Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Равшан Эрматов: «Бу сафар ҳам мақсад ўзгармаган — ишончни оқлаш»

Баҳо:
+4 | -1

Бугун навбатдаги Жаҳон чемпионатига старт берилади. Кетма-кет иккинчи Мундиалда ўзбек ҳаками иштирок этади. 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган ЖЧда Равшан Эрматов учун дебют бўлган бўлса, бу сафар эса энди у ўзига ишонган ҳолда Бразилия сари йўлга олган. Сафар олдидан тажрибали ҳакамимиз билан суҳбат қуришга муваффақ бўлдик.

— Бундан 4 йил олдин ЖАРга шундай мақсадда йўл олган эдингизки, у ерда ҳеч бўлмаса битта ўйинни бошқаришни истагида бўлгансиз. ЖЧ-2010да эса 5та ўйинни бошқариш сизга насиб этди. Бу сафар Бразилияга кетиш олдидан мақсадингиз қандай?
— Аввало ЖЧга йўлланмани қўлга киритганимизнинг ўзи биз учун катта бахт. Тўғрисини айтсам, бу сафар ҳам қарашларимиз ўзгармаган. Аввал бизга берилган битта ўйинни сифатли бошқаришни истаймиз. Энди биламизки, ҳар бир ўйинда сифатли ишласак, бизга яна ишонч билдирилаверади. Тўрт йил аввал ўзимизнинг ҳаракатларимиз билан ўзбекистонлик мухлисларни қанчалик хурсанд этган бўлсак, бу сафар ҳам юртдошларимизнинг ишончини оқлашга, уларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Чунки биламан, бизга мухлислик қиладиган инсонлар кўп. Мен буни ўйинларни бошқариш учун стадионга чиқиб келганимда мухлисларнинг қўллаб-қувватлашидан, инсонлар билан суҳбатлар чоғида бизни дуо қилишларидан ҳис қиламан. Бу нарса жуда ҳам ёқимли.

— Бу галги ЖЧда сиздаги руҳий босим унчалик юқори бўлмаса керак?!
— Бу сафар юрагимнинг уриши сал пастроқ бўлса керак (кулади). Ўтган ЖЧдаги ҳакамларнинг юрак уришлари таҳлил қилинганда, 64та ўйин ичида бир дақиқада юрак уришлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич бизда бўлган экан. Ҳар ҳолда, ЖЧнинг очилиш маросимида босим юқори бўлган, боз устига, энг ёш ҳакам бўлганман. Бу сафар ҳам ҳаяжон бўлади, аммо бошқарса бўладиган даражадаги ҳаяжон бўлади. Ҳар ҳолда тажрибам ошди. Ўйинларни нисбатан хотиржамроқ бошқаришга ҳаракат қиламан.

— ЖЧ ўйинларида иштирок этиш бошқа ўйинларни бошқаришдан нимаси биландир ажралиб турадими?
— Жаҳон чемпионати нафақат футбол оламида, балки спорт оламида энг йирик мусобақа ҳисобланади. Ҳар тўрт йилда бўладиган бир ойлик катта футбол байрами. Унинг ўзига яраша муҳити, шукуҳи бўлади. Масалан, ЖАРдаги ўйинларни бошқариш учун бир шаҳарга борганимизда, гўёки ўша шаҳар икки хил рангга (терма жамоалар ранглари) бўяб қўйилгандек бўлади. Ўша шаҳарда ўйнайдиган терма жамоа мухлисларининг кийимларидан тортиб, маданиятигача сезилиб туради. ЖЧдан ташқари бошқа ўйинларга эса борилади, ўйин бошқарилади ва кетилади. Мундиалда эса бир ой шу байрам иштирокчисига айланасиз, унинг ичида яшайсиз ва шу ҳаводан нафас оласиз. ЖЧ бирибир бошқача. Буни ҳис қилиб яшаш — катта бахт.

— Маълумки, мураббийлар ўз футболчиларини йирик мусобақаларга юқори формада олиб боришга ҳаракат қилади. Ҳакамлар ҳам худди шундай тарзда ЖЧ пайтида ўз формасини юқори даражада ушлаб туришга интилса керак.
— Албатта. Хабарингиз бор, биз ФИФА томонидан берилган дастур асосида машғулотларда иштирок этамиз. Биз ўйинлар тақвимини ФИФАга тақдим этамиз, ФИФАнинг жисмоний тайёргарлик бўйича инструктори эса бизга машғулот режасини юборади. Улар ҳар бир ҳакамга индивидуал равишда ёндашишади. Масалан, УЕФА ҳакамлари учун мавсум якунланди, ҳакамлар чарчаган бўлиши мумкин. Шунинг учун уларга бироз дам бериб туриб, кейин ЖЧ бошлангунга қадар жисмоний ҳолати яна юқори даражага олиб чиқилади. Бизда эса мавсум ўртаси. Чемпионат бошланишига 2 ҳафта қолганида Бразилияга борамиз ва текширувдан ўтамиз. Агар ҳолатимиз яхши бўлса, унда ушбу формани ушлаб туришга қаратилган машқлар берилади. ФИФА ҳар бир ҳакамга алоҳида ёндашади ва шу орқали ҳакамларнинг формаси юқори даражада бўлишини таъминлайди.

