Хабарингиз бор, бугун Stadion.uz сайти Ўзбекистон чемпионатидаги келишилган ўйинга қарши ўз норозилигини баён қилган эди. Биз ҳақиқатан ҳам "театрлаштирилган саҳна"ларни ўз сайтимиз орқали ёритмоқчи ёки тарғибот қилмаймиз. Танқидий ва келишилган ўйинларни фош қилиш бўйича мақолалар эса давом этади. Бу бизнинг муҳим позициямиз.
Бугунги мақола мурожаат-хат шаклида ЎзПФЛ ва ЎФФга тақдим қилинди ва биз футболимиз раҳбарларидан спорт журналистлари билан учрашув ташкил қилишни сўрадик. Шу боис, айрим жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бугун эълон қилинган норозилик мақоламизни вақтинчалик сайтдан олиб туришга қарор қилдик.
Аввал ЎзПФЛ раҳбари, кейинчалик эса ЎФФ президенти билан учрашганимиздан кейин сайтимиз орқали бу масалага батафсил тўхталамиз. Унгача эса Фарҳод Магометов ва ЎФФ қошидаги келишилган ўйинларга қарши кураш комиссияси раҳбари Аҳрол Иноятов билан учрашувни кутамиз.
Мақола ҳозирча сайтдан олинганидан ҳеч қандай фожиа ясамаслигингизни сўраймиз. Биз келишилган ўйинларга қарши шу пайтгача курашиб келганмиз ва бундан кейин ҳам курашишда давом этамиз.