Норвегиянинг Тромсё шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 9-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Финляндия билан баҳс олиб борган бўлса, аёллар термамиз Кубага қарши дона суришди.
Эркаклар
Ўзбекистон терма жамоаси Финляндия устидан чиройли ғалабага эришди. Дастлаб Антон Филиппов рақибини мағлуб этган бўлса, Марат Жумаев ўйин сўнгида ўз фарзинини қурбон бериш эвазига чиройли услубда рақибини мот қилди. Қора доналарда ўйнаган Жаҳонгир Воҳидов баҳс давомида қийин аҳволга тушиб қолишига қарамай, ўйин сўнгида ғалабани илиб кетди. Ҳамюртимиз пиёдасини тезроқ фарзингача олиб чиқди ва ҳақли ғалабага эришди. Рустам Қосимжонов ҳам зафар қучиши мумкин эди. Ўйин давомида моддий ва ҳудудий устунлик Қосимжонов томонида бўлди. Бироқ томонлар дурангга рози бўлишди. Натижада 3,5-0,5 ҳисобида терма жамоамиз ғалаба қозонди.
Ушбу ғалабадан кейин Ўзбекистон жадвалда 15-ўринга кўтарилиб олди. Ўнинчи турда жамоамиз Голландия билан баҳс олиб боради. Голландлар мусобақада 11-рақам остида тартибланишган ва 11-ўринни эгаллаб туришибди. Улар ҳисобида Ўзбекистон каби 13 очко мавжуд.
Жадвални 15 очкодан жамғарган Хитой ва Франция терма жамоалари бошқаришмоқда. Украина ва Озарбойжон 14 око билан кейинги ўринларда боришмоқда.
Аёллар
Қизларимиз Куба устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонишди. Ирина Геворгян рақибасини мот қилган бўлса, қолган шахматчиларимиз — Сарвиноз Қурбонбоева, Севара Боймуродова ва Моҳинур Қаҳрамонова ўз партияларини дуранг билан якунлашди. Якуний ҳисоб — 2,5-1,5, Ўзбекистон фойдасига.
Ушбу ғалаба терма жамоамизни 23-ўринга олиб чиқди. Қизларимиз 10-турда Чехия терма жамоасига қарши баҳсларда иштирок этишади. Чехияликлар ҳам Ўзбекистон каби 12 очко тўплашган ва 16-ўринни эгаллаб туришибди.
Барча ўйинларда ғалаба нашидасини сурган Россия терма жамоаси 1-ўринни эгаллаб турган бўлса, фақат русларга ютқазган Хитой 2-ўринни банд этиб турибди. Украина эса 3-ўринда бормоқда.