Ўзбекистон боксчилари Бишкек шаҳрида ўтган халқаро турнирда битта олтин ва иккита кумуш медалга сазовор бўлди. Бокс бўйича анъанавий халқаро турнирда дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан 180 нафардан зиёд чарм қўлқоп устаси ўнта вазн тоифасида ғолиблик учун рингга чиқди.
Истеъдодли ёш боксчиларимиздан Ботирали Мамажонов 81 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Саралаш учрашувларида туркманистонлик Арслонбек Очилов ва қирғизистонлик Эркин Одилбек ўғлини мағлубиятга учратган боксчимиз финалда қозоғистонлик Ерасил Сейфолдановни катта устунлик билан енгди.
Халқаро турнирда 64 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда мезбонлар вакили Иззат Шермуҳаммедов, Эсен Раҳматов, қозоғистонлик Серик Тулеутайни енгган Анвар Туропов ҳамда вазни 91 килограммдан оғир вазндаги боксчилар ўртасидаги жангларда қирғизистонлик Мурод Омурканов, хитойлик Аҳмад Маматдан устун келган Баҳодир Жалолов кумуш медаль билан тақдирланди.