Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Фарҳод Абдуллаев: «Биз ЖЧ-2014 ўйинларини бошқача кўз билан кузатяпмиз»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистонлик ягона ФИФА инс­труктори Фарҳод Абдуллаев Мальдив оролларида маҳаллий ҳакамлар учун семинар ўтказди. У ФИФА томонидан ташкил этилди. Ушбу семинардан сўнг Абдуллаев Мальдивдан тўғри Покистонга йўл олди ва покистонлик ҳакамларга ҳам ФИФА йўриқномаси асосида таълим берди. Биз Фарҳод Абдуллаев билан боғланиб, айни шу семинарлар юзасидан интервью олдик.

- Фарҳод ака, Мальдив оролларидаги семинар қандай ўтди? Унда фақат мальдивлик ҳакамлар иштирок этишдими ёки...?

- ФИФА ташаббуси билан ҳакамлар учун ташкил этилган семинар ёмон таассурот қолдирмади. 5 кунга мўлжалланган семинарда 30 нафар маҳаллий рефери ҳамда 4 нафар инструктор қатнашди.

- Семинарнинг асосий мавзуси ва моҳияти нимадан иборат бўлди?

- ФИФА томонидан бу йил асосий йўналиш сифатида жаҳон чемпионати ҳакамларига берилган қўлланмалар асосида ишлаш белгилаб олинган. ЖЧ-2014 баҳсларида ишлаётган ҳакамларга қандай инструкциялар берилган бўлса, шуни барча рефери ва ассистентларга етказишимиз керак. Ҳеч кимга сир эмас, ҳакамлик қонун-қоидаларида ўзига яраша ўзгаришлар бор. Бу ўзгаришлар нималардан иборат эканлигини вақтида тушунтириб беришимиз керак. ФИФА айнан шу мақсадда қитъамизнинг қатор давлатларида турли семинарларни ташкил этмоқда. Мальдив ва Покистондаги семинарлар ҳам шу мақсадга хизмат қилади.  

- Бугунги кунда мальдивлик ҳакамларнинг савиялари қай даражада экан?

- Очиғини айтсам, савиялари унчалик юқори эмас. Лекин ҳаракат қилишяпти. Истеъдолди ёш ҳакамлар бор. Энг муҳими, улар ишлашдан тўхтаб қолмасликлари керак.

- Мальдив футболидан олган таассуротларингиз ва хулосаларингиз қандай?

- Бу мамлакат футболи ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Чунки ушбу кичик давлатда қисқа муддат бўлдим. Футболи энди ўсиб келаётган мамлакатлар сирасига киради. Лекин Мальдивда ОФК байроғи остидаги бир нечта турнир ўтказилади. Клублари ОФК кубогида иштирок этиб келишмоқда.

- Покистондаги семинар ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Унда кимлар иштирок этишди? Инструкторлар кимлар?

- Инструкторлар - мен ва малайзиялик касбдошим, ФИФА фитнес-инструктори - Аҳмад Холиди. Бу семинарда фақат покистонлик ҳакам ва инструкторлар қатнашдилар. Уларга ҳам ФИФА дастури асосида зарур маълумотлар етказдик.

- Покистонлик ҳакамлар ҳақида фикрингиз қандай?

- Покистонда ёш ҳакамлар нисбатан кўп. Лекин тажрибали инструктор етишмаяпти. Қанча кўп семинар ўтказилса, улар учун шунчалик яхши. Аммо умумий қарасак, покистонлик ҳакамларнинг юқори даражага чиқишлари йўлида анчагина ҳаракат қилиш керак.

- ФИФАнинг инструкторларга тақдим этаётган қўлланмаларида асосий урғу нималарга қаратиляпти?

- «Офсайд», яъни ўйиндан ташқари ҳолат, тўп қўл билан ўйналган вазият, қоида бузишлар, ҳакамнинг техникаси, ўйинни назорат қилиш, сариқ ва қизил карточкаларни қай вазиятда берилиши каби муҳим ҳолатларга эътибор кучли. Буни турли видеоматериаллар асосида кўрсатиб беряпмиз.  

- Голни аниқлайдиган тизим ЖЧ-2014 доирасидаги Франция - Гондурас учрашувида муваффақиятли синовдан ўтди. Тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганини такрорий лавҳа аниқ кўрсатди. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

- Ушбу янгилик ҳакамлар ишини анча енгиллаштиради. Кўп баҳсли вазиятлар шу орқали юзага келаётганди. Энди бу масалада муаммолар бўлмайди, деган умиддаман.

- Равшан Эрматов ЖЧ-2014даги илк ўйинини жуда яхши бошқарди. Тўғри, ҳакамлар ҳақида гапиришга ҳаққингиз йўқ. Лекин шунчаки, мутахассис сифатида ўша ўйиндан ташқари ҳолатга ўхшаб кўринган вазият ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик. Бу кўпчилик учун жуда қизиқ.

- ФИФА расмий қарор чиқармагунича, ўша вазият тўғрисида гапиришга ҳаққим йўқ. Гарчи бу борада қонун-қоидалардан келиб чиққан ҳолда, шахсий фикрим бўлсада.

- Шунчаки, бир мухлис сифатида ЖЧ-2014 ўйинлари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Биз - ҳакамлар, инструкторлар ўйинни бошқача кўз билан кузатамиз. Кўпинча ҳакамларнинг ҳаракатлари, позициялари ва чиқарган қарорларига аҳамият берамиз. Шу боис ўйиннинг чиройи ва завқидан кўпам баҳра олмай қоламиз. Аммо шуниси аниқки, 4 йилда бир маротаба бўладиган мундиал баҳслари мухлисларга олам-олам қувонч улашяпти. Ярим тун бўлишига қарамай, футбол ишқибозлари ширин уйқудан кечиб, учрашувларни томоша қилишяпти. «Плей-офф» босқичидан бошлаб, ўйинларга қизиқиш янада ошади.

- Ҳозиргача нечта ўйинни томоша қилдингиз? Қайси жамоаларга мухлислик қиляпсиз?

- Деярли барча ўйинларни кўрдим. Лекин бирор бир жамоага алоҳида меҳрим йўқ. Аксинча, ҳакамларга мухлислик қиляпман ва бу жараён давом этади. Ҳакамлар қанча кам хато қилишса, биз - инструкторларнинг меҳнатимиз зое кетмаган ҳисобланади, ахир.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:40, 28.06.2014.
Ўқилди: 5596 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.