Бугун бўлиб ўтган «Сеонгнам» - «Поханг Стилерс» ўйинидан кейин Корея ОАВлари ҳамюртимиз Сервер Жепаровнинг фикрлари билан қизиқди. Терма жамоамиз сардори жумладан шундай деди:
«Майдонга тушганим ва гол киритганимдан бахтиёрман. Мураббийлар штаби ва футболчилар бир тану бир жон бўлиб яхши ўйин кўрсатдик. Ҳамманинг хиссаси катта бўлган ғалабага эришганимиздан хурсандмиз».
Шунингдек, у ўзини танқидларга кўмган собиқ мураббий Парк Жонг Хванга ҳеч қандай гина-кудурати йўқлигини ҳам қўшиб қўйди:
«Собиқ мураббийимизнинг мен ҳақимда айтган гапларини кўнгилга оғир олмадим. Мен уни ҳурмат қиламан. Мен корейс дунёқарашини жуда яхши тушунаман. Доим мураббийга ҳурматимни дилимда сақлаганман. Лекин машғулотлар жараёни ёки шахсий ҳаётда у билан яхши мулоқот ўрната олмадим».
У ҳозирги мураббийлари ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдирди:
«Мураббийлар кўрсатмаларига кўра турли хил усулда ўйнаш талаб этилади. Янги мураббийлар ва футболчилар ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Бундан кейинги ўйинларда ҳам бор кучимизни сарфлаб ҳаракат қиламиз».
Шунингдек, у сўнгги пайтларда ҳамманинг оғзидан тушмай қолган маоши ҳақидаги хабарларга қуйидагича муносабат билдирди:
«Аслида бу нарса сир бўлиб қолса мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо хабар аллақачон тарқалиб бўлди. Маошингга яраша ўйнаяпсанми, деган саволга жавоб беришим қийин. Чунки бу мавсум менга ҳали кўп имконият берилгани йўқ. Лекин бундан кейин маошга мос равишда ўйнашга ҳаракат қиламан».
Отабeк Йўлдошeв
Жанубий Корeя, Ceул