Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 0-0 Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

Паралимпиячиларимизнинг Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятлари

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимиз паралимпиячилари қаерга боришмасин, улар иштирокидаги мусобақалар нуфузи нечоғлик юқори бўлмасин медаллар шодасини қўлга киритган ҳолда юртимизга ёруғ юз билан қайтишлари яхши анъанага айланган.

Жорий йилнинг 3-6 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларининг Колорадо-Спрингс шаҳрида дзюдо кураши бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида мамлакатимиз полвонлари томонидан қўлга киритилган муваффақиятлар ҳам юқоридаги фикримиз исботи бўлади.

Эътиборлиси, дунёнинг юзга яқин давлати терма жамоалари иштирокида бўлиб ўтган мазкур нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган 15 нафар спортчимиздан 8 нафари совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди. Таъкидлаш жоизки, бундай кўрсаткичга ушбу жаҳон чемпионатида иштирок этган саноқли давлат вакилларигина эриша олдилар. Бу ҳам ўз навбатида Ўзбекистонда Паралимпия харакати жадаллик билан ривожланиб бораётганлигининг яна бир бора ёрқин исботидир.

Мазкур жаҳон чемпионатининг яна бир аҳамиятли томони шунда эдики, унда дунёнинг бугунги кундаги энг кучли дзюдо усталари аниқланиши билан бирга, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди. Бу эса ўз навбатида ҳар бир беллашувни янада муросасиз рухда ўтишини таъминлади.

Энди бевосита мардонавор спортчиларимизнинг Жаҳон чемпионатидаги натижалари хусусида тўхталадиган бўлсак, биринчи кунги мусобақада ҳамюртларимиз 2 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлдилар. Вазни 60 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида Шуҳрат Бафоев терма жамоамиз ҳисобига дастлабки кумуш медалини келтирган бўлса, Ўткир Ниғматов (-66 кг) ҳам ўз вазн тоифасида финалга қадар кечган баҳсларни мағлубиятсиз якунлаб, кумуш медаль совриндори бўлди. Жаҳон чемпионатининг бронза медалларига Шерзод Намозов (-60 кг), Нурбек Бердиёров (-66 кг) ва Феруз Саидов (-73 кг) сазовор бўлдилар.

Жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳсларида ниҳоят терма жамоамиз ҳазинаси олтин медаль билан бойиди. Мутлоқ (+100 кг) вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Одилжон Тулендибоевнинг қўлга киритган ғалабаси шарафига Давлатимиз мадҳияси садолари остида музаффар байроғимиз сарбаланд кўтарилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Одилжон беллашувлар давомида Паралимпия ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларининг бир қатор совриндорларини мағлуб этиб, ўз вазнида дунёнинг тенгсиз полвонидек шарафли номга сазовор бўлди.

Иккинчи кунги мусобақада, шунингдек, Ширин Шарипов (-100 кг) кумуш, яна бир юртдошимиз Шуҳрат Бобоев (-90 кг) бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, дзюдо кураши бўйича Жаҳон чемпионати мусобақаларининг якунларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлдилар.

“Албатта, мамлакатимизда Истиқлолнинг 23 йиллик шодиёналари кенг нишонланаётган мана шундай шукуҳли кунларда спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган навбатдаги муваффақиятлар барчамизнинг қалбимизда фахр ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди – дейди Ўзбекистон Миллий Паралимпия асоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Умиджон Аҳмаджонов. Хабарингиз бор, мазкур Жаҳон чемпионатида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди. Жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлганлар 30 рейтинг очкосига, кумуш медаль совриндорлари 20 рейтинг очкосига ва ниҳоят бронза медали эгалари 10 рейтинг очкосига эга бўлдилар. Агарда икки йил аввал Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтган XIV ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш медаль совриндори бўлган Шариф Ҳалилов 22 рейтинг очкоси билан Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлганлигини инобатга олсак, жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Одил Тулендибоев XV Паралимпия ўйинларининг йўлланмасини қўлга киритиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлганлигидан далолат беради. Дзюдо кураши бўйича Паралимпия ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ўйналадиган навбатдаги мусобақа, жорий йилнинг октябрь ойида Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган ПараОсиё ўйинлари бўлади. Шуни ишонч билан айта оламанки, қитъа миқёсида ўтказиладиган мазкур нуфузли спорт ўйинларида ҳам спортчиларимиз жаҳон чемпионатидаги шижоатни, ғалабага бўлган интилиш хисларини асло сусайтирмайдилар ва мазкур мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришиб, халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаш учун бор куч ва имкониятларини ишга соладилар”.

Биз ҳам ўз олдига доимо юқори марраларни қўядиган юртимиз Паралимпиячиларига бўлажак мусобақаларда ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 8 сентябрь куни соат 21:00да юртимизга қайтиб келадилар.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 09:32, 07.09.2014.
Ўқилди: 5045 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.