Жозе Моуриньо уддалаб бўлмайдигандек кўринган вазифани амалга оширди. "Челси" ўз майдонида юқори амбицияли "Пари Сен Жермен"ни 2та тўп фарқи билан мағлуб этишнинг чорасини топа олди.
Лондонликлар ўйин бошидан олдинги ўтишга шошилишмади. Иккита гол уриш шошма-шошарлик шарт эмаслигини, ҳали олдинда 90 дақиқа борлигини Моуриньо шогирдларига тушунтира олди. "Стемфорд Бриж" шогирдлари ҳимояни мустаҳкамлаган ҳолда, асосий эътиборни стандарт вазиятларга қаратди.
Ўйиннинг 18-дақиқасидаёқ "аристократлар" бош мураббийи жамоа етакчиси Эден Азарни майдондан олиб, Андре Шюрлени майдонга туширди. Ушбу ўзгариш олдиндан режалаштирилганмиди ёки мажбурий бўлдими, буниси бизга қоронғу, аммо Шюррле 32-дақиқада бурчакдан етказилган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни очди.
Голгача Лоран Блан шогирдлари анча шиддатли ва иштиёқ билан ўйнашаётгандию, бироқ мезбонлар дарвозаси томон босим уюштиришмаётганди, улар кўпроқ тўпни йўқотмасликка ҳаракат қилишаётганди. Иккинчи бўлимда эса вазият ўзгарди. Ҳисоб қалтислигини ҳис қилган парижликлар энди олдинга тез-тез ўта бошлашди. Натижада лондонликлар ўз ўйинларини топиб олишлари қийин кечди. Ўйин якунига яқинлашган сари Моуриньо аввал Демба Бани, кейин эса Торресни майдонга ташлади. Ушбу таваккалчилик ўзини оқлади.
"Челси" комбинацион ҳужум орқали рақиб мудофаа чизиғини ёриб ўта олмаганидан кейин тўпни баландлатиб рақиб жарима майдончаси томон узата бошлади. Шундай узатма пайтида Это'О тўпни эгаллади, икки нафар ҳимоячи орасида тўпни ушлаб турди ва зарба берди. Тўп йўлига ҳимоячилар ғов бўлишди. Қайтган тўпни футболчилардан бири дарвоза томон тепди ва тўп рекошет ҳолатида дарвозабон майдончасида очилаётган Демба Бага келиб тушди ва Ба эса йиқилаётиб тўпни дарвозага йўллади!
Ўйин якунланишига оз вақт қолганида "ПСЖ" ўзига кела олди ва қўшимча дақиқаларда сўнгги штурмни уюштирди. Бурчак тўпидан кейин Маркиньос 12-13 метрлардан дарвоза томон кучли зарба йўллади. Петр Чех муқаррар голдан жамоасини қутқарди.
Ушбу ғалабани бемалол Моуриньо ҳисобига ёзиб қўйса бўлади. Жозе "Челси"ни ярим финалга олиб чиқди!
ЕЧЛ, чорак финал, жавоб ўйини
Челси (Англия) – "ПСЖ" (Франция) 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 32 Шюррле, 2:0 – 87 Д.Ба.
Челси – Чех, Иванович, Кэйхилл, Терри, Аспиликуэта, Давид Луиз, Лэмпард (Д.Ба, 66), Виллиан, Оскар (Торрес, 81), Э. Азар (Шюррле, 18), Это′О.
ПСЖ – Сиригу, Жайе, Алекс, Силва, Максвелл, Верратти (Кабай, 55), Матюиди, Лукас (Маркиньос, 84), Т. Мотта, Лавесси (Пасторе, 73), Кавани.
Огоҳлантиришлар: Виллиан (24), Верратти (27), Кавани (40), Лэмпард (41), Лукас (52), Иванович (55), Максвелл (79), Давид Луиз (82).
Биринчи ўйин: 1:3