"Бунёдкор" кеча нурсиз ўйин кўрсатган ҳолда, "Фулад" билан ўйиннинг энг сўнгги дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолди. Бу ҳолат мухлислар ўртасида жамоага нисбатан ишончсизлик ни келтириб чиқармоқда. Бунинг сабабини эса сайтимиз журналисти Қаҳрамон Асланов Твиттердаги ўзининг саҳифаси орқали қуйидагича изоҳлади:
"Пахтакор" ва "Локомотив"нинг натижалари "Бунёдкор"никидан ёмонроқ. Лекин мухлислар "қалдирғочлар"нинг мағлубиятини оғриқли қабул қилишяпти. Сабаби...
Гап "Бунёдкор"га кўпроқ куюнишганидан эмас. Зеро, "Пахтакор"нинг мухлислари бир неча баробар кўпроқ. Ҳатто "Пахтакор"да кўпчиликка ёкадиган ёшлар кўп. Асосий сабаб - "Бунёдкор"ни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бошкараётганида. Яъни, "Бунёдкор"нинг ҳар бир салбий натижаси мухлис наздида терма жамоа келажагини шубҳа остига олади.
Бу ҳолат термага ҳам, "Бунёдкор"га ҳам салбий босим ўтказмокда. Олимпия терма жамоасидаги натижалар сабаб Абрамовга ишонч камайгани ва бу МТЖга таъсир қилганини эсланг. Демак, ҳар қандай жамоа сингари "Бунёдкор"да ҳам, МТЖда ҳам муваффақиятсизлик сабаблари таҳлил қилиниши ва жоиз булса, вазиятни ўнглашга ҳаракат бўлиши керак. Афсуски, ҳар икки жамоада ҳам буни кўрмаяпман. Ё уларни ҳаммаси қониқтиряпти ёки муваффақиятсизлик омилларини ўрганишга истак йўқ. "Бунёдкор"га терма жамоа халал беряпти, МТЖга — "Бунёдкор". Аммо ҳар икки жамоа вазиятни ўнгламоқчимасдек", дея ёзади Қ.Асланов.