Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги 1991 ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчилардан иборат терма жамоа назорат учрашувида «Металлург» устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу йилнинг сентябрь ойида Инчеон шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Бекободнинг «Металлург» клубига қарши назорат учрашувида майдонга тушди.
Қизиқарли кечган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов танаффусда асосий таркибда майдонга туширилган барча футболчиларни алмаштирди. Фақатгина дарвозабон Элдор Суюнов ўйинни тўлиқ ўтказди. Дастлаб, Азим Аҳмедов ўйиннинг 64 дақиқасида ҳисобни очди. Орадан 6 дақиқа ўтиб, бекободлик футболчилар ҳисобни тенглаштиришди. Миржалол Қосимов шогирдлари фақатгина ўйин сўнгида ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлишди. Игорь Сергеев ҳакам томонидан қўшиб берган дақиқаларда ғалаба тўпи муаллифига айланди - 2:1.
Эслатиб ўтамиз, 1991 ва ундан кейинги йилларда таваллуд топган футболчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси 20 июль куни Тошкентда ўз йиғинини бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Миллий терма жамоа бош мураббийи мазкур йиғинга 26 нафар футболчини жалб этган ва бу футболчилар орасидан Осиё Ўйинларида иштирок этадиган таркибни саралаб олади.
Йиғин давомида тўртта назорат учрашувида майдонга тушиши режалаштирилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 22 июль, сешанба куни Олий Лига вакили «Навбаҳор» клубига қарши илк назорат учрашувида йирик - 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги терма жамоа бугунги ўйиндан ташқари яна иккита назорат учрашувида майдонга тушадилар. Жумладан, 26 июль куни «Пахтакор» клубига қарши ўйин ўтказилса, 28 июль «Олмалиқ» клубларига қарши назорат ўйин ўтказилади.
Назорат учрашуви.
24 июль, пайшанба, ЖАР стадиони.
Ўзбекистон – Металлург (Бекобод) - 2:1
Голлар: Азим Аҳмедов (64), Игорь Сергеев (90+1) - Дилмурод Каримов (70)
Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Салим Мустафоев, Егорь Кримец, Бобур Йўлдошев, Азамат Исроилов, Дилшод Жўраев, Владимир Козак,Жамшид Искандеров, Сардор Рашидов, Шаҳзод Нурматов, Наврўз Олимов.
Захирадан майдонга тушганлар: Акбар Исматуллаев, Сардор Раҳмонов, Шерзод Файзиев, Диёр Туропов, Азим Аҳмедов, Фарруҳ Сайфиев, Алибобо Раҳматуллаев, Павел Смоляченко, Сардор Мирзаев, Игорь Сергеев, Жавлон Мирабдуллаев.