— Очилиш ўйини эмасу, аммо гуруҳнинг 1-тур ўйинини бошқариш сиз учун муҳим аҳамиятга эгами? Шу нарсани кутяпсизми?
— Ҳали бу ҳақида ўйлаб кўрмадим. Очилиш ўйинини бизга беришмаса керак. Бундай имконият бир марта берилади. Бизга қачон ўйин беришса, биз унга ҳар томонлама тайёр бўлишимиз керак. Бу биринчи турда бўладими ёки иккинчи турми, бунинг аҳамияти йўқ. Дастлабки турлар чемпионатнинг энди бошланиши бўлади. Барча ҳакамлар ҳам 1-турданоқ ўйинларини бошқариш имкониятига эга бўлишмайди. Шунинг учун ўз имкониятимизни кутамиз ва бизга ишониб топширилган ўйинни яхши бошқаришга ҳаракат қиламиз.

— Ушбу ЖЧда ҳакамлар иккита янгиликдан фойдаланишади. Биринчиси — голни аниқлаш технологияси, иккинчиси — кўпиклар. Ҳакамлар гол бўлган ёки бўлмаганини фақат қўлдаги соатга келадиган сигнал орқали аниқлашадими ёки кўз билан ҳам аниқлашга интилишадими?
— Аввало, инсоннинг кўзи билан кўриш имконияти бўлмаган вазиятлар юзага келмаслигини Яратгандан сўраб қоламиз. Имкон қадар ўз кўзимиз билан аниқлашга ҳаракат қиламиз. Масалан, тўп чизиқни кесиб ўтганини аниқ кўрсагу, аммо қўлимизда аппаратга гол бўлгани ҳақида маълумот келмаса, ёки аксинча, гол бўлмасаю, гол бўлгани ҳақида маълумот келса, кўр-кўрона қарор чиқармаймиз. Аввал кўз билан кўрганимизга ишонамиз. Бу технология бизга ёрдамчи вазифасини ўтайди. Лекин бу технология анча синовлардан ўтди ва максимал аниқликда ишлаши керак. Кўпикларга келадиган бўлсак, ФИФА семинарида уни бизга тақдим қилишди ва мен ундан Олий лига ўйинларида фойдаланиб келдим ҳамда мухлисларимиз ушбу янгиликни илиқ қабул қилишяпти.

— Замонавий спортда спортчилар психологлар хизматидан фойдаланишади. Ҳакамлар-чи?
— ФИФА бизга психологлар ажратган. Улар ҳар бир ўйинга чиқишимиздан аввал, ўйиндан кейин биз билан суҳбатлашишади. Бизни тинчлантиришади ёки биздаги юзага келган руҳий зўриқишни чиқариб ташлашга ҳаракат қилишади. Бунинг фойдаси катта. Биз фақат психолог хизматига қараб қолмаймиз. ЖЧ пайтида эса биз гуруҳимиз билан бирга доимо биргамиз. Автобусда ҳам, овқатланганда ҳам, машғулотда ҳам, сайрда ҳам доимо бирга юрамиз. Ўзаро кўп суҳбатлашамиз, ўйиндаги вазиятларни таҳлил қиламиз, ўрни келганда ҳазиллар қиламиз. Мана шундай қилиб, ўзимиздаги руҳий зўриқишларни чиқариб юборамиз. Баъзи ҳакамлар гуруҳи аъзолари бир-бирларини фақат машғулотда ёки умумий йиғилишларда кўришлари мумкин. Қолган пайтда эса ҳар бири алоҳида-алоҳида юришни маъқул кўришади. Амир Темур бобомиз бекорга айтмаган: “Куч — бирликда!”, деб. Биз шунга амал қиламиз.

— Бу галги ЖЧ финалида Жанубий Америка ва Европа вакиллари учрашиши эҳтимоли юқори. Шундай бўлса, финални осиёлик ҳакамлар бошқарса ажаб эмас...
— Юқорида айтганимдек, бизнинг вазифамиз ҳар бир ўйинда сифатли ишлашдан иборат. Қолганини эса вақт кўрсатади. Тақдиримизга финални бошқариш ёзилган бўлса, бизни қўллаб-қувватлаб турган, дуо қилаётган халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Олимхўжа Бўронов суҳбатлашди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:54, 12.06.2014.
Ўқилди: 7069 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.