Ўзбекистон терма жамоаси "Навбаҳор"га қарши ўтказилган учрашувдан сўнг терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдирар экан, Эфиопия билан ўртоқлик ўйинлари борасида музокаралар олиб борилганини таъкидлаб ўтди.
— Бу Осиё ўйинларига борадиган терма жамоанинг илк йиғини, — дея сўз бошлади М.Қосимов. — Шу боис, биринчи галда футболчиларнинг бугунги кундаги ҳолатларини текшириб, шунинг асносида асосий таркибни аниқлаб олишимиз керак. Қолаверса, йиғинимизда миллий терма жамоага номзод футболчилар ҳам бор. Бундан ташқари, Инчхонга уч нафар ёши катта ўйинчини ҳам олиб кетиш мумкин. Йиғин доирасида 4та ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. Аслида, 27 ва 29 июль кунлари Тошкентда Эфиопия терма жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилган ва шу мақсадда бир ой музокара ҳам олиб боргандик. Африкаликлар келишга розилик ҳам беришганди. Аммо якунда уларнинг режаларида ўзгариш бўлдими, буниси менга қоронғу, Тошкентга кела олмасликларини маълум қилишди. Тўққиз кун ичида тўртта учрашув ўтказиб, терма жамоага илк бор чақирилган футболчиларни кўриб олишимиз керак.
— «Навбаҳор»га қарши ўтказилган учрашувнинг иккинчи бўлимида майдонга туширилган футболчилар асосий таркибга нисбатан мазмунлироқ ва комбинацион чиройли ўйин намойиш этишди. Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
— Биринчи бўлимда «Навбаҳор» ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Легионерлари ҳам ўйнади. Бу терма жамоанинг биринчи ўйини бўлгани учун барибир ўзаро тушунмаслик ҳолатлари ҳам учрайди. Қолаверса, бугун айрим футболчилар институтга кириш учун имтиҳондан ҳам ўтиб келишди. Бу йиғиндан кўзланган биринчи галдаги вазифам асосий таркибни ташкил этадиган 14-15 нафар футболчини аниқлаб олишдан иборат. Тайёргарлик кўриш учун тўлақонли бир ой вақт қолди. Лекин 3 август куни олий лигада иккинчи давранинг бошланишини инобатга олсак, кичик муаммолар ҳам юзага келиши мумкин. Бундан ташқари, август ва сентябрь ойларида миллий терма жамоанинг йиғинлари ҳам бор. Шуларни инобатга олган ҳолда айнан ҳозир ўтказаётган йиғинимизга катта эътибор қаратяпмиз.
— 1991-1993 йилларда таваллуд топган футболчиларнинг энг кучлилари ҳозир йиғинда иштирок этишяпти, десак бўладими?
— Айнан шу футболчилардан Осиё ўйинларига борадиган таркибни аниқлаб оламиз. Юқорида айтганимдек, яна уч нафар ёши катта ўйинчиларни ҳам якуний таркибга киритамиз.
— Уч нафар ёши катта футболчилар масаласида қачон бир тўхтамга келасиз? Чунки асосий таркиб деярли шаклланганидан кейин қўшиладиган ёши катта футболчилар терма жамоа ўйинини бузиб қўйишмайдими?
— Бундай деб ўйламайман. Аксинча, тажрибали футболчилар ёрдам беришади. Уларни олий лигада ўйнаётган ўйинчилар орасидан танлаб оламиз. Легионерларни чақириш қийинчилик туғдиради. Чунки, Осиё ўйинлари ФИФА кунига тўғри келмайди. Хориж клуби раҳбарлари ҳам футболчиларни узоқ муддатга қўйиб юборишмаса керак. Шундай бўлса-да, улар билан музокаралар олиб борамиз.
— Озарбайжонга миллий терма жамоа борадими ёки Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган жамоами? Бу масалада бир тўхтамга келиндими?
— Шу масалани ўйлаяпмиз. Менимча, кўпроқ ҳозирги таркиб билан боришга ҳаракат қиламиз. Боиси, олдимизда турган биринчи мусобақа бу Осиё ўйинлари ҳисобланади. Сентябрь ойида Тошкентда иккита ўйинимиз бор. Иордания ва Янги Зеландияга қарши ўтказиладиган баҳсларда миллий терма жамоамиз футболчилари майдонга тушадилар.
— Осиё ўйинларида терма жамоа делегацияси, хусусан мураббийлар штабига сон жиҳатдан чекловлар бўлади. Чунки терма жамоа барча спорт тури вакиллари қатори олимпия қишлоғида истиқомат қилади. Шу маънода, мураббийлар штабидаги ёрдамчингизни аниқлаб олдингизми?
— Ҳали вақт бор. Яқин кунларда бунга ойдинлик киритамиз.
28 июлгача давом этадиган йиғин давомида Қосимов шогирдлари яна учта назорат учрашувида майдонга тушишади. Аввал «Металлург», 26 июлда «Пахтакор», 28 июль санасида эса «Олмалиқ» клубларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказилади.
Камолиддин АЛИМОВ