Бразилияда ўтаётган Жаҳон чемпионати тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Ҳозиргина биз чорак финалнинг яна бир иштирокчисини билиб олдик. "Е" гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган Франция терма жамоаси "F" гуруҳида иккинчи ўринни қўлга киритган Нигерия терма жамоаси билан чорак финал йўлланмаси учун кураш олиб борди.
Ўйин иккала терма жамоанинг тенг курашлари остида ўтди. Жамоалар навбати билан ҳужум уюштириш ва хавфли вазиятларни юзага келтиришга ҳаракат қилишди, бироқ француз ҳимоячилари ҳам, нигериялик ҳимоячилар ҳам тартибли ўйнаб, бехато ҳаракат қилишди. Айрим вазиятларда Франция терма жамоаси таркибида Погба ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди, бироқ кўпинча уни жамоадошлари тушунишмади ёки Погбага аниқлик етишмади.
Нигерия таркибида Одемвинги ўзига билдирилган ишончини оқлай олмади, ўйин давомида Одемвинги деярли хавфли вазиятлар юзага келтира олмади.
Ўйиндаги голлар французлар томонидан иккинчи бўлим сўнггида киритилди. Бутун ўйин давомида фаол ҳаракат қилган ёш иқтидорли футболчи Погба 79 дақиқада гол киритди. Бу вазиятда ушуб муосбақада жуда илиқ таассурот қолдираётган Эньяма бурчакдан оширилган тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва ҳаммадан баланд сакраган Погба қийинчиликсиз боши билан дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи гол ҳам стандарт вазиятдан сўнг киритилди. Вақтнинг тезроқ ўтишини истаб ҳаракат қилаётган французлар Вальбуенанинг фаоллиги эвазига бурчак тўпи ишлашди. Бурчакдан Вальбуэнага тўп ошириб берилди ва у бир ҳимоячини алдаб ўтиб, жарима майдончаси ичида ёлғиз ўзи қолиб кетган Гризманга тўпни оширди. гризманга келаётган тўпга дарвозабон ва Йобо биргаликда ташланишди ва шошиб қолган Йобо ўз дарвозасини "ишғол қилди".
Шундай қилиб, Франция терма жамоаси чорак финалда ва унинг рақиби ким бўлиши бугун Германия - Жазоир ўйинидан сўнг аниқ бўлади.
ЖЧ-2014, НИМЧОРАК ФИНАЛ
ФРАНЦИЯ - НИГЕРИЯ 2-0 (0-0)
Голлар:1:0 – 79 Погба, 2:0 – 90, автогол Йобо.
Франция: Льорис, Дебюши, Варан, Косьельни, Эвра, Кабай, Погба, Матюиди, Вальбуэна (Сиссоко, 90), Жиру (Гризманн, 62), Бензема.
Нигерия: Эньема, Эмброуз, Омеруо, Йобо, Ошанива, Онази (Габриэль, 59), Оби Микел, Одемвинги, Мозес (Нвофор, 89), Муса, Эменике.
Огоҳлантириш: Матюиди (54).