Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

«Локомотив» янги футболчиларни таништирди

Баҳо:
+ | -

31 июль, пайшанба куни “Локомотив” ПФК қароргоҳида жамоага янги келган футболчиларни таништирув маросими ҳамда ушбу футболчилар ва бош мураббий иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда “Локомотив” ПФК жамоа бошлиғи Қобил Юнусов ҳамда клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамовлар ҳам иштирок этишди.

Аввало, жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов клубдаги селекция ишлари борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ўз сафимизга қўшиб олишни истаган барча футболчилар таклифимизга розилик беришди. Селекция ишларимиздан кўнглим тўлди. Иккинчи давра қай даражада тўғри йўл тутганимизни кўрсатиб беради” деб умид қиламан", — деди Абрамов.

Ундан сўнг Вадим Карленович журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

— Трансфер ойнаси клуб учун якунландими ёки биз яна бошқа ўзгаришларни кўришимиз ҳам мумкинми?
— Футбол шунақанги нарсаки, ушбу “ойна” ҳеч қачон ёпилмайди. Футболда барча нарса тезлик билан ўзгаради. Агар эртага кимнингдир ўйнагиси келмай қолса ёки “Милан”, “Реал” каби жамоалардан футболчиларимизга таклиф тушиб қолса уларни мажбуран олиб қола олмаймиз. Биз доимо клуб учун қўлимиздан келган ишни қиламиз. Лекин, эътиборга молик янгиликларни эшитишимиз эҳтимоли кам. Яхши футболчини эса ҳеч ким рад этмайди.

— Клуб сўнгги икки йил ичида 30 га яқин янги футболчини ўз сафига қўшиб олди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ушбу трансферлардан кўнглингиз тўлдими?
Жамоа бошлиғи Қобил Юнусов: — Айтиб ўтганингиздек, биз кўплаб футболчиларни кўрикдан ўтказдик, жамоага жалб қилдик. Айни пайтда жамоамиз олдига катта вазифалар қўйилган. Раҳбарият томонидан олдимизга Ўзбекистон чемпиони бўлиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли, бош мураббийимиз томонидан сўралган футболчиларни имкон борича ўз сафимизга қўшиб олдик.

— Мана шундай трансфер сиёсатини неча йил олиб бориш мумкин деб ўйлайсиз?
— Чемпион бўлганимиздан сўнг олдимизга бундан-да каттароқ вазифалар қўйилади. Чемпионлар Лигасида ҳам муносиб иштирок этишни мақсад қилганмиз. Агар темирйўл соҳасидан хабарингиз бўлса, поезднинг энг аввалида Локомотив юриши зарур. Жамоамизнинг сиёсати ҳам шундай. Биз ҳам футболда биринчи бўлмоқчимиз.

— Агар “Локомотив” ва “Пахтакор”дан футболчилар Осиё ўйинларига олиб кетиладиган бўлса “Бунёдкор”да ўзига хос устунлик юзага келиши мумкин...
— Умид қиламизки, ЎФФ ҳамда ПФЛ бу борада бизга ёрдам беради. Чунки, биз ҳам ўз футболчиларимиз орқали терма жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Балки, ўйинлар бошқа муддатга қолдирилар.

— Биринчи давра якунларига кўра жамоангиз учун энг қийин бўлган ўйин қайси деб ҳисоблайсиз?
Вадим Абрамов: — Мен жамоани қабул қилиб олган вақтимда деб ўйлайман. Футболчилар жамоадаги таркиб ўзгариши даврида кўникиб олиш учун бироз қийналадилар. Умуман олиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ўйин қийин ўтди. Айнан битта ўйинни ажратиб кўрсатиш қийин. Агар қайсидир ўйинни айтиш керак бўлса, “Насаф”га қарши бўлиб ўтган учрашувни айтиб ўтган бўлардим. Уларда ажойиб жамоа бор. Ушбу жамоага қарши ўйнаш қийинчилик туғдирди.

— Биринчи даврада жамоага бир қанча легионерлар таклиф қилинди. Улар талабга жавоб бера олишдими?
Қобил Юнусов: — Ҳа, легионерлар билан ишладик. Улар қишки йиғинимизда қатнашишди, мураббийларда яхши тассуроот қолдиришди. У пайтда бош мураббий бошқа эди. Футболчилар ҳам айнан ўша мураббийнинг ўйин услубига мос эди. Шу сабабли улар билан шартнома имзолаб, жамоамиз аъзоси сифатида рўйхатдан ўтказгандик. Лекин кейинчалик мураббий алмашганидан сўнг янги бош мураббийнинг ўйин услубига тўғри келмагани учун ушбу футболчилар билан хайрлашишга қарор қилдик.

