Кириш Регистрация

Равшан Ҳайдаров: «Жамоа билан ҳали кўп ишлашим керак»

Баҳо:
+ | -

Мьянмадаги Осиё чемпионатида ЖЧ-2015 йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олдидаги масъулият энди янада ошади. Кичик мундиал келаси йилнинг 30 май куни Янги Зеландияда старт олади. ЎФФ Терма жамоалар маркази ёшларимизнинг бўлажак ЖЧга муносиб тайёргарлик кўришлари учун барча шароитларни яратиб беришни режалаштирмоқда. Биз шу хусусда, бош мураббий Равшан Ҳайдаровдан махсус интервью олдик.

- Биринчи галда, жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилгани билан футбол ишқибозлари, мутахассислар, барча-барчани жамоамиз номидан табриклайман,-дея гап бошлади ёшларимиз устози. - Сафарга жўнаб кетиш олдидан жамоамиз олдига ЖЧ йўлланмаси билан қайтиш вазифаси қўйилган эди. Асосий вазифани бажарганимиздан хурсандман. Гарчи илк мақсадга эришган бўлсакда, жамоада ҳали амалга ошириш зарур ислоҳотлар кўп. Буни Осиё чемпионатидаги ўйинларимиз кўрсатди. Ўзига яраша пасайишлар кузатилди. Қисқаси, ўйинлар нималар устида кўпроқ ишлашимиз, йигитларнинг очилмаган қирраларини кашф қилиш йўналишида изланишимиз кераклигини кўрсатди. Шахсан менга ЖЧ йўлланмасини тақдим этган чорак финал (Таиландга қарши) учрашуви маъқул келди. Йигитлар айнан шу ўйинга катта эътибор қаратишди.

- Қайсидир маънода терма жамоани ярим йўлда қабул қилиб олганингиз ҳам натижаларга таъсир ўтказгандир?

- Аввало, менга ишонч билдирган ЎФФ Терма жамоалар марказига миннатдорчилик билдираман. Исталган ёш тоифасидаги терма жамоага мураббийлик қилиш - улкан шараф. Албатта, катта масъулият билан ишга киришдим. 3 ой мобайнида 4та халқаро ўқув-машғулотлар йиғини ўтказдик. Бир нечта халқаро ўртоқлик учрашувлари ташкил этдик. Бир сўз билан айтганда, Осиё чемпионатига муносиб тайёргарлик кўрдик. Шунча шароитлар яратиб берилганидан ке­йин ЖЧга чипта олмасак, уят бўларди.

- ЖЧ йўлланмаси нақд қилингач, футболчиларда хотиржамликка берилиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган. Шогирдларингиз мисолида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Бу нарсани енгиб ўтиш учун нима қилиш керак?

- Ёш футболчилар руҳияти билан боғлиқ камчиликлар табиий ҳол. Бу борада иш олиб бордик. Психологлар билан ишладик. 3 ой давомида жамоа ўйин услубини шакллантиришга катта эътибор қаратдик. Балки мен қисқа фурсатда йигитларнинг ички дунёси, нималарни ўйлаётганини билолмагандирман. КХДР билан ўйинда айнан шу нарса панд берди. Билмадим, футболчилар олдига ЖЧ йўлланмаси эмас, Осиё чемпионлигини қўлга киритиш вазифасини қўйиш керакми? Янги Зеландияда ўтказиладиган ЖЧ-2015га тайёргарлик йўлида бу нарсаларга жиддийроқ қарайман.

- Бир неча йил аввал Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам бош мураббий лавозимида ишладингиз. Орада клубларни бошқардингиз. Шу давр мобайнида Осиёда футбол тенденцияси қандай ўзгараётганига эътибор қаратдингизми?

