Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида 6-бор ўтказилаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар аъзоси ярим финалга чиқди.
Қитъанинг энг иқтидорли ёш боксчилари иштирокида ўтаётган мазкур чемпионатда Абдулҳай Шораҳматов (-52 кг), Фазлиддин Мелибоев (-60 кг), Маҳмуд Ғоипов (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг), Козимбек Мардонов (-75 кг) ва Азиз Шукуров (-81 кг) ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, олтин медаллар учун курашни давом эттиришяпти.
Эътиборлиси, юқорида номлари зикр этилган спортчиларимиз ярим финалга етиб келиб, камида бронза медалини нақд қилиб қўйдилар.
Бугун барча вазнларда ярим финал жанглари ўтказилса, Осиё чемпионлари номи 30 январь куни маълум бўлади.