Ёшлар Лигаси 8-тури доирасида “Қизилқум” жамоасини “Дўстлик” стадионида қабул қилган “темирйўлчилар” рақиб устидан ишончли ғалабани қўлга киритишди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ ўйин тизгинини қўлга олиб, ҳужумлар уюштиришни бошлаб юборган “Локомотив” иккинчи дақиқадаёқ Фозил Мусаевнинг фаоллиги эвазига жуда хавфли ҳужум ташкил этди. Ҳужумни Бобур Тиллабоев аниқ зарба билан якунлаган бўлсада, унинг бу голи ҳисобга олинмади. Ҳужумчи ўйиндан ташқари ҳолатда деб топилди. Бироқ Бобур ушбу ўйиннинг дастлабки бўлимидаёқ ўз ҳисобига дубл ёзиб қўйишни уддасидан чиқди. У учрашувнинг 14 ҳамда 24-дақиқаларида рақиб дарвозасини ишғол этди. Унга қадар ўйиннинг 12-дақиқасида Дониёр Усмоновнинг рақиб жарима майдонига кириб бориб тўпни шерикларига узатганидан сўнг ҳимоячилардан бири ўз дарвозасига тўпни киритиб қўйганди.
Биринчи бўлим 3:0 ҳисоби билан ниҳоясига етди. Танаффусдан сўнг майдон эгалари яна икки бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга ола билди. Ҳар икки голни ҳам Александр Шадрин киритганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Рақиблар ҳам “Локо” дарвозасига иккита тўп киритишди. Улардан бирида “темирйўлчилар” ҳимоячиси Хуршид Мухторов бошига теккан тўп дарвоза тўридан жой олди. Яна бир гол эса Шаҳобиддинов ҳисобига ёзилди.
Шундай қилиб, "Локомотив" ёшлари яна бир йирик ғалабага эришди.
Ёшлар лигаси, 8-тур.
“Локомотив” – “Қизилқум” 5:2
Голлар: Б.Тиллабоев (14, 24), автогол 12, А.Шадрин (49 пенальти, 89) - Х.Мухторов (64 автогол), Н.Шаҳобиддинов (76)
Бошланғич таркиблар:
"Локомотив": С.Каримов, М.Алимов, Н.Ефременко, Х.Мухторов, Ф.Мусаев, Д.Усмонов, Б.Тиллабоев, К.Абрамов, А.Кожокарь, Ж.Ҳакимжонов.
"Қизилқум": Д.Ҳамроев, О.Аҳмедов, Б.Искандаров, А.Назаров, Б.Қосимов, Н.Алимов, Н.Шаҳобиддинов, А.Абдуллаев Р.Санаев М.Тиллаев, Н.Раҳматуллаев