Шу йилнинг 26 март куни Осиё кубоги-2015 мусобақасининг финал босқичига қуръа ташланади. Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур маросимида иштирок этишни истаган журналистлар учун ОФК аккредитация жараёни бошланганини эълон қилди.
5 март куни бўлиб ўтадиган саралаш босқичининг сўнгги тур ўйинларидан кейин қитъа чемпионатида иштирок этадиган 15та жамоанинг номи маълум бўлади. Фақатгина Мальдив оролларида май ойида бўлиб ўтадиган ОФК чақирув кубоги-2016 ғолиби мусобақанинг сўнгги иштирокчисига айланади.
Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан олдин Австралия-2015 йўлланмасини қўлга киритиб бўлган. Вакилларимиз қуръа маросимида 1-саватчадан ўрин олади. Боиси, Осиё кубоги-2011да Ўзбекистон ярим финалгача етиб борган. Мусобақа мезбони Австралия ҳам Қатар-2011да кучли тўртликка кирган (2-ўринни олган). Терма жамоамиз Осиё кубогида мезбонлардан ташқари Япония ва Жанубий Корея билан бир гуруҳга тушмайди. Демак, бу сафар очилиш учрашувида иштирок этиш терма жамоамизга насиб қилмайди. Жамоамиз "А" гуруҳидан ўрин олмаслиги ҳозирданоқ маълум.
Қуръа ташлаш маросими Тошкент вақти билан 26 мартдан 27 мартга ўтар кечаси 01:00да бошланади.