RMA - бизнес мактаби «Спорт ўйинлари менежменти» факультети талабалари навбатдаги амалиётни Лондоннинг «Фулхэм» клубида ўташди. Табиийки, бўлажак мутахассисларни Лондон клуби молиявий ҳолати, ташкилий масалалар кўпроқ қизиқтирарди.
Талабаларнинг саволларига «Фулхэм»нинг савдо ишлари бўйича директори Майк МакСвини батафсил жавоб қайтарди.
- Жамоангизни грандлар қаторига қўшишнинг иложи йўқ: «Фулхэм» на нуфузли совринлар, на замонавий стадионга эга. Устига-устак, Лондонда жойлашгани боис «Арсенал», «Челси» ва «Тоттенхэм» каби гигантлар билан рақобатлашишига тўғри келади. Айтингчи, жамоа ниманинг ҳисобига грандлар чангалидан ўз насибасини тортиб олишга имкон топмоқда?
- Биринчи навбатда, мазкур бозорда ўзлигини намойиш этиш ҳисобига. Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, жамоамиз ўта камтарин, нуфузли совринларга эришолмаган. Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ўз ўрнимизни жуда яхши биламиз. Тараққиётимиз кўп жиҳатдан маркетинг билан боғлиқ. «Челси» ёки «МЮ» сингари машҳур жамоа эмаслигимизни яхши тушунган ҳолда, асосий эътиборни ички бозор, Лондонга қаратганмиз. Бизга кўҳна тарихимиз қўл келмоқда. Пойтахтнинг илк футбол клуби сифатида ўзига яраша ҳурматга эгамиз. Жамоамизда Жонни Хейнс, Бобби Робсон, Жорж Бест ва Жорж Коэн каби футбол даҳолари тўп суришган...
Стадионимиз хусусида эса қуйидагиларни таъкидлашим мумкин: албатта, у «Эмирейтс» эмас, бизда бундай қулайликлар йўқ, сиғими ҳам кичкина. Бу жиҳатлар бўйича «Арсенал» билан баҳслашолмаймиз. Лекин бир жиҳатдан яққол устунликка эгамиз: стадионимиз - «Крэйвен Коттеж» ўзининг дастлабки қиёфасини сақлаб қолган. Бу ерга келган мухлис ўтган асрнинг 30-60-йиллари футболини яққол тасаввур қилиш имкониятига эга. Биз бу тарихни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаймиз.
Энди бевосита рақобат мавзусига тўхталиб ўтсак. Ўзимиздаги мавжуд омиллар эвазига нафақат юқорида номлари зикр этилган грандлар, балки Лондондаги барча маданий-маърифий муассасалар, театр, кино ва музейлар билан ҳам мухлислар учун кураш олиб борамиз. Лондон - шунчаки мегаполис эмас. У энг йирик сайёҳлик маркази ҳамдир. Шундай экан, футболга озми-кўп қизиқадиган меҳмонларни ўз стадионимизга жалб этиш борасида тинимсиз иш олиб борамиз. Бу йўналишда сайёҳлик агентлари билан яқин алоқадамиз, меҳмонхоналарга рекламаларимизни жойлаштирганмиз. Улар ўз мижозларига «Фулхэм» ўйинлари чипталари, «Крэйвен Коттеж»га саёҳатларни таклиф этадилар. Бундан ташқари, Лондонда истиқомат қиладиган турли миллат вакиллари билан фаол иш олиб борамиз. Уларнинг терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш орқали дурустгина даромад оламиз. Сўнгги йилларда «Крэйвен Коттеж» 14та ана шундай беллашувларга мезбонлик қилди. Дарвоқе, март ойида Россия терма жамоаси стадионимизда майдонга тушиши мумкин. Табиийки, бундай ўртоқлик учрашувларининг иложи борича кўпроқ мухлис гувоҳлигида ўтишидан аввало, биз манфаатдормиз. Бунинг учун ҳам анчагина тер тўкишга тўғри келади. Масалан, ноябрь ойида бўлиб ўтган Италия-Нигерия баҳсини ташкил этиш жараёнида ўзига хос тадқиқотга қўл урдик: Facebookка аъзо бўлган лондонликлар орасида италияликлар қанча? Маълум бўлишича, уларнинг сони 131 мингга тенг экан. Хуллас, барча итальянларга таклиф юбордик. Албатта, бу юмушни амалга ошириш учун маълум харажат қилишга тўғри келди. Лекин уринишлар зое кетмади: сарфланган ҳар бир фунт ғазнамизга 2 фунтни «тортиб» келди. Умуман, акция муваффақият келтирди.
