Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Сергей Доценко: "Абдураимов қўл остида аввал ҳам ўйнаганман"

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсумда “Андижон” жамоаси шарафини уч нафар легионер ҳимоя қиладиган бўлди. Улар орасида Сергей Даценкони юртимизга биринчи ташрифи эмас. Даценко 2010 йилда Самарқанднинг “Динамо” клубида айнан Азамат Абдураимовни қўл остида тўп сурганини мухлислар яхши эслашса керак. Маълум муддатли танаффусдан сўнг украиналик ҳимоячи фаолиятини яна Ўзбекистонда давом эттирадиган бўлди. Футболчи “Андижон” жамоаси билан шартнома имзолади. Тошкентдаги йиғин чоғида клуб матбуот хизмати Даценко билан суҳбатлашиб, бир қатор саволларга жавоб олди.

- Сизни ўз вақтида Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўйнаганингизни биламиз. Орадан бир неча йил ўтиб яна Ўзбекистонга келдингиз. Айтингчи, бу қандай юз берди?
- “Полтава” клубидан кетганимдан сўнг эркин ўйинчига айлангандим. “Андижон” жамоаси бош мураббийи Азамат Биродарович билан яхши таниш эдим. Унинг қўл остида 2010 йили Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўйнаганман. Айнан Абдураимовнинг таклифига кўра “Андижон”га келдим.

- Бу танлашингиз мумкин бўлган сўнгги вариантмиди?
- Украина клубларидан таклифларни кўриб чиқишим мумкин эди. Аммо ҳозирги вазият бунга йўл қўймагани учун ўзимга хориждан жамоа излашган тушдим. Бу орада менга ўзим учун яхши таниш бўлган Ўзбекистондан таклиф тушди. Юртингизни яхши билганим учун ўйланмасдан келишга қарор қилдим. Бундан ташқари ўзимни яна Ўзбекистон чемпионатида синаб кўришни хоҳладим.

- Янги жамоада сизни қандай қабул қилишди?
- “Андижон” яхши жамоа эканлиги кўриниб турибди. Футболчиларнинг ҳам бирғбирига муносабати ёмон эмас. Лекин таркибга қўшилганимга энди икки кун бўлди. Шунинг учун янги жамоам тўғрисида ҳали етарлича тасаввурга эга эмасман. Янги муҳитга кўникиш учун барибир бироз вақт керак бўлади.

- “Динамо”дан кетганингиздан бери Абдураимов билан алоқани сақлаб қолганмидингиз?
- Мунтазам равишда гаплашардик дея олмайман. “Полтава”дан кетганимдан сўнг ўзимга жамоа қидира бошладим ва шу орқали Абдураимов билан яна алоқа ўрнатилди.

- Самарқанднинг “Динамо” жамоасидаги фаолиятингизда қандай хотиралар қолган?
- Бу жамоа билан боғлиқ яхши хотираларим бор. Тўғри, Самарқандда атиги ярим мавсум тўп сурганман холос. Аммо ўшанда “Динамо”да иккинчи даврани кўнгилдагидек ўтказа олмагандик. Ўйлайманки, “Андижон”да бундай ҳолатлар такрорланмайди ва мухлисларни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.

- “Андижон” сафига қўшилиб бирор-бир танишингизни учратмадингизми?
- Йўқ, жамоадаги футболчиларнинг ҳеч бири билан илгари таниш бўлмаганман. Ўзбекистонда танишларим кўп эмас. Ҳамюртим Андрей Деркачни айтишим мумкин. У билан “Полтава”да бирга ўйнаганмиз. Ҳозирда Деркачни “Машъал”да эканлигини биламан. Бундан ташқари “Андижон” таркибига қўшилган яна бир футболчи Виктор Расков билан эса шу ерга келиб танишдим.

- Ўтган уч йилдан бери чемпионатимизни кузатиб борармидингиз?
- Албатта, интернет орқали Ўзбекистон чемпионатидаги маълумотларни кузатардим. Мен ўйнагандан бери чемпионатингиз савияси қай даражада ўсганлиги тўғрисида айни дамда бир нима дейишим мушкул. Агар назоратлар ўйинларида майдонга тушсам, шундан сўнг бирор-бир фикр айтишим мумкин. Қолаверса, 15 март куни чемпионат баҳслари бошланади. Агар “Андижон”да қоладиган бўлсам ҳаммасига гувоҳ бўламан.

- Шу кунгача фаолиятингизнинг асосий қисми Украинада ўтган. Шундайми?
- Бундан 5-6 йил аввал Молдавиянинг “Зимбру” клубида ҳам ўйнаганман. Ватанимда эса “Полтава” клубида уч йил фаолият олиб бордим. Бу жамоада яхши дамларни ўтказдим. Шунингдек, “Гелиос” (Харьков), ЦСКА (Киев) ва “Динамоғ2” (Киев) жамоаларида ҳам тўп сурганман. Жорий мавсумни эса Ўзбекистонда ўтказиш ниятим бор. Бунинг учун “Андижон”да ўзимни кўрсатишга ва яна Азамат Абдураимов бошчилигида ўйнашга ҳаракат қиламан.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 07:28, 06.03.2014.
Ўқилди: 3102 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.