Америка Қўшма Штатларининг Невада штати, Лас-Вегас шаҳрида бутун бокс оламини бир неча ойлардан буён қаттиқ ҳаяжонда ушлаб турган жанг якунланди.
Профессионал бокснинг саккиз вазн тоифаси собиқ жаҳон чемпиони филиппинлик Мэнни Пакьяо реванш жангида ярим ўрта вазн тоифсининг WBO йўналиши амалдаги чемпиони америкалик Тимоти Брэдли билан рингда учрашди.
Баҳс сурати бир неча бор ўзгариб турди. Боксчилар дастлаб ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган бўлсалар, кейинчалик, яққол фаолликни бошлаб юборишди. Аксарият вазиятларда Мэннининг зарбалари Тимотиникига қараганда сезиларли даражада залворли кўриниш олди.
Ўз ўрнида Брэдли ҳам баъзи эпизодларда ҳақиқий даханаки олишувга киришиб кетти. Лекин шундай вазиятларнинг кўпчилигида у раундларни бой бериб қўйди.
Тўлиқ 12 раунд этган беллашувнинг якунида ҳакамлар қуйидаги: 118-110, 116-112, 116-112 очколарни қайд этиб, ҳаққоний равишда Мэнни Пакьяонинг ғалабасини эътироф этдилар.
Эслатиб ўтамиз, бу жангда Тимоти фаолиятидаги дастлабки мағлубият аламини тотиб кўрди. Улар 2012 йилнинг июнь ойида биринчи марта учрашишган бўлиб, унда очколар бўйича Брэдли устун келган эди.