- Лондондаги турли миллат вакиллари, хуллас, доимий бўлмаган томошабинлар ҳақида гапирдингиз. Жамоангизни маҳаллий мухлислар билан муносабати қандай? Жумладан, абонент эгалари билан...
- Сотилган абонентлар бобидаги кўрсаткичларимиз сўнгги йилларда ўзгаришсиз қолмоқда. Стадионимизнинг сиғими - 25 минг. Сотилган мавсумий абонентлар сони эса - 14 мингта. Ҳар йили тахминан 3000 киши улардан воз кечади, бироқ айнан шунча мухлис рад этилган чипталарни сотиб олади. Доимий мижозларимиз билан боғлиқ асосий муаммо шундаки, уларнинг аксарияти кекса ва ўрта ёшдаги инсонлар. Ёш футбол мухлислари биз кутгандек кўп эмас. Бу эса клуб атрибутлари савдосига салбий таъсир кўрсатади. Чунки кекса ёшдаги мухлислар учун атрибутлар, айниқса, футболкаларни умуман қизиғи йўқ. «Фулхэм»нинг уй учрашувларида жамоа либосларига бурканган трибуналарни умуман кўрмайсиз. Футболкалар, шарфлар ва байроқлар асосан ёшларни қизиқтиради, ахир.
- Мухлислар аудиториясини ёшартириш борасида қандай чора-тадбирлар қўлланилмоқда?
- Кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар ҳолда, натижаларни яхшилашга уриняпмиз. Ёшлар ўртасида тобора кенгроқ тарқалаётган интернет, ижтимоий тармоқларга эътибор қаратилмоқда. «Твиттер» ва Facеbook орқали клубдаги янгиликларни кузатиб борадиган мижозлар сони ҳозирда ярим миллиондан ошиб кетди. Шунингдек, YouTube имкониятларидан унумлироқ фойдаланиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу хостингда «Фулхэм» ўз расмий каналини очган. Жамоа футболчилари иштирокидаги роликларни 10 ой ичида 4,3 млн. мижоз томоша қилди.
Бундан ташқари, кичик ёшдаги болаларга катта эътибор қаратилмоқда. Махсус дастурга биноан, «Фулхэм» аъзолари ва мураббийлари стадион яқинидаги мактабларда ўқувчиларга футболдан сабоқ берадилар. Шунингдек, «Крэйвен Коттеж»га илк марта йўл олган ёш мухлисларни шунчаки, ўйин бўладиган куни эмас, балки учрашув арафасида қабул қиламиз. Шу тариқа болалар инфратузилма билан яқиндан танишиш, захира ўриндиғида ўтириш, VIP-ложа ва трибуналарни мухлислар билан тўлишини бевосита кузатиш, кийиниш хонасидаги сўнгги тайёргарликларни кўриш имкониятига эга бўладилар. Омадлари чопса, майдонга тушиб келаётган футболчилар билан кийиниш хонасининг йўлакчасида дуч келишлари мумкин. Албатта, бундай воқеалар болалар учун ғоятда қизиқарли.
- Чипталар баҳоси бўйича ҳам кичик ёшдаги мухлисларга қандайдир имтиёзлар бериладими?
- Албатта, масалан 16 ёшга тўлмаган болалар «Фулхэм»нинг уй учрашувларидан истаган 3тасига атиги 1 фунтли чипта харид қилишлари мумкин. Лекин шу шарт биланки, улар клуб сайтида рўйхатдан ўтишлари керак. Шунда уларни кейинги тадбирларга таклиф этишга қийналмаймиз. Бундан ташқари, ёши 30дан ошмаган мухлислар илк марта абонент сотиб олсалар, уларга ажойиб футболка совға қилинади.
- Мухлисларнинг стадионга ташрифлари қай даражада? «Фулхэм»нинг барча уй учрашувлари «аншлаг» остида ўтадими?
