Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мен кимман..? (иккинчи ҳикоя)

Баҳо:
+1 | -

Пролог
Ёзувчиликнинг бир ёзилмаган олтин қоидаси бор: "Қаламкаш — холис инсон бўлиши лозим". Буни бизга устозларимиз ўргатишган. Тарафкашлик қилдингизми бас! Чин маънодаги бадиий асар хусусида гап бўлиши мумкин эмас. Ҳикоянинг биринчи қисмини қанчалик қайғу, дард, алам ила ёзган эдик?! Ўшандан бери, орадан қанча вақт ўтганини билмаймиз. Билганимиз шулки, уни мухлислар илиқ қарши олишди (ҳарҳолда, каминага шунақа туюлди). Гарчи, сайтда мақола рукнида эълон қилинган  ҳикоямиз "беш" баҳога лойиқ кўрилган бўлсада, уни ўзимиз қайта-қайта мутолаа қила туриб, кўпгина жузъий  хатолар (имловий, баъзи услубий, тафталогия — бир сўзнинг бир неча бор қайтарилиши)га йўл қўйганимиздан озроқ ҳафсаламиз пир бўлди: борди-ю, шу  "ҳикоячамиз" бирор кўзга кўринган мунаққид томонидан баҳоланганда борми? Нақд "уч"га ҳам илинмаслиги аниқ эди. Начора, ҳаммамиз ҳам хом сут ичган бандалармиз. Аммо, шунга қарамасдан сиз азиз ўқигувчиларнинг ижобий мулоҳазаларингиз натижаси ўлароқ, бу мавзуга яна қайтишимизга ўзимизда ирода десакмикин, куч десакмикин, хуллас шунга монанд журъат топа олдик. Бу дафъа, имкон қадар, баҳоли қудрат илгариги хатоларимизни такрорламасликка астойдил уриндик. Шундай бўлсада, "иш бор жойда, камчилик  бўлади", деганларидек, камчиликларга йўл қўйган бўлсак, олдиндан маъзур тутинг. "Халқнинг назаридан қолмайлик", деб дуо қилгувчи  Қулингиз — Овсарбек.

* * *

Сентябрь оёқлаб қолган... Салқин тушганига ҳам анча бўлган. Кечалари изғирин шамолда, либосини ечиб ташлашга улгурмай, ярим-яланғоч тусга кирган  дарахтларнинг бўз шохлари бир-бирига урилиб дирдирайди... Тонглари ер-у кўкни оппоқ қиров босади. Кундузлари эриниб осмонга балқиб чиққан офтоб истар-истамас нур таратади. Гўёки, сувратдаги чизилган қуёшга ўхшайди: сийрати бор-у, тафти йўқ. Кўчалар ҳам алланечук файзсиз, эрта кўкламда ям-яшил рангда дарахт танасида ёзилган япроқлар, бугун уюм-уюм ҳазонлар бўлиб оёқ остида тўзғиб ётади. Худдики, бутун табиат мотам сукунатига чўккандек...

Шаҳарнинг гавжумроқ қисмида жойлашган юрак ҳасталиклари шифохонаси иккинчи қавати, номаълум палатасидаги, ташқарига қараган деразасининг ойнаги қиялатиб қўйилган. Ичкарида икки кишилик каравот турибди. Биринчисининг эгаси йўқ, иккинчисида бир неча кундан буён оғир аҳволдаги бемор — Ҳакимжон, хонанинг зангори шифтига қараб ҳомуш бир алфозда ётибди. Дераза қиялигидан енгил эсиб кираётган тоза ҳаводан нафас олар экан, ўзини бироз енгил ҳис қилади. У кўзларини чирт юмганча, бу ерга қандай тушиб қолганини эслашга уринади... Электр қувватининг мусбат ва манфий симлари бир-бирига тегиб, қисқа туташув бергани каби, унинг хотирасидаги беқарор ўйлар ҳам мувозанатга келмай, панд берарди: ёдига келгани — ўша машъум зулматли кеча, қизил кийимдаги ўйинчининг коптокни дарвозага узоқдан жойлаб қўйгани, ҳаяжонда ўтирган минглаб қора кўзлар, устун қайтарган копток, бадавий дарвозабоннинг тўпни қўлида илиб олганича қувончдан қичқириб югургани ва ниҳоят, ғазаб ўтида жунбушга келган оломон.

