2014 йилнинг 14-25 апрель кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматидан маълум қилинишича, мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг 105 давлатидан 600 нафардан зиёд спортчи (1996-1997 йй. туғилган) 10 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боради. Ушбу жаҳон чемпионати яна шу жиҳати билан аҳамиятлики, унда жорий йил Нанкин шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган II ўсмирлар Олимпиада ўйинларининг лицензиялари ҳам ўйналади.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов терма жамоа таркибига қуйидаги спортчиларни жалб қилган: - Сулаймон Латипов (-49 кг), Абдулҳай Шараҳматов (-52 кг), Шукуржон Раҳимов (-56 кг), Иқболжон Холдоров (-60 кг), Маҳмуд Ғоипов (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-69 кг), Козимбек Мардонов (-75 кг), Обиджон Тоҳиров (-81 кг), Раҳматилла Ғофуров (-91 кг), Шоҳрухбек Эркинов (+91).
Терма жамоамиз аъзолари 11-апрель куни София шаҳрига йўл оладилар.