— Бундай ҳолатни кўп кўрамиз. Яъни, доим футболчилар таклиф этилади, аммо улар ўзларини кўрсата олишмайди...
— Ўйинчилар таклиф қилинганда улар билан ўртоқлик учрашувлардаги ҳаракатларига асосан келишувга эришилади. Аввалига яхши ўйин кўрсатишди, талабга жавоб беришди. Аммо кейин об-ҳаво ўз таъсирини ўтказди. Ҳаво салқинроқ пайтда яхши ўйин кўрсатишди. Кунлар исиб кетгани сабабиданми, ўз ўйинларини намойиш эта олишмади. Шу сабабли легионерлар билан хайрлашдик.

— Австриядаги йиғин вақтида “Локо”нинг “Боруссия” Дортмунд жамоасига қарши ўйин ўтказиши ҳақида хабар қилинди. Кейин эса ушбу клубнинг ёшлар жамоасига қарши баҳс ўтказилди. Асосий таркиб билан ўйнашга келишиб олинганмиди ёки...
Вадим Абрамов: — Ҳа, биз “Боруссия”нинг иккинчи жамоасига қарши майдонга тушдик. Лекин ишонинг, бу жамоага қарши ўйнаш асосийсига қараганда қийинроқ экан. Чунки у ердаги ёшлар асосий таркибга кириш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишади. Ушбу ўйинни телевидениега тақдим этганмиз. Балки кўрганингиздан сўнг ўзингиз ишонч ҳосил қиларсиз. Биз умуман “Боруссия Д” билан ўйнашга келишиб олгандик. Якунда эса улар иккинчи таркиб билан бизга қарши майдонга туширишга қарор қилишди. Асосий таркиб футболчилари эса “Герта” билан ўйнашди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида жамоага қўшиб олинган футболчилар иштирок этишди ва улар клубнинг янги футболчилари сифатида расман таништирилди.

Клубга мавсумлар оралиғида Алишер Шоғуломов, Александр Гейнрих, Артём Филипосян, Дилшод Раҳматуллаев, Марат Бикмаев, Саҳоб Жўраев, Шавкат Муллажонов каби футболчилар қўшиб олинди.

Улар ҳам бир қанча саволларга жавоб бериб ўтишди. Аввалига барча футболчиларга умумий қилиб нима учун айнан “Локомотив”га ўтганликлари ҳақида савол берилди. Футболчиларнинг деярли барчаси умумий қилиб “Жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйгани учун” деган жавобни беришди.

— “Локомотив”га ўтишдан олдин бошқа жамоалардан таклиф бўлганмиди? Ҳусусан, “Пахтакор”дан (Александр Гейнрихга берилган савол).
— Йўқ. “Пахтакор” жамоаси томонидан менга ҳеч қандай таклиф билдирилмади.

— “Локомотив”га ўтаётганда рақобатдан чўчимадингизми? (Шавкат Муллажоновга берилган савол)
— Рақобат бўлишини билганим учун ҳам “Локомотив” таркибига келиб қўшилдим. Агар рақобат бўлмаса қандай ўсаман? Мен ҳам чемпион бўлишни истайман. “Олмалиқ” билан эса чемпион бўлишга кўзим етмади.

— Артём, Хитой клуби билан шартномангиз қанчага мўлжалланганди?
— Хитойликлар билан икки йиллик келишувим бор эди. У ерда тўртта ўйинда майдонга тушдим. Лекин жамоада раҳбарият ва мураббийлар алмашди. Улар маҳаллий футболчиларни ўйнатишни маъқул кўришди. Шу сабабли кетишга қарор қилдим.

— Саҳоб, “Бунёдкор” билан орангизда келишмовчилик юзага келдими?
— Ўзбекистонда айнан “Локомотив”ни менинг савиямга мос деб билганим учун бу клуб сафига келиб қўшилдим. “Бунёдкор” мураббийлари жамоада қолишимни исташмади. Сўнгги хориж йиғинига ҳам олиб кетишмади. Шу сабабли улар билан хайрлашдим. Агар “Локо”нинг таклифи бўлмаганида нима қилардим? Бошқа жамоа қидирардим.

Тадбир сўнггида янги футболчиларга уларнинг рақамлари туширилган либослар тақдим этилди. Унга кўра:
Алишер Шоғуломов 70;
Александр Гейнрих 50;
Артём Филипосян 60;
Дилшод Рахматуллаев 61;
Марат Бикмаев 75;
Cаҳоб Жўраев 55;
Шавкат Муллажонов эса 35-рақамда ҳаракат қиладиган бўлишди.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 18:18, 31.07.2014.
Ўқилди: 6848 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.