...Сўнгра эса, кўкрагида қаттиқ оғриқ тургани, ерга муккасидан тушиб йиқилгани... Бўлди, қисқа туташув шу жойига келиб тугайди; қолганини эслай олмади. Шу пайт эшик шарақ этиб очилиб, хонага истараси иссиқ ҳамшира кириб келди. Ҳакимжоннинг калласида чарх ураётган ғужғон хаёллар ҳар ерга тўзиб кетгандек бўлди. Ҳамшира касалнинг тепасига  юриб келди-да, унинг чап қўлини билагидан кўтариб ушлаб текширди. Ҳакимжон чап билагидаги қон томирига томчидон қўйилганини энди пайқади. Ёнидаги ҳамширага бир нима айтмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаганди, эплолмади. Шу ондаёқ ҳамшира жувонни беморнинг қалтис ҳаракати ўзига тортди: кўрсаткич бармоғини алвон лабларига қўйиб:

— Тиш-шш! Амаки, сизга ортиқча ҳаракат қилиш мумкин эмас, — деди. Ҳакимжон баттар бетоқатланиб, гапиришга уринди, бироқ унинг сўзлари  дудуқланиб янгради:
— М...ааанга ннн...има бўлди..?
Ҳамшира уни тинчлантирди:
— Ҳаяжонланманг, юрак ҳуружини бошиздан ўтказдиз, врачимизнинг айтишига қараганда, бу — иккинчиси экан ! Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб кетасиз. Фақат сиқилманг, энди буёғига ўзингизни асрасангиз бўлмайди: учинчисини кўпчилик кўтара олмайди. Жувон шундай дегач унга раҳми келгандай назар солиб, илова қилди:
— Эҳ амакижон-а, футбол кўришни, юрагиз кўтармас экан, нима қилардиз, стадионга тушиб!?...
...Ҳамшира жувон қандай келган бўлса, худди шундай ҳолатда: тақ-туқ, тақ-туқ этиб хонадан чиқиб кетди. Ортидан очиқ қолган эшик бир неча сония муаллақ турди-да, кейин, елвизакдан бўлса керак, яна ўзидан-ўзи шарақ этиб беркилди. 

*                       *                       *

Шифокор эрталаб Ҳакимжоннинг палатасига кириб, уни кўрикдан ўтказди. Қулоқчинини олиб, юрак уришини синчиклаб эшитиб кўрди. Ниҳоят, текширувни тугатган шифокор мамнун қиёфада бошини сарак-сарак қилди.
— Тузалаяпсиз, Худо хоҳласа, тез орада чопқиллаб кетасиз. Ташқарига чиқишингиз мумкин. Лекин, ўзингизни асранг: сизга ҳали ҳаяжонланиш мумкин эмас, — деди буйруқ оҳангида.

Ҳакимжон шифокорнинг айтганларидан қувонмади, ўз навбатида хафа ҳам бўлмади. Унинг қиёфаси ўзгаришсиз эди. Шифокор унинг ҳолатини тушунмади шекилли, беўхшов томоқ қириб олди-да, стулдан туриб эшик томон йўналди. Ҳакимжон шифокорнинг ранжиганини пайқади; лаблари секин бўлсада, эшитиладиган тарзда пичирлади:
— Раҳмат ука, умрингиздан барака топинг...— у яна бир нарсалар демоқчи бўлди-ю, оғзига ўзга сўз келмади. Шифокорнинг чеҳраси ёришгандек бўлиб, Ҳакимжонга боқиб:
— Арзимийди, касбимиз шунақа, — деб қўя қолди, камтарлик билан.

