Бельгия терма жамоаси гуруҳдан 1-ўрин билан чиққан жамоалар анъанасини давом эттирди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. АҚШ эса мусобақани тарк этганига қарамай, у ҳам қолган жамоалар каби рақибига қаттиқ қаршилик кўрсатди.
АҚШ ҳимояга жиддий эътибор қаратган ҳолда, ўз имкониятини кутиб ўйнади. Вильмотс шогирдлари аста-секин тезликни ошириб боришди ва асосий вақтнинг сўнгги дақиқаларида кўплаб имкониятларни юзага келтиришди. Тим Ховард бельгияликларнинг барча ҳамлаларини бартараф этишга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда АҚШликлар ғалабани илиб кетишлари мумкин эди, аммо Вондаловски яқин масофадан, дарвозабон билан юзма-юз ҳолатда дарвозага тўпни аниқ йўллай олмади.
Экстра-таймлар бошида Бельгия сафида Ромелу Лукакунинг майдонга тушиши ўйинни ўзгартириб юборди. Қўшимча бўлимлар бошланиши билан Лукаку ўнг қанотдан ҳимоячидан қочиб кетди ва тўпни Де Брюйнега узатди. Ярим ҳимоячи АҚШлик футболчиларни чалғитиб, дарвозанинг олис бурчаги томон кучли зарба берди.
Қўшимча бўлимларнинг дастлабкиси якунланиш палласида европаликлар иккинчи голни АҚШ дарвозасига йўллашди. Бунда яна Лукаку ва Де Брюйне муҳим ролни ўйнашди. Брюйне узатган тўпни Лукаку дарвозага йўллади.
Ушбу голлардан кейин гўёки ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди, аммо иккинчи бўлим бошида америкаликлар тезда жавоб тўпини киритишди. Брэдли томонидан юқорилатиб узатма натижасида Грин дарвозабон билан юзма-юз вазиятга чиқди ва тўпни ерга туширмасдан даврозага йўллади.
Бундай жавобни кутмаган бельгияликлар кейинги дақиқаларда бироз тахликага тушиб қолишган бўлса, Клинсман шогирдлари босимни оширишди. Бироз омад кулиб боққанида АҚШ ўз мақсадига эришарди ҳам.Улар жарима зарбасида комбинация ташкил этишди ва натижада Демпси деярли бирга-бир вазиятга чиқиб бораётганида зарба беришга улгурмай қолди. Ушбу вазиятдан 2 дақиқа аввал эса Ховард Лукакунинг яқин масофадан йўллаганн зарбасини қайтаришга муваффақ бўлганди. Тим Ховард учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Таъкидлаш лозимки, ўйиннинг асосий вақтига нисбатан, қўшимча 30 дақиқалик анча қизиқарли ўтди. Ўйин тақдири ҳам айнан шу экстра-таймларда ҳал бўлди.
Бельгия чорак финалда Аргентина билан баҳс олиб борадиган бўлди.
ЖЧ-2014, НИМЧОРАК ФИНАЛ
БЕЛЬГИЯ - АҚШ - 2:1 (0:0).
Асосий вақт - 0:0. Қўшимча бўлимлар - 2:1
Голлар: 1:0 – 93 де Брюйне, 2:0 – 105 Лукаку, 2:1 – 107 Грин.
Бельгия – Куртуа, Алдервейрелд, ван Бейтен, Компани, Вертонген, Феллайни, Витцель, Мертенс (Миральяс, 60), де Брюйне, Э. Азар (Шадли, 111), Ориги (Лукаку, 91).
АҚШ – Ховард, Жонсон (Йедлин, 32), Кэмерон, Безлер, Гонсалес, Бисли, Брэдли, Ж.Жонс, Бедойя (Грин, 105), Зуси (Вондоловски, 72), Демпси.
Огоҳлантиришлар: Кэмерон (18), Компани (42).