Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Лиссабондаги драма

Баҳо:
+ | -

Лиссабон 24 апрелда ҳақиқий футбол шоусига гувоҳ бўлди. шу пайтгача илк марта кузатилган финалдаги дербиси чин маънодаги спектаклга айланди. Лиссабондаги ўйин ҳақиқий финал қандай бўлишини кўрсатиб берди.

Футбол қачонки майдонда тенги кучли рақиблар тўқнаш келгандагина жозибали, шиддатли бўлади. Миллионлар ўйинидаги ана шу ёзилмаган қонунни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, бу йилнинг ҳақиқий кашфиётига айланган “Атлетико”нинг имкониятлари рақибиникидан кам эмаслиги шу босқичга қадар аён бўлганди. Шу боис ҳам турли сўровномаларда ҳар иккала Мадрид жамоасининг имкониятлари деярли тенг баҳоланганди.

Диего Симеоне шогирдлари бутун мавсум давомида “Реал” учун ноқулай рақиб эканликларини исботлаб бўлишганди. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. Бутун тўқсон дақиқа давомида ҳар иккала рақиб мухлислари ўйинни юрак ҳовучлаб томоша қилишди. “Атлетико” ишқибозлари Икер Касилляснинг хатоси эвазига киритилган голдан сармаст бўлиб, ғолибликни тантана қилишни бошлаб юборишган бўлишса, “қироллик клуби” ишқибозлари асосий вақтга қўшиб берилган дақиқагача жамоаларининг ғолиб бўлишини истаб, умид тўла нигоҳлари билан ўйинни кузатишди. Сўнгги дақиқаларда босимни янада оширган Карло Анчелотти шогирдлари эса охирги ҳужумни самарали якунлаб, мағлубиятдан қутулиб қолишди.

ЯНА ЎША КОВБОЙ
“Бавария”га қарши бўлиб ўтган ярим финал матчида клуб қаҳрамонига айланган Рамос футбол мухлис ва мутахассисларининг эътирофига сазовор бўлганди. Ҳақиқатан ҳам шу пайтга қадар рақиб дарвозасини бирор марта ҳам нишонга олмаган, бор эътиборини ҳимояга қаратган Серхио керакли вазиятда жамоанинг жонига ора кира олишини ҳам исботлаганди. “Бавария”га қарши матчда Рамоснинг жонкуярлигини тушуниш мумкин, “Реал” олдинги мавсумлардан бирида ҳам ярим финалда немис жамоаси билан тўқнашган, ўшанда клубнинг мағлубиятига Рамос ҳам сабабчи бўлганди. Унинг бу мавсумда киритган голлари эса “Бавария”дан олинган реванш бўлди. Хўш, унда “Атлетико” дарвозасига киритган голи-чи? Бу унинг жамоага бўлган ҳурмати, УЕФА Чемпионлар лигаси бош совринига бўлган узоқ йиллик соғинч. Айнан Рамоснинг голи “Реал”ни яққол ва аламли мағлубиятдан қутқариб қолди. Шунинг учун ҳам Серхио Рамос Чемпионлар лигасининг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

ТАЖРИБА, БАРИБИР, ТАЖРИБА!
Икки тайм давомида ҳақиқий ирода, футбол нима эканлигини кўрсатиб бера олган, ҳимояланишнинг энг аъло даражадаги намунасини намоён этган “Атлетико”га қўшимча таймларда халқаро доирадаги мусобақаларда тўп суриш борасидаги тажриба у қадар катта эмаслиги панд берди. “Реал” эса қўшимча дақиқаларда юқори босим остида кўп бора ҳаракат қилган. Қолаверса, “Реал” футболчилари кучни вақтга қараб тақсимлаш борасида етарлича тажрибага эгалар. Айнан ана шу омил ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Қўшиб берилган икки таймнинг биринчисида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Симеоне шогирдлари иккинчи бўлимда босимга ортиқ дош бера олмади ва оқибатда “Атлетико”нинг ўйинига ярашмаган ҳисоб қайд этилди. Қолаверса, хатоликка йўл қўйган бўлса-да, Икер Касиляснинг маҳорати бу ғалабада муҳим аҳамият касб этди. Чунки айнан у “Атлетико”нинг хавфли ҳужумларини қайтаришда қуламас девор вазифасини бажарди. Шу ўринда таъкидлаш керак, Икер Чемпионлар лигасидаги ғалабадан сўнг ўзига хос натижа қайд этди. Яъни у ЕЧЛ, Жаҳон ва Европа чемпионатида сардор сифатида ғолиб чиққан учинчи футболчи бўлди.

КАРЛО ОТАНИНГ ФАЛСАФАСИ ИШ БЕРДИ
Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак, деган гап миллионлар ўйинида ҳам ўз исботини топди. Асосий мақсади УЕФА Чемпионлар лигасида ғолибликни қўлга киритиш бўлган “Реал” Ла-лигадан воз кечди. Чунки, аслида, Карло Анчелоттини клубга таклиф қилишдан мақсад ҳам анчадан бери кутилаётган 10-кубокни қўлга киритиш эди.

Ўйин бошида “Атлетико”нинг асосий футболчиси Диего Коста майдонни тарк этди, бу эса жамоанинг руҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Аммо ўйиндан олдин берган интервьюларидан бирида “Майдонга 11 та Диего Коста тушади” дея таъкидлаган аргентиналик мураббийнинг ушбу гаплари ҳақиқат эканлигини шогирдлари исботлаб беришди. Чунки “Реал”нинг тинимсиз босимига дош бериб, яна хавфли ҳужумлар ҳам уюштириш ҳар қандай жамоанинг ҳам қўлидан келавермайди. “Атлетико” эса буни ортиғи билан уддалади. Бу жамоанинг яна бир ютуғи шундаки, ҳақиқий руҳшунос бўлган Сиеоне футболчиларни руҳий жиҳатдан яхши тайёрлай олади. Бу омил финалда ҳам яққол намоён бўлди. Ҳимоядаги хотиржамлик, рақиб жарима майдончаси ичидаги совуққонлик “қироллик клуби”ни ғалабадан маҳрум этиши ҳам мумкин эди. Қолаверса, “Атлетико” ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳатто жамоа олдинда бўлса-да, ҳимояга ётиб олмаслигини исботлади. Ҳа, Симеоне “автобус”ни умуман ёқтирмаслигини амалда тасдиқлади. Нима бўлганда ҳам, финалдаги мағлубият “Атлетико”нинг бу мавсумдаги шон-шуҳратига соя сола олмайди.

Ҳа, бу йилги футбол мавсуми ана шундай ажойиб финал билан ниҳоясига етди. Миллионлар ўйин ишқибозларини эса олдинда Бразилиядаги мундиал кутиб турибди. Биз эса янаги мавсум бу йилгидан-да мазмунли, шиддатли ўтишини тилаб қоламиз.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:44, 26.05.2014.
Ўқилди: 13227 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.