Инсоннинг бирор-бир аъзоси жароҳатланса-ю, вақтида даволанмаса, у йиринг отиб кетади. Агар шунда ҳам чора кўрилмаса-чи? Бориб-бориб ўлимга ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Ҳа, шундай.
Бугун ўзбек футболига меҳр қўйган ҳар бир ишқибоз тузалмас дарддан азоб чекмоқда. Бу дард йиринг отиб кетганига эса анча бўлди. Бу дард — ўзбек футболининг ривожланганини кўролмаслик, футболимизнинг тобора ўлиб бораётганига гувоҳ бўлиш дарди. Биз бежизга бу дардни тузалмас демадик. Чунки Қатарга қарши кечган ўртоқлик учрашуви хасталик баттар кучаяётганини яққол кўрсатиб берди.
Баъзида «Ўзбек футболи ривожланмоқда» қабилидаги гапларни эшитиб қоламиз. Турли дастурларда эса баъзи «журналист»лар «Бизда ўзбек футболига бўлган эътибор катта. Мана, масалан, фалон стадионлар қуриляпти, фалон маблағ ажратилмоқда», дейди. Лекин нега ҳеч ким «Шунча маблағ ажратилса-да, ҳеч нарсага эришмаяпмиз», «Жаҳон чемпионатига чиқишни уддалай олмаяпмиз», «Инчеондаги мусобақада ўзимизга гол уриб ютқаздик, мусобақани шармандаларча якунладик», демайди. Бу аччиқ ҳақиқатни тан олиш жуда оғир, аммо бугун тан олмасак, бугун бунга қарши курашмасак, келажакда нафақат Қатар, балки, Таиланд, Мўғулистон, Афғонистон каби кучсиз терма жамоаларга ҳам йирик ҳисобда ютқазаверамиз.
Энди Қатар билан бўлиб ўтган учрашувга қайтсак. Бу ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси ўзбек футболини шарманда қилди. Чунки юртимиздаги минглаб, керак бўлса миллионлаб мухлислар Қатар деса «Бизнинг футболчилар бу жамоани кўзларини юмиб ютишади», дейишарди. Фахр билан айтишарди бу гапни. Энди-чи?! Энди шунча мухлиснинг тили қисилди. Ўзбек футболидан фахрланиш ҳисси тупроққа қоришиб кетди. Энди ўша мухлисларнинг ўзи кўзларини юмиб қолишди, мағлубиятдан уялишди.
Ўйиндан олдин мураббийлар штаби футболчиларга тўпни шунчаки бир-бирига узатишнигина тайинлаган кўринади. Ёки рақибга етарли даражада эътибор қаратилмаган. Учинчи тахмин эса... Тўғриси, шу тахмин ўзини оқлаганида яхши бўларди. «Ўйин келишилганди, биз атайлаб ютқазиб бердик», дейилганида, бу фикр ўз тасдиғини топганида, «Ҳар тугул, атайлаб ютқазишибди, агар чиндан ўйнаганларида мағлубиятга учратишарди», деб ўзимизни овутардик. Йўқ, биз келишилган ўйин тарафдори эмасмиз, шунчаки мухлислар қалбидаги аламни бироз бўлса-да совутишни истаймиз, холос.
Инсон бирор нарсага тўқишса, ўша нарсани йўлидан олиб ташлаб, олға давом этаверади. Миллий терма жамоамиз эса шу нарсага бир неча йиллардан бери тўқишиб келади. Энг ачинарлиси, ўша нарса нима эканлигини яхши биламиз — жамоада тажрибали ўйинчиларнинг етарли эмаслиги, жамоавий ўйиннинг шаклланмаганлиги, футболчиларда жонкуярликнинг етишмаслиги ва ҳок. Аммо шу тўсиқларни олиб ташлайдиган мард топилмаяпти. Йўқ, бунақа мардлар кўп, қидирса, топилади. Лекин топилмаяпти, чунки қидирилгани йўқ-да.
