансиз, биласиз.
Икки саралаш мусобақасининг бирлаштирилиши Япония, Жанубий Корея, Австралия каби қитъамиз грандларининг Осиё Кубоги саралашларида иштирок этишни унчалик истамаётгани билан тушунтириш мумкин. Бу ҳақда ОФКда ишлаб қайтган ҳамюртимиз Алишер Никимбаев ўз интервьюсида айтиб ўтган эди. Уларнинг инжиқлиги сабабли, 2007 йилдан Осиё Кубоги совриндорлари кейинги турнирнинг саралаш ўйинларидан озод қилинган эди.