Шифокор чиқиб кетди: хона яна ўлик сукунатга чўмди. Ҳакимжон ташқарига чиқмаса бўлмайдиганга ўхшаб туюлди: гўё тўрт девор тўрт томондан сиқа бошлагандек бўлди. Шу боис, охиста ўрнидан қўзғалди, қалтироқ қўллари билан каравотнинг бандига таяниб шиппагини амаллаб кийиб олди. Битта-битта босиб хонадан чиқди. Коридор йўлаги сийрак эди. Ҳакимжон подасидан ажраб қолган қўйдек қаерга боришини билмай, бир муддат йўлакнинг у бошидан бу бошига бориб келди. Айни вақтда ўзига бир дардкаш, ҳамсуҳбат изларди. Кейин, қўшни хонага кириб кетаётган кўзойнакли кишига кўзи тушиб, унинг ортидан эргашди: ичида шу киши билан танишиш истаги пайдо бўлди. Эшикни секин тақиллатди. Ичкаридан "Киринг!",  деган буйруқни эшитгач, уни аста очиб мўралади.
— Мумкин-ми?
Озғиндан келган кўзойнакли киши, қўлида китоб тутиб турган кўйи каравотдаги ўрнидан ирғиб турди.
— Келинг, ака!

Ҳакимжон бориб у билан қўш қўллаб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, қўшни хонадан эканлигини маълум қилди. Мезбон дарҳол ҳурмат юзасидан, Ҳакимжонни ўтиришга таклиф қилиб, стол четида турган эски бахмал тугунни унинг олдига дастурхон қилиб ёзди. Унинг ичидан тахланган тўртта нон, бир қисм ёнғоқ, майиз, парварда ва яна бир қанча майда-чуйдалар чиқди. Сўнгра чой дамлашга чоғланганда, Ҳакимжон уни қўлида тутиб қайтарди.

— Шошманг, одамни хижолат қиманг! Менинг қорним тўқ. Хонада ёлғиз ўзим зерикиб кетдим, шунга олдингизга чиқувдим. Озроқ суҳбатлашиб ўтирсак бўлди, ортиқча ташвиш қиманг, илтимос.
Озғин киши кўрсаткич бармоғининг учи билан бурнидан тушиб кетаёзган кўзойнагини юқорига кўтарган бўлиб, жойига қайтиб ўтирди.
— Танишиб қўяйлик, менинг исмим Ҳакимжон.
— Меники Фаёзбек.
— Хурсандман. Бу дейман сиз ҳам палатада ёлғизмисиз?
— Ҳа, кеча хонадошим уйига кетди. Бугундан бошлаб, энди ёлғиз ўзим ётибман.
— Сўраганни айби йўқ, нима иш қиладилар?
— Мен домламан, институтда дарс бераман.
— Зиёли экансиз-да! Китоб ўқишингиздан ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим, — Ҳакимжон кўз қири билан бирров китобга назар солиб қўйди.
 Фаёзбек ҳам ихтиёрсиз боя каравотининг бош томонига қўйган китобини қўлга олиб сўради:
— Низом ул-Мулк, "Сиёсатнома", ўқиганмисиз?
Ҳакимжон "йўқ" дегандек бошини қимирлатди. Фаёз китобни варақлар экан, уни узундан-узоқ таъриф қила кетди. Ҳакимжоннинг қулоғига  унинг сўзлари кирмаётган бўлса-да, ўзини тинглаётган қилиб кўрсатди. Ниҳоят, Фаёз гапиришни тўхтатгач, истиҳола қилгандек Ҳакимжон гап бошлади:
— Мен чилангарман. Ишга эрта кетиб, кеч келаман. Шунга...
Фаёзбек Ҳакимжоннинг гапини оғзидан илиб кетди:
— Хижолат бўмай қўя қолинг, тушундим: китоб ўқишга вақтим йўқ демоқчисиз. Агар ихтиёр этсангиз ўқиб беришим мумкин. Ҳакимжон истамасада, суҳбатдошининг раъйини қайтармаслик важидан:
— Майли, — деди.
— "Доно подшоҳлар ва ҳушёр вазирлар ҳамма замонларда ҳам бир кишига икки вазифани ва бир амални бирданига икки кишига бермаганлар, шунда уларнинг ишлари ҳамиша тартиб-у қоидали бўлиб, ривож топган. Агар бир кишига икки амал берилса, бир иш доимо охиригача бажарилмаган ё камчилик билан амалга оширилган бўлади. Сабаби бир киши икки амалга керагича кўнгил бермайди ва текширганда шу амалдан кўп камчилик топилади, киши маломатда қолади".

