Испания чемпионатини қизиқиб кўрадиган ишқибозларнинг аксарияти «Реал» ва «Барселона»га мухлислик қилиши сир эмас. Умуман, футболни тушунадиганлар бу икки клубни яхшигина билишади, қўллаб-қувватлашади. Нафақат Испаниянинг, балки дунёнинг икки грант клуби ҳисобланган бу жамоалар ўртасидаги тўқнашув ҳар доим драматик лаҳзаларга бой бўлади, чинакамига спектаклга айланади.
Ниҳоят, янги мавсумнинг биринчи спектаклига ҳам оз қолди. Турнир жадвалида бир-бирини тинимсиз таъқиб қилиб келаётган «Реал» ва «Барселона» жамоалари шанба оқшомида ўзаро ҳисоб-китоб қилишади. Хўш, бу сафарги учрашув одатдаги «эл-классико»лардан фарқ қиладими?! Бу гал қайси жамоанинг қўли баланд келади?
Таъкидлаш керак, иккала клуб ҳам янги мавсумга янгича тактика, янгича таркиб билан етиб келди. Ҳатто мураббийлар ҳам алмашди. Демак, ўйин услуби ҳам бироз бўлса-да ўзгарган.
Луис Энрике ва Карло Анчелотти. Луис Энрике 1991-1996 йилларда айнан «Реал» таркибида тўп сурган ва айнан Мадриддан Каталонияга йўл олган. Демак, у «қироллик клуби» нималарга қодир эканлигини яхши билади. Шунинг учунми, ўйиндан олдин рақибдан бироз ҳайиқаётганини ҳам яшириб ўтирмаяпти. Бир томондан олиб қараганда, Энрике тажрибали клубларни бошқармаган («Рома»ни ҳисобга олмаганда, албатта). Аммо ҳозирда унинг қўл остида дунёнинг кучли футболчилари тўп суришади. Уларга ниманидир ўргатишнинг ҳожати йўқ, шунчаки бошқариб турилса бўлгани. Демак, Энрикега нисбатан осон бўлади.
Карло Анчелотти. Энрикедан фарқли ўлароқ, Анчелотти яхшигина тажрибага эга. Қолаверса, у «ПСЖ»ни бошқарган пайтида «Барселона» билан тўқнаш келган. Ўшанда аламли тарзда мусобақани тарк этганди. Бу сафар эса Анчелоттининг жамоаси «ПСЖ»дан сезиларли даражада кучли. Бироқ...
«Барселона» таркиби анчагина кучайган. Бунга биргина Суаресни мисол қилиш кифоя. Шу билан бирга, уругвайлик «тишлоғич»нинг жазо муддати «Реал»га қарши ўйин арафасида якунига етади. Демак, яшил майдонда тўп тепишни соғинган Луис бор аламини «Реал»дан олишга ҳаракат қилади. Шу ўринда ўринли савол туғилади, Анчелотти «Барселона» ҳужумчиларига қарши қайси ҳимоячиларни қўяркин?!
