Португалиялик мутахассис Жозе Моуриньони танимаган футбол ишқибози бўлмаса керак. Чунки у нафақат ажойиб натижалари, балки ўзига хос характери билан ҳам мухлислар назарига тушган. Биз бугунги саҳифамизда ана шу мутахассиснинг ўзига хос жиҳатларига тўхталамиз.
СЕВИМЛИ ҚЎШИҒИ — БРАЯН АДАМС, «RUN TO YOU»
Жозе танаффус пайтида, жамоа кийим алмаштириш хонасига кирганида канадалик қўшиқчи Браян Адамснинг «Run to you» қўшиғини тинглайди. Умуман, португалиялик мутахассис бу қўшиқни тез-тез эшитиб туради. Жозе мазкур тарона асабини тинчлантириб, хотиржам ишлашига кўмак беришини таъкидлайди. Шунингдек, Моуриньо «Пинк Флойд» гуруҳи ва Фил Коллинзни севиб тинглайди.
СЕВИМЛИ ФИЛЬМИ — «ФАНТАСТИК ТЎРТЛИК»
«Илгари жиддий фильмларни ёқтирардим, лекин кўришга вақт бўлмасди. Кейинчалик эса фантастик йўналишдаги киноларга қизиқиб қолдим», — дейди Моуриньо. Ўзингизга маълум, «Фантастик тўртлик» фильми ғайриоддий қобилиятга эга бўлиб қолган тўрт қаҳрамон саргузаштларидан иборат.
СЕВИМЛИ КИТОБИ — ИНЖИЛ
Жозе илк бор «Челси»да ишлаганида футболчи ва мураббийлар тўлдириши керак бўлган сўровноманинг “Қайси китобни ёқтирасиз?” дейилган бандига «Инжил» деб ёзганди. Ўшанда инглиз матбуоти мазкур ҳолатни ҳазиломуз тарзда «Балки, Моуриньо бу билан ўз таржимаи ҳолидан фахрланмоқчи бўлгандир», дея таърифлаганди.
ДАМ ОЛИШ УСУЛИ — «ДИСНЕЙЛЕНД»НИ ТОМОША ҚИЛИШ
«Париждаги Диснейленд дам олиш учун қулай жой, шунинг учун ҳам мен охирги вақтларда фақат шу ерда дам оляпман. Бу ерда кўзим майдон-у тўпдан йироқда бўлади ва болаларим билан хотиржам дам оламан, муҳими, мени ҳеч ким танимайди». Бу Жозенинг ўз танловига бўлган изоҳи.
МОУРИНЬОНИНГ РАФИҚАСИ
«Уйда ғирт бекорчиман. Ҳеч нарса қилмайман, ҳатто лампочка ҳам ўрнатмайман. Ҳамма ишни мен учун аёлим бажаради», — дейди Моуриньо. Унинг рафиқаси Англия футболида мафтункор аёл сифатида машҳур. Шу сабаблими, инглиз матбуотида тез-тез чиқиб туради.