“Шўртан” ПФК матбуот хизматининг раҳбари Толибжон Қосимовнинг бизга берган маълумотларига кўра, Ўзбекистон Биринчилиги-2014да қатнашаётган Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси биринчи босқични муваффақиятли якунлаб, навбатдаги босқичга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Айни пайтда “оқ бўрилар” бош мураббий Мухтор Қурбонов, ёрдамчи мураббий Зоир Тўрақулов ва дарвозабонлар мураббийи Эркин Мирзаев бошчилигида Тошкент вилоятининг Чорвоқ оромгоҳида мавсумнинг кейинги босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Машғулотлар асосан жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолатини кучайтиришга қаратилган.
Тайёргарликлар 2 августгача ана шу ерда давом эттирилади. 22 июлдан кейинги босқичга тайёргарлик йиғинини бошлаган жамоа 23 июль куни Тошкент шаҳрида тиббий кўрикдан ҳам ўтишди. Жамоани ҳозирча ҳужумчи Муқим Тошматов тарк этган. Шунингдек, жамоада тўрт нафар янги ўйинчи ҳам кўрикдан ўтмоқда, аммо ҳали бу ўйинчиларни жамоада қолиш ёки қолмаслиги тўлиқ ҳал этилмаган.
Мураббийлар режаси бўйича, тайёргарликларни кейинги босқичи, яъни 2 августдан 8 августгача Тошкент шаҳрида давом эттирилади, шундан сўнг тайёргарликлар Ғузорга кўчирилади. Ўзбекистон Биринчилиги бўйича навбатдаги босқич учрашувларига ҳали қуръа ташланмаган, тахминиимизча иккинчи босқич учрашувлари 16 августларда бошланиши кутилмоқда.
“Шўртан” жамоаси мухлисларнинг хабари бор, жамоа Ўзбекистон биринчилигининг «Ғарб» минтақасида 62 очко тўплаб, якка пешқадамлик қилмоқда, шуни айтиш жоизки, жамоанинг асосий вазифаси кейинги йилда ўз иштирокини Олий лигада давом эттириш. Ҳозирдан барча ҳаракатлар ана шу мақсадга эришишга қаратилган.
Куни кеча “Шўртан” жамоаси Тошкент вилоятининг “Дўстлик” стадионида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Ушбу учрашувда ҳар иккала жамоа асосий ўйинчиларини майдонга туширишди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувдаги “оқ бўрилар” голига Александр Востриков муаллифлик қилди.
Навбатдаги ўртоқлик учрашуви Наманганнниг “Навбаҳор” жамоасига қарши 30 июлда ўтказилади. Ушбу учрашув ҳам “Дўстлик” стадионида бўлиб ўтади.
Кўриниб турибдики, жамоа ўз кучини энди Олий лига жамоалари билан синаб кўрмоқда.