Россиянинг Челябинск шаҳрида дзюдо бўйича Жаҳон чемпионатида бугун ҳам 2та вазн тоифасида баҳслар бўлиб ўтмоқда. Эркаклар 90, аёллар эса 70 кг. вазнда беллашувларда иштирок этишди.
Ҳар иккала спортчимиз саралаш босқичларидан муваффақиятли тарзда ўтди. Гулноза дастлаб германиялик спортчи билан татамига чиқди. Баҳс давомида ҳамюртимиз рақибнинг 2та "юко" баҳоси эвазига ортда бораётганди. Жанг тугашига бир ярим дақиқа қолганида Матниёзова рақибасининг курагини ерга текказди ва "иппон" билан ғалаба қозонди. Иккинчи босқичда Босния ва Герцеговинадан ташриф буюрган дзюдочини мағлуб этиш учун ўзбек спортчисига 3 дақиқаю 44 сония керак бўлди. Чорак финалда голландиялик дзюдочига қарши курашда ҳисоб очилмади. Ҳакамларнинг қарори билан ғолиблик Ким Поллингга берилди. Афсуски, Гулноза бронза медали учун саралаш баҳсида кубалик рақибига ютқазиб қўйди.
Шерали Жўраев саралаш босқичида кетма-кет 4 нафар рақибни енгиб, ярим финалга етиб келди. Ҳамюртимиз Жанубий Корея, Туркманистон, Сербия ва Россиядан ташриф буюрган спортчиларни мағлуб этди. Ярим финалда Жўраев грециялик машҳур Илиас Илиадисга имкониятни бой берди (ушбу спортчи яна бир марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритди). "Бронза" учун жангда эса Шерали грузин дзюдочиси Варлам Липертелианига имкониятни бой берди.
Шу тариқа Гулноза Матниёзова еттинчи, Шерали Жўраев бешинчи ўринни эгаллаб, ўз ҳисобларига рейтинг балларини қўшиб қўйишди.