"Пахтакор" - "Машъал" учрашувидан кейин Самвел Бабаян журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
"Йигитлар ўйинга берилган барча кўрсатмаларни тўғри бажаришди. Ҳимояда ўйнаш, ҳужумга ўтишда жуда яхши ҳаракат қилишди. Уларга бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Мухлисларга биз намойиш қилган футбол ёқди деб ўйлайман.
Иккинчи гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Бунгача тўпни назорат қилдик, хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Ушбу гол энг муҳим гол бўлди дейиш мумкин.
Олий лигада барча жамоа “Пахтакор”га қарши энг яхши ўйинини кўрсатишга интилади. Турнир жадвалидаги ўрин бунда аҳамият касб этмайди. “Андижон” охирги ўринда тургани ва бир қанча футболчисиз ўйнагани билан бизга жиддий қаршилик қилди. Биз билан ўйнаган клублар кейинги учрашувларга тайёрланишда муаммоларга дуч келишяпти. Бизга қарши ҳамма бор кучи билан ўйнайди.
“Машъал”ни мавсум бошланишидан аввал бу йил яхши натижа кўрсатиши мумкинлигини айтгандим. Хомяков жамоа тарбияланувчилари билан яхши ўйинлар намойиш этяпти. “Машъал” мураббий ўзидан нима талаб этаётганини яхши билади ва шунга яраша ўйин кўрсатади", - дейди Бабаян.