Бугун Ўзбекистон спортининг кўзгуси ҳисобланган Олимпия шон-шуҳрати музейида жорий йилнинг 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган иккинчи ўсмирлар Олимпиада ўйинларининг йўлланмаларини қўлга киритган спортчилар ва уларнинг мураббийларга Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мукофотлари тантанали суръатда топширилди.
Барчамизга яхши маълумки, қарийиб икки йил давомида ўтказилган лицензион мусобақалар ғоятда муросасиз курашлар остида ўтди. Эътиборлиси, мазкур мусобақаларда иштирок этган ёш, умидли спортчиларимиз озод ва обод юртнинг фарзандлари ҳеч кимдан кам эмасликларини дунё аҳлига яна бир бора намоён этдилар.
Ҳақиқий байрамона рухда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, сенатор Мираброр Усманов ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев сўзга чиқиб, Давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортга, хусусан болалар ва хотин-қизлар спортини янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратиб берилаётган шаршароитлар халқаро майдонларда қўлга киритилаётган муваффақиятларимиз салмоғини йилдан-йилга юксалиб боришида муҳим омил бўлаётганлигини, бунга ўсмирлар Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилган мусобақаларда ёш спортчиларимиз томонидан эришилган ғалабалар ёрқин мисол бўлишини мамнуният билан таъкидлаб, ўта кучли рақобат остида ўтган мусобақаларда ўзларининг маҳорат ва тажрибаларини ҳар томонлама намоён этган спортчилар ҳамда мураббийларга миннатдорчилик изхор этдилар ва бўлажак ўйинларда ҳам зафарли одимларни давом эттириб, Давлатимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрамига ҳушхабарлар билан қайтишларини тиладилар.
Ўз навбатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Светлана Кузнецова ҳамда бокс бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони, “Нанкин-2014” ўсмирлар Олимпиадасининг очилиш тантаналарида Давлатимиз байроғини стадион узра олиб ўтиш бахтига муяссар бўлган Бектемир Мелиқўзиев спортчи ва мураббийлар номидан сўзга чиқиб, ўсмирлар олимпиадасида ҳам Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилишга ва халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаш учун бор куч ва маҳоратларини намоён этишга ваъда бердилар.
Шундан сўнг, Олимпиада ўйинларига йўлланма олган ва лицензияларни қўлга киритилишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган жами 35 нафар спортчимизга Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Эслатиб ўтамиз, иккинчи бор ўтказиладиган ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларида 28 нафар спортчимиз 14 спорт турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладилар. Мамлакатимиз делегацияси аъзолари 11 август куни Нанкин шаҳрига йўл оладилар.