ПараОсиё ўйинларининг сўнгги куни 5 нафар спортчимиз финал босқичида иштирок этади
Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган ПараОсиё ўйинларида 24 октябрь куни спортнинг олтита тури бўйича мусобақалар ўтказилади.
Қитъа ўйинларининг сўнгги кунида беш нафар енгил атлетикачиларимиз ҳал қилувчи финал босқичида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Жумладан, мазкур ПараОсиё ўйинларида уч маротаба шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган (200 м., 800 м. ва 4х100 метрга югуришда) Фахриддин Ҳамроев эртанги мусобақада 400 метр масофага югуриш (Т13) баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Агарда Фахриддин бу сафар ҳам марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтса, сузувчимиз Кирилл Паньковнинг ўзига хос рекордини (Кирилл “ПараОсиё-2014” ўйинларида тўртта олтин медалга сазовор бўлди) такрорлайди. Бу йўлда ҳамюртимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
ПараОсиё ўйинларида икки бор олтин медалга сазовор бўлган яна бир юртдошимиз Маъруфжон Муродиллаев 24 октябрь куни 400 метр масофага югуриш (Т47) бўйича ўтказиладиган финал босқичида старт чизиғига чиқади. Умид қиламизки, икки бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган Маъруфжон бу сафар ҳам ўзига билдирилган ишончни аъло даражада оқлайди.
ПараОсиё ўйинларида биттадан олтин ва кумуш медалга (4х100 метр ва 200 метр масофага югуриш) сазовор бўлган Миран Сахадов эртанги баҳсларда 400 метрга (Т11) югуриш бўйича финал босқичида ғолиблик учун кураш олиб боради. 2012 йили Лондон шаҳри (Б.Британия)да бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Миран Сахадовга бўлажак мусобақада ҳам улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Бугун 4х100 метр масофага югуришда олтин медалга сазовор бўлган Улуғбек Чориев ПараОсиё ўйинларининг сўнгги куни 400 метр масофага югуриш (Т12) бўйича ўтказиладиган ҳал қилувчи финал босқичи мусобақаларида иштирок этади. Биз Улуғбекка ҳам навбатдаги медални қўлга киритишида омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Ва ниҳоят, ПараОсиё ўйинларида 800 метр масофага югуриш бўйича бўлиб ўтган мусобақада бронза медалига сазовор бўлган Сирожиддин Норов 24 октябрь куни 400 метр масофага югуриш (Т12) бўйича ўтказиладиган мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Умид қиламизки, Сирожиддин мазкур мусобақада ҳам совринли ўринлардан бирини банд этади.
Сўнгги кунги мусобақалар олдидан Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 21 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медали мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, ПараОсиё ўйинларида енгил атлетикачиларимиз ҳозирча жами 12 та (7 та олтин, 3 та кумуш, 2 та бронза) медални, сузиш мусобақаларида Кирилл Паньков (4 та) ва Дмитрий Хорлин (3 та) жами 7 та олтин медални, дзюдо усталаримиз эса жами 9 та медални (7 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза) қўлга киритишган.
Яна бир эътиборли томони, мамлакатимиз спортчилари ПараОсиё ўйинларида ҳозиргача 11 маротаба Осиё рекордини янгилашга ҳам муваффақ бўлдилар.
Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 19:01, 23.10.2014.
Ўқилди: 5472 марта.
Фикрлар: 4 та.