Воронов Артем Андреевич – 1993 йил 26 март куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 2005 йилдан буён тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Халқаро тоифадаги спорт устаси.
Терма жамоа таркибида Австрия, Германия, Италия, Франция, Қозоғистон, Корея каби қатор давлатларда ўтказилган халқаро турнирларда иштирок этган. 2009, 2010 ва 2012 йилларда ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатлари қатнашчиси. 2011 йили ўтказилган қишки Осиё ўйинлари иштирокчиси. Мазкур қитъа ўйинларидан сўнг халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига сазовор бўлган.
Артем Воронов Қозоғистон ва Эрон давлатларида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати совриндори. Сочи-2014 ўйинлари йўлланмасига 2013 йилнинг август-сентябрь ойларида Янги Зеландияда ўтказилган мусобақаларда эга бўлди ва бўлажак мусобақага Италия, Австрия ва Швейцарияда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари орқали тайёргарлик кўрди.
Артем Воронов Олимпиада ўйинларидаги иштирокини 13 февраль куни тоғ чанғисининг суперкомбинация бўйича ўтказиладиган мусобақаларида бошлайди. Мазкур мусобақалар Тошкент вақти билан соат 12:00да бошланади. 16 февраль куни Артем тоғ чанғисининг супергигант мусобақасида иштирок этса (Тошкент вақти билан соат 12:00да бошланади), 22 февралда слалом бўйича ўтказиладиган мусобақада стартга чиқади (Тошкент вақти билан соат 17:45да бошланади).
***
Григорьева Ксения Игоревна – 1987 йил 25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 2003 йилдан тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Халқаро тоифадаги спорт устаси.
Тажрибали спортчимиз Германия, Қозоғистон, Корея, Эрон каби кўплаб давлатларда ўтказилган халқаро турнирларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган.
Ксения Григорьева 2010 йил Ванкувер шаҳри (Канада)да бўлиб ўтган XXI қишки Олимпиада ўйинларида слалом гигант бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирок этган.
2011 ва 2013 йилларда ўтказилган жаҳон чемпионати қатнашчиси. 2011 йили Қозоғистонда ўтказилган қишки Осиё ўйинларида 4-ўринни банд этган.
Сочи-2014 қишки Олимпиада ўйинлари йўлланмасига 2013 йилнинг август – сентябрь ойлари Янги Зеландияда ўтказилган мусобақада сазовор бўлди ва бўлажак мусобақага Италия, Австрия, Швейцария каби давлатларда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари орқали хозирлик кўрди.
Ксения Григорьева Сочи-2014 ўйинларидаги иштирокини 21 февраль куни тоғ чанғисининг слалом йўналиши бўйича ўтказиладиган баҳслар орқали бошлайди (Мусобақа Тошкент вақти билан соат 17:45да бошланади).
***
Ге Миша Цзюнович – 1991 йил 17 май куни таваллуд топган. 2010 йилдан музда нафис учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Халқаро тоифадаги спорт устаси.
Терма жамоамиз таркибида Франция, АҚШ, Австрия, Туркия, Германия, Япония, Хитой, Болгария, Польша каби ўндан зиёд халқаро турнирлар қатнашиб кўплаб совринли ўринларни қўлга киритди.
7-23 февраль кунлари Сочи шаҳрида ўтказиладиган қишки Олимпиада ўйинлари йўлланмасига 2013 йилнинг март ойида Канаданинг Лондон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кучли 16 нафар спортчи қаторидан ўрин эгаллаб сазовор бўлган. Иқтидорли спортчимиз АҚШ, Хитой каби қатор давлатларда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари орқали бўлажак ўйинларга хозирлик кўрди.
Миша Ге 13 февраль куни қисқа дастур бўйича ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этса (мусобақа Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади), 14 февраль куни эркин дастур бўйича ўтказиладиган мусобақада ғолиблик учун баҳс юритади (мусобақа Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади).
Барча спортчиларимизга Сочи-2014 Олимпиада ўйинларида омад ва зафарлар тилаб қоламиз.