Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Диди нозик» ҳужумчи...

Баҳо:
+ | -

Омадсизликлардан боши чиқмай қолган “Арзанда” клуби трансфер бозорида янги харидга қўл урди. Вей, роса шов-шув бўлди бу харид ўзиям. Жуда катта маблағ сарфланди. Ойлигиям палон сўммиш. Фақат бу ҳужумчи деганлари сал инжиқроқ экан-да. Аниқроғи, диди нозикмиш. “У айтган ҳамма шароитни қилиб берсаларинг, конкретний ўйнайди” деди ҳужумчининг агентни сара асални мақтагандай оғзидан бол томиб. Ҳужумчини дарров таркибга қўшиб олишди. “Легионер-да у, легионер”, деди бош мураббий таништирув маросимида сўзга чиқиб. “Бизга легионер керак девдиларингми? Мана, сизга буюк футболчи”, Бу ёғи қарс-қурс, олқишлар. Раҳбарлар эса “Мана, биз ҳам ишлаяпмиз”, дегандек керилиб ўтиришибди.

Хуллас, клуб тайёргарлик ўйинларига киришиб кетди.
— Жа кучли жамоалар билан ўйнаворсак, футболчиларни чарчатиб қўямиз, — дейишди раҳбарлар қурултой ўтказиб. — Мундайроқлари билан ўйнасак ҳам бўлаверади. Тўп тепишни билишса бўлди-да. Бу ёқда чиқимиям камроқ бўлади.

Каттанинг гапи гап. “Арзанда” жамоаси ўртоқлик ўйинларини бошлаб юборди. Рақиб жамоанинг номини эса ўша ерга борганида билишди.
— Эй, Тепиб Толмасов, — деди бош мураббий янги ҳужумчини олдига чорлаб, — асосийда тушасан. Бир ўзингни кўрсат.
Ўйин бошланди. Рақиб ҳам жа “кучли” экан, биринчи бўлимнинг ўзида нақ тўртта тўп ўтказиб юборди. Бу эса бош мураббий учун айни муддао бўлди.

— Зўр жамоа экан-ей, — деди у ёрдамчисига боқиб. — Нима дединг? Айниқса, ҳимоячилари билан дарвозабонлари даҳшат экан! Ўйинни қара. Кўрдингми, айтгандим-ку сенга шу жамоани танласак, адашмаймиз деб. Сен бўлсанг нуқул кучли клубларни айтасан. Ўзинг бир ўйлаб кўр, биз Англияга борсак-да, ютқазиб қайтсак, мухлисларнинг олдида уялиб қолмаймизми? Ундан кўра, мана буларни янчиб ташлаб, керилиб юраверамиз. Сен қаерданам тушунардинг бу фалсафани?
— Ҳа, — деди ёрдамчи мураббий гарчи тўлиқ тушунмаса-да, — сиз ҳақсиз.

Тепиб Толмасов нақ тўртта гол урди. Ана энди кўринг томошани. Мухлислар наздида қаҳрамонга айланган легионер оёғининг остида ер борлигини унутиб ҳам қўйди. Раҳбарларга-ку Худо берди: “Биз биламиз-да нима қилишни”. Телевизорларда нуқул Тепиб Толмасовнинг голлари айлана бошлади.

Ниҳоят, “Арзанда” жиддий мусобақаларда иштирок эта бошлади. Дастлабки ўйин кутилмаган натижа билан тугади, жамоа рақибига йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Легионер эса ўйинда кўринмади ҳам.

— Бу нимаси? Нега ўйнолмадинг? — жиғибийрон бўлди бош мураббий ўйиндан сўнг Тепиб Толмасовга қараркан.
— Стадион яхшимас, — пинагини ҳам бузмади Тепиббек. — Айтгандим-ку сизга дидим нозик деб. Мен бунақа стадионларда ўйнаб ўрганмаганман. Ўзингиз кўринг аҳволни, чим бир текис эмас, тўп яхши айланмайди, ҳимоячилар узатган тўп менгача етиб келмаяпти. Стадион айбдор, стадион.

