Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида бугун финал жанглари ўтказилади. Қувонарлиси, Осиё чемпионлиги учун кечадиган ҳал қилувчи жангларда бир йўла олти нафар ҳамюртларимиз рингга кўтарилади.
Кеча бўлиб ўтган ярим финал баҳсларида Абдулҳай Шораҳматов (-52 кг) муғулистонлик Эрденбат Ценбаатарни, Маҳмуд Ғоипов (-64 кг) япониялик Ташихиро Сузукини, Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг) қозоғистонлик Илья Очкинни, Козимбек Мардонов кореялик Ён Жу-Хони, Азизбек Шукуров (-81 кг) қирғизистонлик Канат Матековни, Асилбек Солиев (-91 кг) эса Қирғизистон терма жамоасининг яна бир аъзоси Мурат Амиражановни енгиб, олтин медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлдилар.
Терма жамоамизнинг икки нафар аъзоси Фазлиддин Мелибоев (-60 кг) ва Шоҳрухбек Эркинов (+91 кг) Осиё чемпионатининг бронза медалларига сазовор бўлдилар.
Шу тариқа Ўзбекистон ва Қозоғистондан - 6 нафардан, Жанубий Корея, Сурия ва Ҳиндистондан - 2 нафардан, Таиланд ҳамда Тожикистонда - 1 нафардан спортчи финалда ғолиблик учун кураш олиб борадилар.
Қуйида финал жангларининг барча жуфтликлари берилган:
49 кг. Хан Ён-Хун (Ж.Корея) - Зани Наринрам (Таиланд)
52 кг. Абдулҳай Шораҳматов (Ўзбекистон) - Гаурав Соланки (Ҳиндистон)
56 кг. Султан Заурбек (Қозоғистон) - Ан Бюнг-Ик (Ж.Корея)
60 кг. Абдулҳай Жусупов (Қозоғистон) - Аҳмад Госун (Сурия)
64 кг. Маҳмуд Ғоипов (Ўзбекистон) - Аян Калибаев (Қозоғистон)
69 кг. Бектемир Мелиқўзиев (Ўзбекистон) - Шаҳбоз Ниғматуллоев (Тожикистон)
75 кг. Козимбек Мардонов (Ўзбекистон) - Камал Синҳ (Ҳиндистон)
81 кг. Азизбек Шукуров (Ўзбекистон) - Вадим Казаков (Қозоғистон)
91 кг. Асилбек Солиев (Ўзбекистон) - Темирлан Кабиев (Қозоғистон)
+91 кг. Тони Ата Аллаа (Сурия) - Элдоз Кадирбаев (Қозоғистон)
Финал жанглари бугун ўтказилади ва барча спортчиларимизга бўлажак баҳсларда омад ва зафарлар тилаб қоламиз.