Тахминимизча, ҳимоя қўрғонларидан бирига айланган Рамос ва Пепе Месси ҳамда Суаресларни зарарсизлантиришга уринишади. Суаресга қарши эса Пепени қўйиш маъқулроқ, назаримизда. Чунки Суарес анчагина исёнкор футболчи, Пепе ҳам бу борада ундан қолишмайди. Қолаверса, Рамос сўнгги пайтларда олдингидек фаол ўйнай олмаяпти. Унда хатолар кўзга ташланмоқда. Суарес эса бу хатоларни кечирмайди. Бу танловнинг бироз ноўринроқ жиҳати ҳам бор, яъни Пепе ҳужумчини ўтказиб юбормаслик учун ҳамма нарсани қилади, туртади, керак бўлса, итариб юборади. Луис эса тўпни олдириб қўйганида ёки зарба беришга кўзи етмаслигини билганида йиқилиб, пенальти ишлашга ҳам уринади. Унинг симульяцияларини кўп бора кузатганмиз, ҳатто АПЛда ҳакамлар унинг йиқилишига ишонмай ҳам қолишганди. Агар «Эл-классико»ни бошқариб борадиган ҳакам ҳушёрроқ бўлмаса, Анчелотти Суаресга қарши Пепени қўйганидан панд еб қолиши мумкин. Шу ўринда Мессини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Гарчи ҳозирда клуб таркибида Суарес Мессидан хавфлироқ бўлса-да, Лео «Реал» дарвозасини ишғол қилишни жуда хуш кўради. Серхио Рамос эса Мессини ҳимоя қилавериб, ўрганиб қолган. Шунингдек, аргентиналик ҳужумчи жамоадошидек симульянт эмас. Неймарга келадиган бўлсак, Анчелоттида бу борада вариантлар кўп: Карвахаль, Варан... Бир сўз билан айтганда, Месси — Суарес — Неймар учлигини зарарсизлантириш анчагина мушкул бўлади.
Луис Энрикеда ҳам бош қотиришга арзийдиган муаммолар етарли. Криштиану Роналду айни дамда мукаммал ўйин намойиш қилмоқда. Рақиб дарвозасини ишғол этмаса, ўзини кечира олмайдиган даражага келиб улгурган. Тезлик, техника, хуллас, ҳар томонлама кучли бўлган бу ўйинчини тўхтатиб қолиш учун Луис фақат Даниел Алвесдан фойдаланиши мумкин. Боиси, Алвес Роналдуни қуролсизлантиришнинг ҳадисини олган футболчи саналади. Тўғри, бош мураббийда Пике танлови ҳам бор, аммо Жерард оғир-карвон ўйинчи, у тезлик борасида Криштиануга ютқазиб қўйиши тайин.
Дастлаб ўйинни ўтказиб юбориши кутилган, аммо кейинроқ «эл-классико»да майдонга тушиши аниқ бўлган Бензема эса, одатда, унчалик фаол ўйнамайди. Аммо керак пайтда керакли жойда пайдо бўла олади. Бу эса «Барселона» ҳимоячиларидан сергак бўлишни талаб этади. «Барселона» бош мураббийсига бир жиҳатдан осон бўлди, чунки Карло Анчелотти ашаддий рақибга қарши кечадиган матчда жамоанинг асосий қуролларидан бири Гарет Бейлнинг ёрдамида фойдалана олмаслиги мумкин. Бу эса анчагина жиддий йўқотиш. Тўғри, «Реал» бир футболчига боғланиб қолмаган, аммо Бейлнинг ўрнини босиш ҳам анчагина мушкул. Аксига олиб, Ди Мария жамоадан кетган. Борди-ю Гарет ўйинда иштирок этса, «Барселона» бош мураббийси яна бир муаммога дуч келиши тайин.
Бу сафар олдингидек «Барселона»нинг устунлигини кўрмасак керак. Тўғри, мазкур жамоанинг услуби тўп узатишларга асосланган, бироқ тезлик ҳам сезиларли даражада ортган. «Реал»да эса ҳужумкорлик борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Демак, ўйин тенг курашлар остида кечиши тайин.
Хўш, айни дамда ким яхшироқ формада? Мессими ёки Роналду? Суарес «Барселона» ҳужум чизиғини қанчалик кучайтира олади? Янги харидлар асосий ўйинда ўзларини кўрсата олишадими? Луис Энрике ва Анчелотти — қай бирининг тактикаси ўзини оқлайди? Бу ва мухлисларни қизиқтираётган бошқа саволларга шанба оқшомида ойдинлик киритилади. Шундай экан, шанба куни «эл-классико»ни кўриш асосий режангизга айлансин. Бундан асло афсусланмайсиз.
Низомжон ИСЛОМОВ