Россиянинг Челябинск шаҳрида дзюдо кураши бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бошланди. Бу сафарги дунё биринчилигида 110 давлатдан жами 638 нафар (387 нафар эркак – 251 нафар аёл) спортчи 14 вазн тоифасида (7 – 7) ғолиблик учун бел олишмоқда.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини 11 нафар ( 9 нафар эркак – 2 нафар аёл) спортчимиз ҳимоя қилишмоқда.
Мусобақаларнинг биринчи куни вазни 60 кг.гача бўлган спортчилар ўртасида беллашувлар ўтказилиб, қизғин кечган баҳслар якунларига кўра мўғилистонлик Болдбаатар Ганбат олтин медалга сазовор бўлди. Афсуски, ушбу вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Диёрбек Ўрозбоев совриндорлар сафидан ўрин олмади.Диёрбек дастлабки беллашувда Бразилия, иккинчи босқичда эса Эквадор вакилини мағлуб этиб, учинчи беллашувда қозоғистонлик спортчига имкониятни бой берди.
Вазни 66 кг.гача бўлган полвонлар беллашувида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган икки карра Олимпиада ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Ришод Собиров саралаш босқичида Қирғизистон, Сербия, Бразилия спортчиларини енгиб, франциялик спортчига имкониятни бой берди ва ўтиш мусобақалари орқали бронза медали учун курашни давом эттирадиган бўлди. Ушбу босқичда ҳамюртимизнинг дастлабки рақиби украиналик Георгий Зантария бўлади.
Биринчи кун бўлиб ўтган мусобақада, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида вазни 48 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида татамига чиққан юртдошимиз Муқаддас Кубеева биринчи беллашувда Непал вакилини мағлуб этиб, иккинчи учрашувда украиналик спортчига имкониятни бой берди.
Қуйида қолган вазн тоифаларида мамлакатимиз терма жамоаси аъзоларининг дастлабки рақиблари берилган:
Эркаклар.
73 кг. Мирали Шарипов – Ли Голдер (Янги Зеландия)
73 кг. Сарвар Шомуродов – Қосим Популов (Туркманистон)
81 кг. Шаҳзод Собиров – Герман Аяла (Мексика)
81 кг. Шуҳратжон Арслонов – Фортер Валоис (Канада)
90 кг. Шерали Жўраев – Нурали Ялкаров (Туркманистон)
100 кг. Соиб Қурбонов – Л.Бойякуб (Жазоир)
+100 кг. Абдулла Тангриев – Борко Бор (Венгрия)
Хотин-қизлар
70 кг. Гулноза Матниёзова – Иляна Марзок (Германия)