Қатарга қарши ўйинни шарҳлаган журналист ҳисоб йирик кўринишга келганда руҳий ҳолатни яхшилаш ҳақида гапирди. Ваҳоланки, йирик ҳисобда ютқазаётган ҳар қандай ҳамоа, гарчи руҳан анча яхши тайёрланган бўлса-да, тушкунликка тушиб қолади. Хўш, мағлубиятга учрашимизга футболчилардаги руҳий ҳолатнинг ёмонлиги сабабдир. Нима, ўйин бошидаёқ футболчиларнинг руҳий аҳволи ёмон бўлганми? Нега? Ахир ўйин бошланяпти, ҳисоб очилмаган. Ҳамма нарса олдинда. Рақиб Қатар, бу жамоани кўп бора мағлуб этганмиз. Термамизда ўз кучига ишонган, тажрибали футболчилар йўқ эмас. Ҳатто ўзига ишониб, рақибларни орқа-олдига қарамай алдайверадиган футболчилар (Сардор Рашидов) ҳам бор. Хўш, бу ерда руҳан тушкунликка тушишга бирор сабаб кўряпсизми?! Агар футболчиларнинг бошқа нарсалардан кўнгли тўлмаётган бўлса, мутасаддилар қаерга қарашяпти? Ёки «Эшакнинг меҳнати ҳалол, ўзи ҳаром» дегандек, футболчиларнинг муаммоларига кўз юмилиб, фақат яхши ўйнаш талаб қилиняптими?! Агар шундай бўлса, нима учун?! Отнинг калласидай маош олаётган мутасаддилар нима қилишяпти ўзи?! Хуллас, қандай баҳона тўқимайлик, сабаб, барибир, ўзимизга бориб тақалади.
Учрашувда футболчиларимиз айтарли ҳеч нарса қила олишмади. Энг асабни бузадиган жиҳати, тўпни эгаллаб олган ўйинчилар олдинга интилиш, рақиб ҳимоясини ёриб, дарвоза томон зарба бериш ўрнига ўринларида қотиб қолишди. Худди Қатар ҳимоячиларининг ўз жойларини эгаллаб олишларини кутгандек. Ўшандаям тўпни осонгина рақибга топшириб қўяверишди.
Ўйин бошида Миржалол Қосимов икки ҳужумчини майдонга туширганини кўриб, «Хайрият-э, энди ҳужумкор ўйин кўрарканми-да», деган хаёлга боргандик. Лекин бу иккала ҳужумчини шу куни футболчи дейишга тил бормади. Улар худди майдонга адашиб тушиб қолгандек эди. На тўпга интилиш бор, на жонкуярлик. Тўп учун курашиш, аниқ зарба ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Энди масаланинг бошқа бир томонига тўхталсак. Бош мураббий ушбу ўйинда фақат олий лигада тўп сурадиган футболчилардан фойдаланиб, тўғри қилди. Чунки бу танлов олий лигамизнинг асл даражаси қандай эканлигини кўрсатиб берди. Кучсиз жамоалар дарвозасига кўплаб голлар уриб, гердайиб, ўзини тажрибали, тўпурар футболчи ҳисоблар юрганлар Қатарга қарши кечган матчда бир тийинга қиммат эканлигини тушуниб олгандир. Ҳар ҳолда, Миржалол Қосимов бошчилигидаги мураббийлар штабининг бунга ақли етгандир. Ишқилиб, мутасаддилар бу тарсакидан етарли хулоса чиқаришсин. Йўқса, куни келиб бу йирик мағлубиятлар одатга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Миржалол Қосимовнинг ўзбек футболига қўшган буюк ҳиссасини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳа, у футболчи сифатида жуда ажойиб ўйин кўрсатди. Аммо яхши футболчи яхши мураббий бўлади дегани эмас. Шунинг учун терма жамоамиз бош мураббийси мавжуд вазиятдан тўғри хулоса чиқарса, яхши бўларди. Ҳеч ким Қосимовнинг терма жамоадан кетишини истамайди. Марҳамат, истаганча бошқарсин. Фақат тажрибасини ошириб, арзирли натижаларга эришсин. Мисқоллаб йиғилган ва бир зумда тупроққа сочиб юборилган обрўни қайтарсин. Шунда ҳеч ким бош мураббийнинг кўкрагидан итармайди. Бош мураббийнинг айби йўқ, дейдиганлар адашади, чунки футболчилар мураббийнинг кўрсатмасига биноан ҳаракат қилишади. Ҳаммаси бош мураббийнинг қўлида.
Хуллас, ўзбек футболи яна бир оғриқли зарбани қабул қилиб олди. «Бу ўртоқлик ўйини-ку, нима бўпти?!» деманг, мағлубиятнинг оддий ёки мураккаби, катта-кичиги бўлмайди. Мухлислар бу мағлубиятни ҳазм қила олишади. Фақат кейинги сафар майдонга футболга бегоналар эмас, футбол ўйнай оладиганлар тушишсин. Вақт ўтказиш учун ҳаракат қиладиганлар эмас, виждонан, жон куйдириб ҳаракат қиладиганлар тушишсин. Биз миллионлаб мухлислар номидан шу нарсани талаб қиламиз. Ишонамизки, кейинги сафар юзимизда афсус эмас, табассум акс этади. Биз ўша лаҳзаларни кутиб яшаймиз.
Низомжон ИСЛОМОВ