- Осиё чемпионати шуни кўрсатдики, қитъамизда терма жамоаларнинг кучи тенглашиб боряпти. Оддий мисол - Мьянма. Кўпчилик мезбонларга деворлар ҳам ёрдам беради, деб ўйлайди. Бу омилни инкор этмаймиз. Лекин ҳақиқатан ҳам, Мьянма терма жамоаси жуда яхши таассурот қолдирди. Унинг натижаси тасодиф эмас. Тасодиф битта ўйинда бўлиши мумкин. Лекин ярим финалгача етиб бориш... Одатда Шарқий Осиё мамлакатлари жамоаларида бўйи паст ўйинчилар кўпчиликни ташкил этишади. Аммо Мьянмада бўйдор футболчилар етарли экан, айниқса, дарвозабони. Эрон, Япония, Жанубий Корея термаларининг ярим финалга етиб келолмаганликлари Осиёда кучлар тенглашиб бораётганини яна бир бор исботлади.

- ЖЧ-2015 финал баҳслари 30 май куни старт олиши белгилаб қў­йилган. Сизда кичик мундиалга муносиб тайёргарлик кўриш учун вақт етарли. Умуман, режалар тасдиқландими?

- Куни кеча ЎФФ ТЖМда Мураббийлар кенгашининг ҳисобот-йиғилиши ўтказилди. Унда ҳар бир жамоа, хусусан, ёшлар термаси ҳисоботи ҳам тингланди. Йиғилиш якунида режалар муҳокама қилинди. Осиё чемпионатига яхши шароитлар яратиб берилди. Табиийки, ЖЧга тайёргарлик бундан кам бўлмайди. Энг муҳими, ўртоқлик ўйин­лари учун рақиб танлашда муаммоларга дуч келмаймиз. ЖЧ иштирокчилари ўртасида турнирлар ташкил этиш кутиляпти. Бу борада ишлар бошланган. Фақат бир нарса борки, ЖЧ иштирокчилари ҳали тўлиқ аниқланмаган. Февраль ойида ЖЧнинг финал босқичига қуръа ташланади. Биз учун қуръа ҳам муҳим. Гуруҳдаги рақибларимизга қараб, ўртоқлик учрашувларига жамоа танлаймиз. Масалан, Осиё чемпионатидан бир ойча олдин Таиланд термаси билан ўртоқлик ўйини ўтказган эдик. Тақдир тақозосига кўра, ЖЧ-2015га бериладиган йўлланма учун айнан таиландликлар билан ўйнашимизга тўғри келди. Ўйлашимча, ЖЧ олдидан иқлими Янги Зеландияникига ўхшаш мамлакатларда йиғинлар ташкил этилади. Бизга катта ишонч билдиришяпти. Буни йигитлар билан оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз. Муҳими, ЖЧда шунчаки, иштирок этмасдан, яхши таассурот қолдириб, «плей-офф» босқичига чиқишни мақсад қилганмиз. Таркибимизда мундиал ҳавосидан баҳра олган футболчиларнинг борлиги катта ютуқларимиздан бири.  

- Селекция жараёнини давом эттирасизми ёки ЖЧ-2015га ҳозирги таркиб билан тайёргарлик кўрилади?

- Селекция давом этади. Биринчи галда, дарвозабон масаласини ҳал қилишимиз керак. Бу позицияда муаммолар бор. Ҳужум чизиғидан кўнг­лим тўқ. Осиё чемпионатида 3 нафар ҳужумчи билан ўйнадик. Мен фақат терма жамоада ишлаяпман ва бор эътиборимни селекция жараёнига қаратаман. Масалан, Самарқанднинг «Динамо» жамоасида мавсумни деярли асосий таркибда ўтказган Фирдавс Абдусалимовни олайлик. Бу футболчини анчадан бери кузатиб келаётгандим. Осиё чемпионатида ишончимизни оқлади. Бундай истеъдодлар етарли. Фақат уларни ўз вақтида кашф этиш керак.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:30, 10.11.2014.
Ўқилди: 3712 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.