Дастлаб, ҳафсаласиз тинглашни бошлаган Ҳакимжон Фаёзнинг ўқиётганларини эшитар экан, бироз ҳушёр тортди. Домла бўлса, завқ-у шавқ ила давом этди:
— "Лекин икки кишига бир амал берсалар ҳам бири бошқасига ташлайди ва иш бажарилмай қолади. "Икки хотиндан хона супурилмайди, икки хўжайиндан хона бузилади", деган ҳолат юзага келади. Улар бирининг хизмат, ҳунар ва ҳаракатлари натижасидан бошқаси ўзи учун фойдаланади деб ўйлайди. Айб уларда бўлмай, амални икки кишига берган одамдадир. Агар вазир кифоясиз, подшоҳ ғофил бўлса, бир кишига икки ва ундан ҳам кўп амал берадилар. Шундай кишилар борки, ўнта амали бўлатуриб, яна бошқа бирорта вазифани олишни истайди. Мирзолик, ҳокимлик, хазиначилик қўлидан келиш-келмаслигига андиша ҳам қилмайди. Арзийдиган ва муносиб кишилар ҳамда ишбилармонлар четда қоладилар. Ҳеч ким нима учун бир нечта жоҳил ва ёмон зотли кишилар кўп амаллларни эгаллаб олганлар-у, аммо тажрибали ва маъруф кишиларнинг битта ҳам амали ёки вазифаси йўқ, маҳрумлиқ ва интизорлиқда қолганлар, нега хусусан хизмат кўрсатиш ва ҳақлари бор кишилар шундай бўлиб қоладилар, деб ўйламайди. Ҳамма замонларда ҳам диёнатли ва эътиқодли аслзода кишиларга вазифа берганлар. Агар қабул қилмаса, мажбур қилиб бўйнига қўйганлар, токи амал арзимас кишининг қўлига ўтиб кетмасин. Шунда раият тинч бўлиб, мулк яхши ном қозониб, подшоҳ фароғатда яшаган".

Ҳакимжон чуқур ўйга ботди. Шу онда унга анчадан буён халоват бермаётган саволга жавоб топилгандек бўлди. Чуқур хўрсинди. Ўзича бармоқлари билан яна бир нарсаларни ҳисоблаб чиқгандай бўлиб, "йигирма йил!", деб қўшиб қўйди. Фаёзбек ўқишдан тўхтаб, унга ажабланиб боқди.
— Тинчлик-ми, ака? Нимага йигирма йил бўлди?
Ҳакимжон унинг саволига савол билан жавоб берди:
— Бу китоб қачон ёзилган?
— XI асрда!
Ҳакимжон яна одатича пичирлади, "Ўн аср... Одамлар ўн аср илгари пайқаган нарсани нега биз илғамадик?" Ҳакимжон телбага ўхшаб, дабдурустдан ўрнидан турди-да, тўғри хонанинг эшиги томон йўналди. Фаёзбек суҳбатдошининг бу ҳаракатини умуман тушунмагани ҳолда, унинг ортидан ҳайратланиб, "Қаёққа, ака?" дея олди холос: меҳмон хонани мум тишлаганича тарк этишга улгурди... Домла бурнининг учида илиниб турган қўшойнагини тўғирлар экан, бир китобга, бир эшикка қаради. Сўнгра, ўзича ғудранди "Ғалати киши экан!.."
*                       *                       *
Ўша кеча яна бехосият, қутурган шамол турди. Шувиллаб, ер-у кўкни чанг-тўзон аралаш ҳазонларга тўлдирди. Ҳар эсганида, вошиллаб дарахтларни силкитиб кетади. Жон талвасасида ўлаётган одамдек, беморгоҳ деразаларини важоҳат ила уриб, "тақиллатиб" чиқади. Ташқаридан ниманингдир ерга зарб билан тушиб, тарақлаб, чил-чил синган уни қулоққа чалинади...

