Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида хорижда тўп сураётган бир қатор ўзбекистонлик футболчилар ўз жамоалари сафида тур учрашувларида майдонга тушишди.
РОССИЯ
19 апрель куни Россия Премьер-Лигаси 26-тур ўйинларига стар берилди. Премьер-Лига пешқадамларидан бири, Москванинг «Локомотив» клуби ўз майдонида «Терек» клубини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Темирйўлчилар» ҳимоячиси Виталий Денисов учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир футболчиси Одил Аҳмедов, мазкур турда «Анжи» сафида ўз майдонида «Зенит»га қарши учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Учрашувда «Зенит» 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
ҚОЗОҒИСТОН
19 апрель куни шунингдек Қозоғистон Чемпионати 7-тур ўйинлари старт олди. «Актобе» сафида ҳаракат қиладиган икки нафар Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари – Александр Гейнрих ва Темур Кападзелар мазкур турда ўз майдонида «Қайсар» клубига қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушишди. Эътиборлиси, учрашувдаги илк гол Александр Гейнрих ҳисобига ёзилди. Гейнрих учрашувда 83 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Темур Кападзе иккинчи бўлим бошида алмаштирилди. Ўйин 3:0 ҳисобида «Актобе»нинг ғалабаси билан якунланди.
Бугун, шунингдек «Иртиш» клуби ҳам ўз майдонида «Астана» клубини қабул қилди ва голларга бой учрашувда 3:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Эътиборлиси, «Иртиш»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Улуғбек Бақоев учрашувда дубль муаллифига айланди. Бақоев биринчи бўлимнинг 23 ва 45 дақиқаларида рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса-да, якунда «Иртиш» учрашувда мағлуб бўлди.
«Шахтёр» сафида тўп сураётган Шавкат Саломов ҳам мазкур турда майдонни голсиз тарк этмади. Ўз майдонида «Ордабасини қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Шахтер»нинг голларидан бирига учрашувнинг 20-дақиқасида айнан Саломов муаллифлик қилди. «Шахтер» сафида тўп сурадиган яна бир ўзбекистонлик футболчи Камолиддий Мурзоев учрашувда майдонга туширилмади.
Қайд этиш лозим, Қозоғистоннинг етакчи спорт нашрларидан бири Vesti.kz ушбу тур якунларига кўра, Александр Гейнрих ва Улуғбек Бақоевни тур рамзий терма жамоасига киритган.
УКРАИНА
Украинанинг «Ворскла» клубида тўп сураётган Санжар Турсунов, чемпионатнинг 26-турида сафарда Киевнинг «Динамо» клубига қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушган. «Динамо»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинда, Турсунов тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилган.