Бугун «Оқ-тепа» қароргоҳида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда клубимиз мутасадди раҳбарлари, футболчилар ва мураббийлар штабида фаолият кўрсатаётган инсонлар иштирок этди.
Сўзга чиққан бош мураббий Александр Мочинов йиғилганларга миннатдорчилик билдириб, ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқишини маълум қилди. Қолаверса, ёрдамчи мураббий Анатолий Курлаев ва маъмур Ботир Муродов ҳам истеъфога чиқди. Клуб раҳбарияти мураббийлар штабида фаолият кўрсатган бу инсонларнинг қарорларини ҳурмат қилган ҳолда, кейинги ишларига омад тилаб, дўстона хайрлашди.
Эслатиб ўтамиз, Александр Мочинов шу йилнинг 6 февраль санасида “Оқ-тепа” жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди. Ёш мутахассис қўл остида жамоамиз Ўзбекистон Биринчилиги баҳсларида 13та учрашувда майдонга тушиб, рақиблардан бир ўйин кам ўтказган ҳолда турнир пешқадами бўлиб турибди. Қолаверса, “Оқ-тепа” Ўзбекистон Кубоги баҳсларида чорак финалга қадар етиб келди. «Оқ-тепа» қайд этган бу натижа ўзбек футболи жамоатчилиги орасида эътироф этилди.
Бугундан бошлаб жамоани навбатдаги учрашувларга Фарҳод Абдурасулов тайёрлайди. Унга ёрдамчи мураббий Азиз Муҳамедов ёрдам беради.