Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Инчеон-2014. Сўнгги кунда икки каратэчимиз қатнашишади

Баҳо:
+ | -

XVII Осиё Ўйинлари деярли якунига етди. Инчеондаги мусобақа бизни катта ҳаяжон остида ушлаб турди. Ўзбекистонлик спортчиларнинг медалларини, шоҳсупага кўтарилишларини, мадҳиямиз янграшини интизорлик билан кутдик. Бундай ҳодиса рўй берганида чин дилдан қувондик.

Ўзбекистонликларнинг натижалари ёмон бўлмади, аммо мўлжалдагидан бироз пастроқ бўлди. Спортчиларимиз 9та олтин, 14та кумуш ва 20та бронза медалларини қўлга киритишди. Айрим спорт турларида кутганларимиз рўёбга чиқмаган бўлса, баъзи спорт турларида кутилмаган жойдан медалларни қўлга киритдик. Бу спорт, унда эса ҳеч нарсани олдиндан режалаштириб бўлмайди.

Бундан 4 йил аввалги Осиё Ўйинларида Ўзбекистон 11та олтин, 22та кумуш ва 23та бронза (жами 55та) медали билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаганди. Бу сафар бироз кўпроқ медал кутганимиз рост. Масалан, олтин медалларимиз 15та бўлишини, умумий медалларимиз 60тадан ошишини истадик. Аммо қитъада барча спорт турлари ривожланаётгани, рақобат кучайиб бораётгани кўзга ташланиб қолди.

Мусобақанинг энг сўнгги куни олдидан Ўзбекистон делегацияси медаллар бўйича кучли ўнликни тарк этиб, 11-ўринни эгаллаб турибди. Эртага оқшомда Осиё Ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Кундузи эса спортнинг 3та — стол тенниси, софт теннис ва каратэ бўйича мусобақалар бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик икки нафар спортчи каратэ баҳсларида иштирок этадилар. Дилноза Бакирова аёллар ўртасида 50 кг.гача бўлган вазнда ўз иштирокини нимчоракдан бошлайди. Унга бу босқичда гонконглик спортчи қиз рақиблик қилади. Эркаклар ўртасидаги 84 кг. вазнда С.Ахатов мусобақага чорак финалдан бошлаб киришади. У суриялик ва кувайтлик спортчи ўртасидаги баҳс ғолибига қарши гиламга чиқади.

Биз спортчиларимиздан албатта медаллар кутамиз, иложи бўлса, олтин медаллар кутамиз. Боиси, айнан олтин медаллар кучли ўнликка киришимизга ёрдам беради. Ҳозирча каратэчиларимиз бизга битта бронза ва битта кумуш медалларини тақдим этишди. Навбат "олтинга" келди.

Медаллар сони бўйича биздан аввалги ўринда турган Хитой тайпейи ҳам эртага қараб турмайди. Улар эртага бўладиган барча баҳсларда иштирок этишади. 10та олтин медаль билан 9-ўринни эгаллаб турган Қатар эса эртанги баҳсларда иштирок этмайди. Шу боис, битта олтин медаль бизни Қатардан олдинга олиб чиқади ва биз албатта кучли ўнликда бўлади. 40дан ортиқ медаль жамғарган Ўзбекистоннинг 14та медалга эга бўлиб турган Қатардан ортда бўлиши адолатдан бўлмасди, назаримизда. Каратэчи Бакирова ва Ахатовга омадлар тилаймиз. Яратганнинг ўзи қўлласин!

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:54, 03.10.2014.
Ўқилди: 5223 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.