Юртимиз Истиқлолга эришгач мамлакатимиз спортчилари мустақил жамоа сифатида илк бор 1994 йилнинг 2-12 октябрь кунлари Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган XII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этишган.
Осиё қитъасининг 42 давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур ўйинларда 135 нафар спортчимиз, спортнинг 21 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишган.
Ўта кучли рақобат остидан кечган мусобақалар якунларига кўра 11 та олтин, 12 та кумуш ва 19 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон спортчилари умумжамоа ҳисобида 42 давлат орасида 5-ўринни эгаллашган.
Айниқса, Осиё ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган футбол мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоасини биринчи ўринни эгаллаши ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Шундан сўнг спортчиларимиз 1998 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида иштирок этиб, 6 та олтин, 22 та кумуш ва 12 та бронза медалига сазовор бўлдилар. Мазкур ўйинларда жами 168 нафар спортчимиз спортнинг 24 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишган.
2002 йили Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган 14-Осиё ўйинларида 175 нафар ҳамюртимиз спортнинг 24 турида ғолиблик учу кураш олиб бордилар ва 15 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда, умумжамоа ҳисобида 44 давлат орасида 5-ўринни эгаллашди.
Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган 2006 йилги Осиё ўйинларида 250 нафар спортчимиз спортнинг 30 та турида ғолиблик учун кураш олиб бориб, 11 та олтин, 14 та кумуш ва 15 та бронза медали совриндори бўлдилар.
Ва ниҳоят 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳри мезбонлик қилган 16-Осиё ўйинларига йўл олган 220 нафар спортчиларимиз 11 та олтин, 22 та кумуш ва 23 та бронза медали соҳиби бўлишди.
Шу тариқа, беш маротаба ёзги Осиё ўйинларида иштирок этган 948 нафар спортчимиз жами 54 та олтин, 82 та кумуш ва 93 та бронза жами 229 та медалга сазовор бўлишган.
Энг кўп медалга Байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт тури бўйича вакилларимиз жами 43 та медалга сазовор бўлишган (жами 12 та олтин, 18 та кумуш, 13 та бронза). Энг кўп олтин (14 та) медални чарм қўлқоп усталаримиз қўлга киритишган. Улар ҳисобида, шунингдек, 8 та кумуш ва 11 та бронза медаллари ҳам мавжуд.
Шавкат Жалилов
Инчеон шаҳридан махсус тайёрланди.