Ўзбекистон Кубоги ярим финал биринчи баҳсида жамоамиз сафарда "Локомотив"га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Дастлабки 10 дақиқани “темирйўлчилар” анча фаол ўтказишди. Лекин хавфли ҳолат фақат Тўраевнинг узоқ масофадан берган зарбаси туфайли содир бўлди. Унинг зарбаси ноаниқ чиқди. Кейин тайм ўрталарига қадар устунлик “шерлар” тарафига ўтди. Миладинович жарима зарбаси амалга оширилгандан кейин боши билан ноаниқ зарба йўллади. Бу ҳолатда Нестеров жамоасини қутқара олмасди. Сўнг Сергеев Искандеровнинг ажойиб тўп оширишидан фойдалана олмади. У тўпни тўхтатишда хатога йўл қўйди. 26-дақиқада эса майдон эгаларининг тезкор ҳужуми гол билан тугади. Раҳимов жарима майдончасига яқинлашиб келди ва кучли зарба йўллади. Дарвоза устунига теккан тўп дарвоза ичига бориб тушди – 1:0. Шу тариқа узоқ масофалардан зарба берган “Локомотив” мақсадига эришди. Голдан 2 дақиқа ўтиб, “Пахтакор” ўта хавфли вазиятдан фойдалана олмади. Кетма-кет берилган зарбалар йўлига ҳимоячилар ғов бўлишди. “Локомотив” қарши ҳужумларга эътибор қаратди. Бироқ ҳар икки жамоанинг кескин ҳужумлари самара бермади.
53-дақиқада Кримец стандарт ҳолатдан кейин тўп киритишга яқин келганди, аммо зарба озгина баланд кетди. “Локо”дан Шевченко яккама-якка вазиятни кўкка совурди. У зарба беришда кечикди. Натижада Лобанов хавфни бартараф этишга улгурди. 61-дақиқада Сергеев жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади. У Нестеров билан бирга-бир чиқиб борди. Ҳимоячилар таъқибидан ҳоли бўлган вазиятда жарима майдони ичида ноаниқ зарба берди. Унга ҳеч ким халал бермаётганди. Ўйин охирларида жамоалар бир қатор имкониятлардан самара чиқаришмади. Мезбонлар кичик ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолишди.
“ЛОКОМОТИВ” – “ПАХТАКОР” – 1:0 (1:0)
27 июнь. Тошкент. ТТЙМИ стадиони.
Ҳакамлар: Р.Бобомуродов, Р.Самандаров, О.Жумаев.
Назоратчи: Г.Имомов.
“Локомотив”: Нестеров, Мустафоев, Суюнов, Тўхтахўжаев, Раҳимов, Мусаев, Тўраев, Ҳасанов (катта), Карпенко (Холматов, 46), Нагаев (Ҳасанов, кичик, 46), Шевченко (Тожиев, 69).
“Пахтакор”: Лобанов, Мерзляков, Кримец, Миладинович, Ҳошимов (Машарипов, 54), Исматуллаев, Тожиев (Болтабоев, 60), Махарадзе, Козак, Искандеров, Сергеев (Солиев, 75).
Гол: Раҳимов, 26 – 1:0.
Огоҳлантиришлар: Мусаев, 54. Мерзляков, 56. Тўхтахўжаев, 68.