Бош мураббий ишонишга мажбур бўлди. Ҳартугул, кейинги ўйин ўз уйида бўлади. “Арзанда”нинг стадиони яхши, чими бир текис. Шуларни ўйларкан, бош мураббий кейинги ўйинда ғалаба қозонишларига ишонди.

Лекин кейинги сафар ҳам “Арзанда” ютқазди. Тепиб Толмасов эса майдонда йўқолиб қолгандек эди. У ёққа югурди, бу ёққа югурди, лекин на тўп тепди, на гол урди.
Бош мураббий тағин жаҳл отига минди.
— Бу нимаси, Толмасов, яна нега ўйнолмадинг?
— Об-ҳаво иссиқ, мен бунақа шароитда ўйнаб ўрганмаганман, — дея пинагини ҳам бузмай жавоб қайтарди Тепиббек. — Айтгандим-ку сизга дидим нозик деб. Иссиқда пешонам терлаб, тер кўзимга кириб, ачишяпти. Шунга ўйнолмадим.

Бош мураббий тилини тишлади. Наилож, кўнишга мажбур эди. Учинчи ўйин меҳмонда ўтказилади. Мураббий ўйиндан олдин об-ҳаво салқин бўлишини, стадион халал бермаслигини чин дилдан истади.

Хайрият, нияти самимий экан, ўйин куни ҳаво салқин бўлди. Яна рақиб жамоанинг стадиони ҳам зўр экан. Бош мураббий Тепиб Толмасовни майдонга туширар экан, секин шивирлади,
— Об-ҳаво зўр, стадион ҳам яхши, энди ўзингни кўрсат, шоввоз.

Тепиб Толмасов ўйинга киришиб кетди. Роса югурди лекин тўпнинг орқасидан. Аммо бу сафар ҳам ҳеч нарсани амаллай олмади. Ўйин “Арзанда”нинг мағлубияти билан якунланди.
Тамом. Бош мураббийнинг тоқати тоқ бўлди. Кийим алмаштириш хонасига киргач, ўйинчиларни обдан уришди-да, Тепиб Толмасовга юзланди:
— Энди нима дейсан, Толмасов? Ҳамма нарса етарли эди, нега яна ҳеч нарсани эплолмадинг?
— Ҳамма нарса етарли? — деди легионер пешонасини тириштириб. — Қўйсангиз-чи, сиз анави ҳар томонни ўраб олган мухлисларни кўрдингизми? Уларнинг ҳуштакларини эшитдингизми? Мен бунча мухлис олдида ўйнолмайман. Ҳам ҳуштакка аллергиям бор. Айтдим-ку дидим нозик...

Бу ёғига бош мураббийнинг тоқати етмади.
— Ҳе дидингга сенинг... — дея тўнғиллаганча бошини чангаллаб қолди. Сўнг ёрдамчисига юзланди:
— Менга қара, манави легионер билан шартномани бекор қиламиз. Бошқа ҳужумчи топиш керак.
— Қанақа бўлсин ҳужумчи?
— Қанақа бўлсин? Яхши ўйнайдиган, тажрибали. Энг муҳими, диди нозик бўлмасин. Шошма, яхшиси, умуман диди бўлмасин. Тушундингми? Менга қара, тағин журналистлар сўраб қолишса, “Легионеримиз яхши ўйнолмади, адашган эканмиз”, дема. “Клуб муносиб хизматлари учун Тепиббек Толмасовга миннатдорчилик билдиради”, де. Хўпми?

Хуллас, Тепиббек бошқа клубга бериб юборилди. Бизга келган келган хабарларга кўра, у ерда ҳам “нозик диди” билан донг таратганмиш. Майли-да, ахир бундай дид ҳаммага ҳам насиб этавермайди-ку.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:52, 17.08.2014.
Ўқилди: 7315 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.