Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида паралимпиячилар ўртасида енгил атлетика бўйича давом этаётган Гран-при турнирида мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли иштирокларини давом эттирмоқдалар.
Дунёнинг 38 давлатидан келган мингга яқин спортчи иштирокида ўтаётган мусобақада мусобақада Ватанимиз шарафини саккиз нафар паралимпиячимиз муносиб ҳимоя қилиб, бирин-кетин совринли ўринларни банд этишяпти.
Жумладан, 1500 метр масофага югуриш баҳсида ҳамюртимиз Фахриддин Ҳамроев 4 дақиқаю 03,94 сония натижа кўрсатиб олтин медални қўлга киритиш билан бирга Осиё рекордини ҳам янгилади. Яна бир спортчимиз Убайдулла Имомқулов 800 метр масофага бўлиб ўтган мусобақада марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келди ва у ҳам шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Узунликка сакраш баҳсида жаҳон чемпионати совриндори Дониёр Солиев 6,56 метр натижа билан иккинчи ўринни эгаллади. Яна бир спортчимиз Хусниддин Норбеков ҳам ядро улоқтиришда 14,09 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Халқаро турнир 26-февралга қадар давом этади.
Маълумот учун. 20-26 февраль кунлари ўтказиладиган мазкур халқаро турнирда жами саккиз нафар спортчимиз ғолиблик учун кураш олиб боришяпти. Ушбу халқаро турнирда жорий йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган ПараОсиё ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналмоқда.