Биринчи лигада фаолият олиб бораётган Тошкентнинг "Оқ-тепа" клуби ўзбек футболини ривожлантириш бўйича ЎзПФЛ ва ЎФФга ўз таклифларини юборди. Клубнинг таклифлари қуйидагилардан иборат бўлди.
1. Олий лига ва Биринчи лигада 16тадан жамоалар фаолият олиб бориши лозим (Биринчи лига қонун-қоидалари Олий лига билан бир хил бўлиши лозим).
2. Мусобақаларни ўтказиш регламент бўйича таклифлар:
Биринчи лига жамоаларини иккита минтақага ажратиш чемпионатни ўтказишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Биринчи лигада ҳам 16та жамоа бўлиши лозим ва чемпионат икки даврада ўтказилиши лозим. Агар Биринчи лигада ҳозирги тартиб сақланиб қоладган бўлса, унда 1-босқичдан кейин жамоаларнинг очколарини "олтин" ва "оддий"га ажратиш спорт принципларини бузади. Жамоалар куч ва харажат сарфлаб эришган очколари йўққа чиқиб кетади. Биринчи босқичда қўлга киритилган барча очколар сақланиб қолиниши лозим. Боиси, бу очколар ҳалол кураш ёрдамида қўлга киритилган ва уларнинг сақлаб қолиниши футболчилар руҳий куч беради. Бундан ташқари, "олтин очколар"га амал қилиниши натижасида 3-4та жамоа анча олдинги ўтиб кетмоқда. Улар Олий лигага чиқиш учун кураш олиб боришади, қолганлар эса шунчаки статист вазифасини бажариб беришади. Уларга очко керакмас. Бу эса келишилган ўйинлар учун шароит яратмоқда.
3. Биринчи лигага янги жамоаларни қабул қилиш принципи тўлалигича регламентга мос бўлиши керак. Барча жамоалар махсус комиссия ёрдамида лицензиялаштиришдан ўтказилиши лозим. Бунда жамоанинг моддий-техника базаси, стадионларнинг барча стандартларга мослиги, ҳомийларнинг борлиги, клубнинг ўз-ўзини маблағ билан таъминлаши, клубларнинг маҳаллий ва республика бюджетига минимал қарамлиги эътиборга олиниши лозим (кўп жамоалар молиявий муаммолар туфайли аъзолик бадали ва тиббий кўрик ҳақини тўлай олишмайди, сафар ўйиниларга боришмайди. Бундай жамоалар чемпионатда иштирок этиши шартми? Бундай жамоалар иккинчи ёки учинчи лигаларда ўйнаши лозим)
4. Биринчи лигада Олий лига жамоаларининг фарм-клублари иштирок этиши мақсадга мувофиқ эмас. Улар Олий лигага чиқишни мақсад қилган ва рақобатни юзага келтириши мумкин бўлган клубларнинг ўринларини банд қилишади. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, ҳеч бир Европа, Лотин Америкаси ёки Осиё мамлакатларида фарм-клублар профессионал лигаларда иштирок этишмайди. Фарм-клублар 2 ва 3-лигаларда иштирок этишлари лозим.
5.Олий лига жамоалари сони 16тага ошириладиган бўлса, жаҳон амалиётига мувофиқ спорт принципини сақлаган ҳолда, Биринчи лигада 1 ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар Олий лигага тўғридан-тўғри қўшилиб, Биринчи лигада 3 ва 4-ўринни эгаллаган жамоалар Олий лигада 13 ва 14-ўринни эгаллаган клублар билан ўтиш баҳсида иштирок этишлари лозим. Ушбу омил мухлислар ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлиб, ишқибозларнинг стадионга қайтишларига замин яратади.
6. Олий лига ва Биринчи лига стадионларининг тайёргарлиги Регламентга мувофиқ текширувдан ўтказилиши лозим (тайёр бўлмаган стадионларни қабул қилган шахсларга нисбатан жиддий чора қўлланилиши лозим).
Ўзбек футболини ривожлантириш бўйича ушбу таклифларимиз футболчиларнинг маҳоратларини оширишга хизмат қилади. Спорт принципларининг сақланиб қолиниши М.З.Усмонов бошчилигидаги ЎФФнинг бош мақсади ҳисобланади.
Ҳурмат билан,
"Оқ-тепа" раҳбарияти