Жанубий Корея кей-лигасида ЖЧ муносабати билан эълон қилинган танаффус ўз ниҳоясига етди ва жамоалар яна "жангга киришишди". Чоршанба куни кей-лигада 14-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Унда терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров тўп сурадиган "Сеонгнам" сафарда "Инчеон Юнайтед" меҳмони бўлди ва 1:1 ҳисобида дуранг билан қайтди. Ушбу ўйинда Сервер Жепаров майдонда фаол ҳаракатлари билан жамоадошларидан ажралиб турди. Бурчак тўплари ва жарималардан берган зарбалари мезбонлар дарвозасига хавф солиб турди.
Бугун Корея футбол ассоцияцияси анъанавий тарзда ўтказиб келадиган тур рамзий терма жамоасини эълон қилди. Ушбу рамзий терма жамоа ярим ҳимоя чизиғида Квон Сун Хёнг ("Сангжу Сангму"), Мун Санг Юн ("Инчеон Юнайтед"), Ан Ёнг Ву ("Чоннам") ва Сервер Жепаров ("Сеонгнам")лар қайд этилган. Ассоцияция Жепаровга шундай таъриф беради:
"Жамоасининг ғужумдаги "ядро қуроли". Тезкор ҳаракатлари ва аниқ узатмалари билан жамоанинг ҳужумида муҳим аҳамиятга эга футболчи".
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул