Африкалик ярим ҳимоячи Жозеф Миноланинг «Лацио»га ўтиши шов-шувли можарони келтириб чиқарди. Гумон қилинишича, футболчининг ҳақиқий ёши расмий ҳужжатларда қайд этилганидан нақ 2,5 баравар (!) катта экан. Қуйида айнан футболдаги сунъий ёшартириш муаммоси ҳақида сўз боради.
Жозеф Минола
- Аслида мен 17 эмас, 41 ёшдаман. «Лацио» билан шартнома имзолаш учун шундай қилишга мажбур бўлдим. Чунки Африкада қолган оила аъзоларимга тезроқ пул жўнатишим керак. Август ойида 42 ёшга тўламан. Гўёки, Рим клуби ёшлар таркибининг африкалик ярим ҳимоячиси Жозеф Минола томонидан айтилган бу гаплар Италия жамоатчилигини ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этди. Бироқ камерунлик легионер эртасига 1 кун аввал билдирган фикрларини рад этишга уринди. Ҳатто сўзларини нотўғри талқин этган интернет нашрини судга беришини айтиб, дағдаға қилди. Табиийки, «Лацио» ҳам янги аъзосини ҳимоя қилиб, расмий сайти орқали баёнот берди: «Биз «Лацио» нуфузига путур етказиш пайида бўлган фитначи душманларимизга қарши аёвсиз кураш олиб борамиз. Керак бўлса, суд орқали клубимиз ва футболчимиз шаънини ҳимоя қиламиз».
Радамель Фалькао
Колумбиялик суперфорвард Радамель Фалькао атрофида ўтган йилнинг ёзида шунга ўхшаш мажоро юзага келганди. Тўғри, Минола билан таққослаганда, Радамелнинг ёшига оид қаллоблик арзимасдек туюлади - унинг ҳақиқий ёши 27 эмас, балки 29да экан. Мазкур маълумот ҳужумчи «Атлетико»дан «Монако» сафига ўтганидан кейин хорижий интернет-нашрларида пайдо бўлди. Журналистлар ҳақ эканликларини исботлаш мақсадида Радамелнинг мактабдаги ҳужжати нусхасини илова қилишганди. Унга кўра, Фалькао 1986 йилнинг 10 февралида эмас, балки ундан роса 2 йил аввалроқ дунёга келган. «Ёшим хусусида ОАВда эълон қилинган маълумотлар мени ҳайрон қолдирди. Уларни қатъий рад этаман ва бу масалага узил-кесил барҳам берилишини истайман»,-деганди ҳужумчи. Шундан кейин Колумбия матбуоти вакиллари футболчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини излаб топдилар. Расмий ҳужжатга кўра, Радамелнинг чиндан ҳам 1986 йили дунёга келгани исботланди.
Эммануэль Эменике
РПЛда тўп сурадиган бир қатор футболчилар ҳам ўз ёшларини ўзгартирганликда шубҳа остига олинганлар. Масалан, Кокорин, Загоев ва Ионов кабилар. Бироқ бу хусусдаги миш-мишлар шундайлигича қолиб кетди. Лекин «Спартак» собиқ ҳужумчиси Эммануэль Эеменике «Фенербахче»га ўтганидан кейин турк матбуоти унинг 1987 йили эмас, балки 1976 йили туғилганлиги ҳақида маълумот тарқатди. Бироқ судда бу даъво тасдиқланмади.
Обафеми Мартинс
«Рубин»нинг собиқ аъзоси ҳам шундай можаролардан четда қолмади. Бунга Нигерия ФФ томонидан эълон қилинган маълумот сабаб бўлди. Мутасаддилар Обафемининг 1984 йилнинг 28 октябрида эмас, балки 1978 йилнинг 1 майида таваллуд топганлигини таъкидлашганди. «Ёшим борасидаги миш-мишлар мени бутун фаолиятим давомида таъқиб этиб келади. Бунга профессионал футболга жуда барвақт қадам қўйганлигим сабабдир. Зеро, 16 ёшли пайтимдаёқ Италиянинг «Реджина» клуби сафида майдонга тушганман. Тўғри, айрим африкалик футболчилар катта футболда тўп суришни ўйлаб, баъзан ўз ёшларини қалбакилаштиришдан ҳам тойишмайди. Лекин менда ҳеч қачон бундай зарурат туғилган эмас»,-дейди Обафеми Мартинс.
Тарибо Уэст
2013 йилнинг апрелида Football Italia нашри томонидан эълон қилинган интервью жиддий можарога йўл очди. Унда Белграднинг «Партизан» клуби собиқ президенти Жарко Зечевич таниқли футболчи Тарибо Уэстнинг ёши хусусида ҳайратланарли маълумот берганди: «Тарибо бизнинг жамоамизга келган пайт 28 эмас, 40 ёшни «уриб» қўйганди. Бу ҳақда кейинроқ хабар топдик. Лекин ортиқча ранжишга зарурат йўқ эди. Чунки Уэст жамоамизда юксак савияда ўйин намойиш этаётганди». Гарчи Зечевични мазкур қаллоблик ранжитмаган бўлсада, хабар Италияда каттагина шов-шув кўтарди. Чунки Тарибо «Партизан»га келишидан аввал «Интер» ва «Милан» клубларида ҳам тўп сурганди. Агарда Зечевичнинг гапларини рост сифатида қабул қилсак, «нерадзурралар» ўз вақтида 23 ёшли эмас, нақ 35 ёшли фахрий билан шартнома тузган бўлиб чиқишади. «Ҳайронман, Уэст қандай қилиб 4-5 эмас, бир йўла 12 ёшни «уриши» мумкин? Унинг югуриши, ўйнаш услуби 20 ёшли футболчиникидан фарқ қилмасди. Тўғри, футболда баъзан 1-2 ёшни «нари-бери қилиш» учраб туради. Лекин 12 ёшга тенг катта тафовутни яширишнинг иложи йўқ»,-деди «Интер»нинг собиқ мураббийи Жижи Симони.