- Ҳа, ҳозирда барча учрашувлар тўла трибуналар гувоҳлигида ўтмоқда. Беллашувларни бевосита стадионда кузатиш истагида бўлганлар жуда кўп. Бироқ уларни қабул қилолмаймиз. Шу сабабли «Крэйвен Коттеж» трибуналаридан бирини қайта таъмирлаб, кенгайтириш ниятидамиз. Шу тариқа қўшимча 5000та ўрин ҳозирлаймиз. Уларнинг кўпини VIP-ўриндиқлар ташкил этади. Лойиҳа 150 автомобилга мўлжалланган пуллик тўхташ жойи ва меҳмонхонани ҳам ўз ичига олган. Бу борада «Вест Хэм» тажрибасидан ўрнак олмоқчимиз: «Болейн Граунд»даги меҳмонхона трибуналарнинг бири билан туташтирилган. УЕФАнинг «Ҳалол ўйин» қоидаси ҳам бизни шундай қарорга келишимизни тақозо этади. Тўғри, қоида ҳозирча тўлиқ кучга киргани йўқ. Лекин яқин йиллар ичида жамоалар етарли даромад олиш йўлларини излашга мажбур бўлишади. Такрор айтаман, бу ҳозирча қуруқ режанинг ўзи. Уни рўёбга чиқариш учун камида 50 млн. фунт керак. Харажатларнинг ошиб кетишига қурилиш ишларининг мураккаблиги сабабдир. Стадионимиз шундоқ Темза дарёси соҳилида жойлашган. Лойиҳанинг муваффақияти «Фулхэм»нинг АПЛдаги иштирокига ҳам боғлиқ. Мабодо чемпионшипга тушиб кетсак, стадионни кенгайтирилишига ҳожат қолмайди. Ҳарқалай, элитага қайтгунга қадар.
- Билишимизча, чемпионшип жамоаларининг беллашувлари ҳам лиқ тўла трибуналар гувоҳлигида ўтади. Наҳотки, «Фулхэм»нинг қуйи дивизионга тушиб кетиши мухлислар ташрифига кучли таъсир этса...?
- Ҳамма гап шундаки, чемпионшип вакилларининг кўпи ўз шаҳрининг ягона жамоаси ҳисобланади. Лондонда эса 15та жамоа бор, уларнинг 6таси ПЛда тўп суради. Пойтахтга келган меҳмон табиийки, АПЛни биринчи дивизиондан устун қўяди. Мисол тариқасида айтиш мумкин: «Фулхэм» Муҳаммад ал Файёд томонидан харид қилинган 1997-1998 йиллар мавсумида жамоа олдига элитага қайтиш вазифаси қўйилган, ўйинларга ўртача 9000 мухлис келарди. АПЛдаги дастлабки мавсумдаёқ уларнинг сони 2 баравар ошиб кетди. Бундан ташқари, стадионни таъмирлашга жазм этадиган бўлсак, бу ишни чемпионшипда амалга ошириш мушкул. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозирда жамоа бюджети 103 млн. фунтга тенг. Шундан 12 миллион чипталар сотуви, 5 млн. ҳомийлар, 3 млн. атрибутлар савдосидан келади. Қолган маблағ, яъни 80 миллиондан кўпроғини ТВ-ҳуқуқлари савдосидан оламиз. Уни асосан футболчиларнинг маошларига сарфлаймиз. Чемпионшипда бундай маблағ жамғаришнинг иложи йўқ. Тўғри, ҳозирда АПЛни тарк этган жамоага 3 мавсум давомида ҳар йили 20 млн. фунтдан кўмак пули ажратилади. Бу жамоанинг ўз футболчилари билан тузган шартномаларини адо этишига ёрдам беради.
- Яқинда «Фулхэм» соҳиби ўзгарди. Муҳаммад ал Файёд клубни Шоҳид Хонга сотиб юборди. Ўзгаришлар қандай? Уларнинг иш услубларида фарқ борми?
- Аввало, Муҳаммад ал Файёд хусусида тўхталиб ўтсам: «Фулхэм» тарихидаги муваффақиятли давр унинг номи билан боғлиқ. Бундан 15 йил аввал клубга келган пайти жамоа инқироз хавфи остида турганди. Ал Файёд «Фулхэм»ни элитага қайтарди. Шу давр ичида 200 млн. шахсий маблағини сарфлади. Бундан ташқари, Harrod~s соҳиби сифатида бизнес оламидаги юксак нуфузи бир қатор обрўли ҳомийлар, жумладан, LG билан ҳамкорлик қилишимизга имкон яратди. Жамоа айнан ал Файёд даврида ЕЛ финалига қадар етиб борди ва ўз тарихидаги энг юксак натижани қайд этди.
Шоҳид Хонга келсак, унинг фаолиятига баҳо беришга ҳали эрта. Чунки у июль ойида раҳбарликни бошлади. Шоҳид Хоннинг яна бир клуб - «Жексонвилл Жагуарз»га эгалик қилишини инобатга олсак, «Крэйвен Коттеж» Америка футболини тарғиб этадиган стадион вазифасини бажариши мумкин. Қолганини вақт кўрсатади.