Уйқусизликдан кўнгли қоронғиликка ғарқ бўлган Ҳакимжоннинг дарди устига бу табиат инжиқлиги чипқон сингари унга халоват бермасди. Шу онда нечукдир унинг ёдига ёшликдаги похол-пахсадан қурилган мўжазгина уй-ҳовлиси келди. Ота-онаси, қишлоқдаги одамлар, ўртоқлари, ҳамма-ҳаммаси бирма-бир кўз ўнгидан ўтаверди. Болалик чоғлари шундай беғубор, содда, самимий, тўпори, оқкўнгил  инсонлар атрофида ўтганидан бир мунча кўнгли кўтарилди.  Кейин Тошкентга келиб, талаба бўлган пайтларини эслади. Илк бор, "Пахтакор" стадионига тушган вақтлари... Стадионга лиқ тўла мухлис муҳитида туйган ажиб ҳислар... У ўтган умридан сира афсусланмасди, фақат дилида бир армони қолиб кетди: унинг ортида туёғи йуқ! Уйланганига мана ўн йил бўлганига қарамай уни Худо тирноқдан қисган. Осмон йироқ, ер қаттиқ... Талабалик вақтлари келажакда албатта, ўғил фарзандларидан бирини футболчи қилиш орзуси бор эди... Ҳаммаси саробга айланди... Ҳакимжон шу лаҳзада ичидан келган ўксикни кўтара олмай, бутун вужуди титраб кетди. Кўзларини охиста юмиб, яна ўша болалик пайтларини ёдига олди; эски омонат мактабининг биқинидаги, доим ғуборга тўлиб турувчи, тупроқ футбол майдонида синфдошлари билан шовқин-сурон қилиб, тўп тепган кезларига хаёлан қайтди. У кўзларини бир муддат очди-да, кейин юмди; шу юмганича мангу уйқуга кетди...

P/S: Камина ҳикояга сўнгги нуқтани қўйиб, бошқа бу мавзуга қайтмасликка ҳаракат қилмоқчи. Зора, Ҳакимжоннинг тақдиридан ҳамма ўзига тегишли хулоса чиқарса. Кейин мухлис-у мухбирларимиздан, мутасаддиларимиздан бир илтимос: Миллий терма жамоамиз футболи тўғрисида кўпроқ холисона нарсалар гапиринг, ёзинг! Оқни қора, қорани оқ демасдан. Ахир, у ўз номи билан миллатники, халқники, демакки — Сиз-у бизники! Зангори экранда Ўзбекистон Миллий терма жамосини кўрсатишганда у билан давлатимиз рамзлари бўлмиш мадҳия янграйди, байроғимизнинг ҳилпираётгани кўрсатилади. Беихтиёр, "Шу Ватаннинг фарзандиман" деган ҳар қандай кимсанинг вужуди титраб кетади. Аслида-ку, Ватан туйғуси худди мана шу ердан бошланмасмикин..? Мана нима учун биз футболни яхши кўрамиз, мана нима учун уни азбаройи севганимиздан танқид қиламиз ва ниҳоят, мана нима учун Ҳакимжонга ўхшаган одамлар ўлиб, яна янгидан Ҳакимжонлар дунёга келаверадилар...

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:01, 20.05.2014.
Ўқилди: 8347 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.